10:30 / 03.08.2022
1815

Навоийда божхоначилар 6 ойда қарийб 4,5 млрд сўмлик ноқонуний товарларни ушлаб қолди 

2022 йилнинг январ-июн ойларида вилоятда божхона ходимлари томонидан 377 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган ҳамда 4 млрд 466 млн сўмлик товар-моддий бойликлар ушлаб қолинган. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бошқарма томонидан 2022 йилнинг январ-июн ойларида 612,6 млрд сўмлик божхона тўловлари ундирилган. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 490 млрд сўм имтиёзлар берилган. Имтиёз асосан транспорт воситалари ва унинг эҳтиёт қисмлари, металл ва металл буюмлар, кимё саноати маҳсулотларига қўлланган.

Ўтган 6 ойда вилоятдан 20 га яқин чет давлатга 264 млн долларлик товарлар экспорт қилинган. Экспортга йўналтирилган товарларнинг асосий қисмини табиий қазилмалар, металлар ва улардан тайёрланган буюмлар, тўқимачилик маҳсулотлари ташкил қилмоқда.

Шунингдек, январ-июн ойларида божхона ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 15 та ҳолатда 564,3 грамм миқдордаги гиёҳванд модда айланмасига чек қўйилган.

Top