18:36 / 05.08.2022
20711

Баҳовуддин Нақшбанд Ҳаж сафарига кетишдан аввал шогирдларига нега 20 та товоқ олишни буюрарди? “Заковат”нинг навбатдаги сонидан репортаж

Бекободликлар ёқтирмайдиган ва Таиландда кўплаб автоҳалокатларга сабаб бўлган нарса нима? Туркиядаги Андарун мактаби ходимлари нега мактабга қабул қилинган болаларнинг сочини кал қилиб олган? – “Заковат” телеўйини ёзги мавсумининг тўртинчи ўйинида Фаррух Рафиқов жамоаси иштирок этди.

Фото: Заковат

Жамоа аъзолари (чапдан ўнгга):

  • Равшан Исмоилов - UzTelecom акциядорлик жамияти мутахассиси (чапдан ўнгга);
  • Азизбек Абдуллаев - мустақил тадқиқотчи;
  • Фаррух Рафиқов - муҳандис-лойиҳачи (жамоа сардори);
  • Саидкамол Абдураззоқов - менежер; 
  • Шавкат Улуғов - муҳандис-технолог.
  • Умархон Шариф - муҳандис.

Фаррух Рафиқов жамоаси 2022 йилнинг ёзги мавсуми тўртинчи ўйинида иштирок этди. Жамоа мавсумда қатнашаётган энг тажрибалиларидан бири бўлса ҳам финалга чиқишда ҳар сафар омад етишмай қоляпти. Жамоа бу мавсумда финалга чиқиш учун камида 6:4 ҳисобида ғалаба қозониши керак бўлади.

1-раундда Баҳовуддин Нақшбанд Ҳаж сафарига кетишда нега шогирдларига йигирмата товоқ олишни буюргани ҳақида савол ўйналди. Жамоа муҳокама давомида тўғри йўналиш олган бўлса-да, бироқ тўғри жавобга етиб бора олмади. Ҳисоб – 0:1.

2-раундда кўчманчи халқлар ишлатадиган жиҳоз ҳақида савол ўйналди. Бу раундда Умархон Шариф тўғри вариантни айтган бўлса-да, жамоани ўз фикрига ишонтира олмади. Натижада бу раунд ҳам қўлдан бой берилди. Ҳисоб – 0:2.

3-раунд саволи “Уч мушкетёр” романида мушкетёрларнинг жангга тайёргарлик кўриши ҳақида бўлди. Бу савол жамоага бироз қийинлик қилди. Шунга кўра, муҳокама вақтида умуман тўғри вариант бўлмади. Ҳисоб йирик кўриниш олди – 0:3.

Навбатдаги раунд саволи Lego ўйинчоқларидан ясалган турли асарларга ўхшатмалар ҳақида бўлди. Блицнинг биринчи ва иккинчи саволини осонлик билан топган жамоа 3-саволга келиб қийналиб қолди. Шу сабабли, блицнинг 3-саволига клуб ёрдами олинди. Ёрдам ўз вақтида олинди ва билимдонлар ўзларининг илк очколарини қўлга киритди. Ҳисоб – 1:3.

5-раундда бекободликлар ёқтирмайдиган ва Таиландда кўплаб автоҳалокатларга сабаб бўлган нарса сандиқчада олиб чиқилди ва унинг нималигини топиш сўралди. Муҳокамани тўғри йўналишда олиб борган жамоа якунда саволга ҳам тўғри жавоб бера олди. Ҳисоб эса қисқарди – 2:3.

Кейинги раундда ҳарбий мақсадда ишлатиладиган УАЗ-469 автомобили ҳақида савол ўйналди. Ўйиндаги қийин саволлардан яна бири бу сафар ҳам телетомошабинларга очко келтирди. Ҳисоб – 2:4.

7-раунд саволи билимдонларга қулай келди. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси чоп этилишидаги муаммо ҳақидаги савол жамоага навбатдаги очкони олиб келди. Ҳисоб яна қисқарди – 3:4.

Ўйин қизғин паллага кириб бормоқда! Билимдонлар агар финалга чиқишни хоҳлашса, энди очко йўқотишга ҳақлари йўқ.

8-раундда Амир Темур даврида Самарқанддаги Кўксарой қалъаси нега қаттиқ қўриқлангани ҳақида савол ўйналди. Ушбу савол ҳам анчагина оғир вазнли бўлиб чиқди ва билимдонлар тўғри вариантга етиб бора олмади. Ҳисоб – 3:5.

Энди жамоа фақатгина бор-барака ўйинида ютиб финалга йўл олиши мумкин. Финалга чиқиш вазифаси янада оғирлашди.

Кейинги раунд саволи норвег ёзувчиси Ю Несбё асаридаги бир қўрқинчли жараёнга берилган таъриф ҳақида бўлди. “Заковат”нинг энг тажрибали билимдонларидан бири Саидкамол Абдураззоқов мазкур саволда яхши ўйин кўрсатиб, жамоага муҳим очкони келтирди. Ҳисоб – 4:5.

Бор-барака ўйинида қатнаша олиш учун жамоа яна бир саволга тўғри жавоб бериши лозим.

10-раунд саволи Туркиядаги олимлар тайёрлайдиган Андарун мактаби ҳақида бўлди. Афсуски, билимдонларда тўғри вариант бўлмади ва ушбу савол ўйиндаги охиргиси бўлиб қолди. Ҳисоб – 4:6.

Аламли мағлубиятга учраган жамоа финал йўлланмасини қўлдан бой бериш билан бирга ўзининг кузги мавсумдаги иштирокини ҳам сўроқ остида қолдирди.

Ёзги мавсумда қатнашмаган фақат Аббос Салайдинов жамоаси қолди. Ушбу жамоа ўйинидан кейин мавсум финалида ким қатнашиши аниқ бўлади.

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

1️ -раунд. Савол муаллифи - Ҳулкар Туробова, Бухоро шаҳри

Бошловчи: Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд Ҳаж сафарига кетишда ўзлари билан йигирмата товоқ олишни шогирдларига буюрадилар. Шогирдлар "нега?" деб сўрашганида, ҳазрат "йўлда биласизлар" деган жавобни қиладилар.

Диққат савол: Йўлда йигирмата товоқ нима ишда керак бўлган?

Жавобни Саидкамол Абдураззоқов беради: Бизнинг фикримизча, йўл узоқ, тунда намликни йиғиш баҳонасида шу товоқларга сув йиғишган деб ўйлаяпмиз. Ҳаво нам вақтида ва ўсимликларнинг олдига қўйиб қўйишган.

Тўғри жавоб: Йўлда сувга эҳтиёж пайдо бўлганда қудуқ қазиб сув чиқариш зарур бўлади. Сувни захира қилиб яна йўлга тушилади. Карвон ичида доим бир нечта қудуқ қазувчилар бўлган. Сув захираси тугаётганда улар бу ишни амалга оширишган. Сувни топиш учун товоқлар ҳар жойга оғзини ерга қаратиб кўмиб чиқилади. Қаерда сув тўпланса, яъни товоқнинг ости нам бўлиб қолса, айнан шу ерда сув борлигини билишган ва қудуқ қазишган.

Ҳисоб: 0️ - 1️

Савол муаллифи Ҳулкар Туробова 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

2-раунд. Савол муаллифи: Бегзод Ортиқов, Иштихон тумани

Бошловчи: Марҳамат, экранга қаранг!

Бу буюмни кўчманчилар ва чўпонлар ишлатишган.

Диққат савол: Нима учун ишлатишган?

Жавобни Равшан Исмоилов беради: Кўчманчилар ва чўпонлар бу нарсани отнинг эгарига боғлаб қўйиб гўшт сақлашган.

Тўғри жавоб: Отлиқлар унинг ичига йўлда зарур бўлувчи коса ва пиёлалар солиб юришган.

Ҳисоб: 0 - 2

Савол муаллифи Бегзод Ортиқов 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

3-раунд. Савол муаллифи: Шаҳзод Тожиев, Гулистон шаҳри

Бошловчи: Дюманинг "Уч мушкетёр" романида мушкетёрларнинг жангга тайёргарлик кўриши ҳақида ёзилган. Уларни икки хил ҳолатда ўргатишар экан. Биринчи ҳолатда қиличдан бўш турган қўл жангчининг орқасида туради.

Иккинчи ҳолат бор. Иккинчи ҳолатда қиличдан холи қўл ёнга кўтарилган бўлади.

Бу усулнинг ҳам ўз сабаби бор.

Диққат савол: Қандай сабаб туфайли мушкетёрлар ушбу ҳолатда жанг қилишган?

Жавобни Равшан Исмоилов беради: Биринчи ҳолатда ерда турган ҳолда жанг қилиш, иккинчи ҳолатда от устида жанг қилиш учун.

Тўғри жавоб: Улар кундузи жанг қилганда биринчи ҳолатда туришади. Иккинчи ҳолатда эса қоронғида жанг қилишга тўғри келганда, бўш қўлда чироқ ушлаб туришади.

Ҳисоб: 0 - 3

Савол муаллифи Шаҳзод Тожиев 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

4-раунд. Блиц. Блиц саволлари муаллифи - Шаҳзод Абдуҳалимов

Мавзу: Lego томонидан ясалган бошқотирмалар

1-савол:

Бошловчи: Ёшликни бир эслайсизлар. Диққат биринчи бошқотирма.

Диққат савол: Айтинг-чи, қайси эртак ушбу сурат ортида беркитилган?

Жавобни Азизбек Абдуллаев беради: Гулливернинг ғаройиб саргузаштлари.

Тўғри жавоб: Гулливернинг саргузаштлари.

2-савол:

Бошловчи: Иккинчи бошқотирмани кўрсатинг.

Диққат савол: Ушбу расмда қайси эртак учун чиқарилган бошқотирма бор?

Жавобни Умархон Шариф беради: Қуён ва тошбақа эртаги.

Тўғри жавоб: Қуён ва тошбақа ҳақидаги эртак эди.

3-савол:

Бошловчи: Расмга эътибор қаратинглар!

Диққат савол: Қайси эртак назарда тутилган?

Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланди.

Жавобни Умархон Шариф беради: Питер Пен

Тўғри жавоб: Питер Пен

Ҳисоб: 1 - 3

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

5-раунд. Савол муаллифи: Шоҳрух Тугалов, Ғаллаорол тумани

Бошловчи: Марҳамат, "Заковат сандиқчаси" олиб чиқилсин.

Кўпчилик сандиқчадагини урфдан қолган, деб ўйлайди. У урфда бўлганми, бўлмаганми бекободликлар Уни ёқтиришмайди. Таиландда дастлабки автомобиллар қатнови бошланганда У туфайли кўп автоҳалокатлар рўй бергани айтилади.

Диққат савол: Унинг нималигини ва сандиқчада нима борлигини топинг.

Жавобни Фаррух Рафиқов беради: Бекободда Қўқон сингари шамоллар кўп бўлади. Улар ёқтирмайдиган нарса шамолга ўхшаш нарсадир. Кўп автоҳалокатларга сабаб бўлган нарса бирор бир бош кийим бўлиши мумкин. Сандиқча ичида бош кийим, шляпа бор.

Тўғри жавоб: У шамолни ёқтирмайди, тез-тез қўзғалиб туради, учиб кетади. Таиландда автомобил ҳайдовчилар уни бошларидан ечиб ҳайдашгандан кейин ҳалокатлар камайган. Сандиқча ичида шляпа бор эди.

Ҳисоб: 2 - 3

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

6-раунд. Савол муаллифи - Раж Диёров, Чироқчи тумани

Бошловчи: Марҳамат, экранга қаранг!

Сиз экранда кўриб турган машина модели УАЗ 469. Унинг ички кўриниши берилмоқда. Кўриб турганингиздек, бу машинанинг негадир иккита рули бор. Чап томондагиси автомобилни бошқариш учун бўлса, иккинчи рулнинг бошқа вазифаси бўлган.

Диққат савол: Айтинг-чи, ўнг томонда ким ўтирган?

Жавобни Шавкат Улуғов беради: Бу автомобилни ерда ҳам, сувда ҳам ҳаракатланадиган автомобил деб ўйладик. Ўнг томонида ўтирадиган инсон сувга тушганда уни бошқаради.

Тўғри жавоб: Дастлаб машина ҳарбийлар учун ишлаб чиқарилган. Автомобил олд қисмида мина изловчи мослама бор. Иккинчи рулни сапёр бошқаради. Минанинг жаранги эшитилиши билан у автомобилни тўхтатади. Кейин сапёрлар келиб уни тозалашади.

Ҳисоб: 2 - 4

Савол муаллифи Раж Диёров 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

7-раунд. Савол муаллифи Абдулазиз Нормўминов, Кўкдала тумани

Бошловчи: Маҳмудхўжа Беҳбудий "Падаркуш" драмасини 1911-йилда ёзиб тугатган. Орадан 1 йилча вақт ўтиб, уни китоб ҳолида босиб чиқармоқчи бўлади. Бунга Чор Россияси мустабидлари йўл қўйишмайди. Бир рус ношири келиб: "Мен босиб чиқараман. Фақат сўзбоши қилиб китобни Унинг юбилейига бағишлашимиз керак" дейди. У рози бўлади ва китоб босиб чиқарилади.

Диққат савол: Аниқ қандай номни ишлатиб чоп этмоқчи бўлишган?

Жавобни Фаррух Рафиқов беради: Рус ношири уни Бородино жанги юбилейига бағишлаган.

Тўғри жавоб: Китобга у рус тилида "Руссиянинг Бородино жангида эришган ғалабасининг 100 йиллигига бағишланади" деб ёзмоқчи бўлган.

Ҳисоб: 3 - 4

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

8-раунд. Савол муаллифи - Дўстмурод Назаров, Сариосиё тумани

Бошловчи: Руи Гонсалес де Клавихо Самарқандда бўлган вақтида Кўксарой қалъасининг атрофи ўраб олиниб, қаттиқ қўриқланаётганини ёзади. Қаср атрофи сув оқиб турадиган хандақ билан ҳамда кучайтирилган қўриқчилар кузатувида бўлган деб ёзиб кетган.

Диққат савол: Нега бу қаср қаттиқ қўриқланган?

Жавобни Фаррух Рафиқов беради: Амир Темур саройи бўлган бу Кўксарой. Амир Темур урушга кетган вақтида аёли ва фарзандлари қолгани учун қаттиқ қўриқланган.

Тўғри жавоб: Кўксарой ичида Соҳибқирон армияси учун қурол ишлаб чиқарилган.

Ҳисоб: 3 - 5

Савол муаллифи Дўстмурод Назаров 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

9-раунд. Савол муаллифи - Феруз Усмонов, Миробод тумани

Бошловчи: Норвегиялик замонавий ёзувчи Ю Несбёнинг "Кўршапалак" романидан олинган бу парча. Асар қаҳрамони бир жараёнга таъриф беради. Бутун танам гўё ўлаётгандай ташвишга тушиб, танадаги ҳар бир туйғу тирик қолишга ечим қидиради. Миянг компютерга айланиб, барчасини назоратда ушлаб туради. Ўлим қўрқувини енга олсанг, тахминан қирқ сонияда бутун умрингни яшаб ўтасан.

Диққат савол: Бу жараённи учта сўз билан айтинг.

Жавобни Саидкамол Абдураззоқов беради: Парашют билан сакраш.

Тўғри жавоб: Парашютдан биринчи сакраш.

Ҳисоб: 4 - 5

Билимдонлар жамоаси 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

10-раунд. Савол муаллифи - Дилафруз Рўзимова, Ҳазорасп тумани

Бошловчи: Турклар миллат билимли инсонлар қўлида эканлигини бир неча асрлар аввал билишган. Иқтидорли болаларни ахтариб, мактабларга жалб қила бошлашган. Олимлар тайёрлайдиган Андарун мактаб ўқитувчилари шаҳар қишлоқлар бўйлаб қобилиятли болаларни ахтаришар эди. Болани имтиҳон қилишгач, маъқул келса, сочини таги билан олиб ташлашган.

Диққат савол: Бу ишни нима мақсадда қилишган?

Жавобни Равшан Исмоилов беради: Имтиҳон қилгандан сўнг, ўзларига маъқул бўлган инсонга, буни имтиҳон қилиб бўлдик деган мақсадда белги сифатида қўйиб кетишган.

Тўғри жавоб: Олимлар тайёрлайдиган Андарун мактаблари бир умр илмга ўзини бағишлайдиган мактаб. Ёш болалар ўйинқароқ бўлишади. Танасини тиббий кўрикдан ўтказиб, сочини олиб ташлаб, бошини ҳам текширишган. Бирор жойида ёриқ, қашқа йўқми, деб текширишган. Боши зарба еган бўлса, ундай болалар илм ишига ярамайди деб ҳисоблашган ва уни олишмаган.

Ҳисоб: 4 - 6

Савол муаллифи Дилафруз Рўзимова 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи - Шаҳзод Тожиев

Мушкетёрлар ҳақидаги саволи учун 5 млн сўм пул мукофотига эга бўлди.

Ўйиннинг энг фаол билимдони - Фаррух Рафиқов

Фаррух Рафиқов 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Top