08:48 / 05.08.2022
8963

Эстония ҳукумати барча совет ёдгорликларини жамоат жойларидан олиб ташлашга қарор қилди

Эстония ҳукумати барча совет ёдгорликларини жамоат жойларидан олиб ташлашга қарор қилди. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда уларнинг сони 200 тадан 400 тагачани ташкил этади. Т-34 танкини Нарвадан олиб чиқишда алоҳида муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

Фото: brusselstime.com

Эстония ҳукумати «имкон қадар тезроқ» барча совет ёдгорликларини жамоат жойларидан олиб ташлашга қарор қилди. Бу ҳақдаги қарор 4 июль, пайшанба куни ҳукумат йиғилишида қабул қилинди, деб хабар беради «Интерфакс».

«Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида биз босқинчи давлат рамзлари туширилган ёдгорликларни жамоат жойларидан олиб ташлашни қандай давом эттиришни батафсил муҳокама қилдик. Ҳисоб-китобларга кўра, Эстонияда уларнинг сони 200 тадан 400 тагача. Асосий қарор қабул қилинди - қизил ёдгорликларни жамоат жойларидан олиб ташлаш керак ва биз буни имкон қадар тезроқ амалга оширамиз», дея Эстония бош вазири Кая Калласнинг учрашувдан кейинги матбуот анжуманида айтган сўзларидан иқтибос келтирди агентлик. 

Калласнинг аниқлик киритишича, «аниқ вақт ва тартиб маҳаллий ҳокимиятларнинг тайёргарлиги ҳамда моддий-техник таъминотига боғлиқ», чунки ёдгорликлар уларга тегишли. 

Каллас Россия билан чегарада жойлашган ва русийзабон аҳолининг 90 фоиздан ортиғи истиқомат қилувчи Нарва шаҳридаги Т-34 танки ёдгорлигига алоҳида эътибор қаратди. Эстония бош вазири унинг демонтаж қилиниши жамиятда кескинликни келтириб чиқариши мумкинлигини истисно этмади, чунки кўплаб маҳаллий аҳоли бунга қарши. Шунинг учун ҳукумат ушбу операцияни амалга ошириш учун «масъулиятни ўз зиммасига олиши» керак, деди Каллас. 

Чоршанба ва 4 август, пайшанбага ўтар кечаси ёдгорлик атрофида ўнлаб одамларни кўришган. Полиция маълумотларига кўра, улар ўзларини ҳозирча хотиржам тутишган. 

Эстония ТИВ раҳбари Урмас Рейнсалу «танк бир ой ичида олиб ташланиши керак»лигини, агар керак бўлса, бунинг учун парламентнинг навбатдан ташқари йиғилишини чақириш лозимлигини маълум қилди. У 2007 йилда Таллинни фашистлардан озод қилган жангчи «Бронза аскар» ҳайкалини кўчиришда мамлакатнинг русийзабон аҳолиси оммавий норозиликка чиққанини эслади. Ўшанда тартибсизликлар келиб чиқиши натижасида бир киши ҳалок бўлган. Рейнсалу сўзларига кўра, агар ҳукумат Нарвадаги Т-34 танки билан боғлиқ можаронинг чўзилиб кетишига йўл қўйса, бу худди шундай оқибатларга олиб келиши мумкин. 
 
28 июль куни Эстония ҳукумати ўз фармони билан РФ фуқароларига вақтинчалик яшаш ва ўқиш визалари беришни тақиқлади. Урмас Рейнсалу бу чораларни Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлигини тўхтатиш учун унга «тўхтовсиз босим ўтказиш» зарурати билан изоҳлади. «Бу ўз хавфсизлигимизга ижобий таъсир қилади», — дея қўшимча қилди Эстония ТИВ раҳбари. 

Июнь ойида Кая Каллас НАТОдан Латвия, Литва ва Эстонияга Россиянинг эҳтимолий босқинидан ҳимоя қилиш учун 20 000 дан 25 000 гача альянс аскарларини юборишни сўради. Бундан бироз вақт олдин, РФ элчиси Путиннинг Нарванинг «қайтарилиши» ҳақидаги сўзлари туфайли Эстония ТИВга чақирилган эди. 

Top