08:21 / 12.08.2022
12813

Ҳайдовчилар орасида махсус «визитка»лар тарқалди. ЙҲХХ улар сохта эканини маълум қилди

Ижтимоий тармоқларда ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи Олим Саидов фотосурати ҳамда унга тегишлилиги айтилган "визитка" кўриниши эълон қилинди. 

Фото: ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабарига кўра, мазкур "визитка" билан боғлиқ ҳолат жорий йилда ЙПХ ходими томонидан аниқланган ва тегишли тартибда билдирги орқали маълум қилинган.

Ходим билдиргиси асосида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 1996 йилда туғилган С.О.га нисбатан Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисми "б" банди (Такроран фирибгарлик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Билдирилишича, суратда акс этган "визитка" сохта бўлиб, ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи Олим Саидовга тегишли эмас.

“Ташриф қоғози ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслигини ва ҳеч кимга муайян ҳуқуқ ҳамда имтиёз бермаслигини маълум қиламиз. Агарда "визитка" билан боғлиқ ҳолатга дуч келсангиз 102 рақамига ёки ИИВ ЖХД ЙҲХХнинг (71) 267-60-10 рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беришингизни сўраймиз.

Айрим ижтимоий тармоқ обуначиларидан асослантирилмаган, аниқлик киритилмаган маълумотларни турли ноўрин изоҳлар билан омма эътиборига тарқатмасликни сўраймиз. Шахс қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтамиз”, дейилади расмий хабарда.

Top