14:01 / 23.08.2022
4723

Чорак аср сўнмаган олов – Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг 25 йиллиги нишонланди

1993 йилда қурилиши бошланиб, 1997 йилда фойдаланишга топширилган заводда ўтган 25 йил мобайнида 41 млн тоннадан ортиқ углеводород хомашёси қайта ишланган. Завод ташкил этилганида 7 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда уларнинг тури 20дан ошди.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг 25 йиллиги муносабати билан Бухоро шаҳридаги Ёшлар маркази биносида тантанали тадбир ташкил этилди. Тадбир “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг байрам табриги билан очиб берилди. Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, тегишли вазирлик вакиллари, соҳа фидойилари иштирок этишди. Сўзга чиққанлар заводда эришилган ютуқларни, ишчи-ходимларнинг фидокорона меҳнатини эътироф этишди. 

Таъкидланишича, 1997 йил 22 августда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг биринчи навбати ишга туширилган. Заводни лойиҳалаштириш ва қуриш «TECHNIP» консорциуми иштирокида амалга оширилган ҳамда қуриш жараёнида углеводородларни қайта ишлаш соҳасида фан ва техниканинг энг замонавий ютуқларидан фойдаланилган. 

Заводда турли маркадаги мотор бензинлари (AИ 91, 92, 95, QuWatt 95, 98 ва 80), ЖЕТ A-1 авиация ёқилғиси, ТДЛ (ёзги), ЭКО Л (ёзги), ЭКО З (қишки), Евро К4 ва К5 турдаги дизел ёқилғилари, ТДУ (оғирлаштирилган), М100 ва М40 маркали қозонхона мойи, пиролизли газолин, пропан хладогенти, суюлтирилган нефт гази, С4-135/220 углеводород эритгичи, техник олтингугурт каби нефт маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Сўнгги йилларда заводда ЎзКФИТИ билан ҳамкорликда хлорли газларни ютиб қолувчи маҳаллий Ўз-АД-1 адсорбенти, “Фан ва тараққиёт” ДУК билан ҳамкорликда кимёвий реагент – “Деэмулгатор” олиш технологияси каби қатор лойиҳалар йўлга қўйилди. Шунингдек, 2020-2021 йилларда заводда янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш дастури доирасида Евро-4,5 тоифасидаги дизел ёқилғиси, АИ-95 “QuWatt” маркасидаги янги автомобил бензини, техник суюқ кислород ҳамда Ўзбекистон тарихида илк маротаба АИ-98 маркали юқори октанли автомобил бензин ишлаб чиқарила бошланди.

“Ўзбекнефтгаз” AЖ топшириғига асосан Бухоро НҚИЗда бугунги кунда умумий майдони 15,75 гектар бўлган қуйиш-тўкиш эстакадасини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур ҳудудда сиғимлар парки, инфратузилмаси, кўпикли ёнғин ўчириш тизимини қуриш ва тиклаш, темирйўл релсларини ётқизиш ишлари давом эттириляпти.

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 7 ойи мобайнида Бухоро НҚИЗда 542 763 тонна турли маркадаги бензин, 61 057 тонна авиация ёқилғиси, 153 454 тонна дизел ёқилғиси, 8 510 тонна суюлтирилган нефт гази, 11 492 тонна С4-135/220 углеводород эритгичи ишлаб чиқарилган.

22 август Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишга туширилган сана. Бунга 25 йил бўлди. Бу давр мобайнида бутун республикани нефт маҳсулотлари билан таъминлаш бизнинг зиммамизда турган вазифа бўлди ва бугунги кунда ҳам ёқилғи-энергетика комплексига Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Айниқса, охирги 5 йилда катта ютуқларга эришилди. Ўзбекистон тарихида илк маротаба юқори октанли АИ-98 маркали бензин, 2020 йилда эса экологик тоза Евро К4 ва К5 турдаги дизел ёқилғилари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди”, — дейди Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи директорининг биринчи ўринбосари – бош инженер Бахтиёр Мустафоев. 

Тантанали тадбирда завод ишчи-ходимларидан бир гуруҳи вилоят ҳокимлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, шунингдек, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тақдирланишди.

 

Руслан Сабуров,  Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Муҳиддин Нидо. 

Мавзуга оид
Top