18:36 / 09.09.2022
20725

Тожикистондаги музликлар эриб кетишининг олдини олиш мумкинлиги маълум қилинди

Тожикистонлик профессор Абдулҳамид Қаюмов сув ҳавзалари ва ўрмонзорлар барпо этиш орқали ўртача ҳароратни 5 даражага туширишга муваффақ бўлинган Вахш тажрибасидан фойдаланишни таклиф қилди.

Тожикистондаги Федченко музлиги. Фото: loter.pl

Сув ҳавзаларини барпо этиш ва дарахтлар ўтқазиш глобал исиш жараёнининг Помир тоғларидаги музликларга таъсирини бартараф этиши мумкин, дея Тожикистон фанлар академиясининг музликларни ўрганиш маркази директори, профессор Абдулҳамид Қаюмовнинг сўзларини келтирмоқда sputnik.tj.

Тожикистонлик олим ўртача ҳароратни Целсий шкаласи бўйича 5 даражага камайтиришга муваффақ бўлинган Вахш тумани тажрибасига эътибор қаратишни сўраган.

Вахш дарёси водийси. Фото: userapi.com

«Сув омбори барпо этилаётганда 80–100 км радиусда ҳаво ҳарорати салқинлашади. Масалан, Вахш тумани илгари чўллардагидек иссиқ ҳаволи ҳудуд эди. Совет даврида у ерлар ўзлаштирила бошланди, суғориш ишлари олиб борилгач, ҳарорат 3–5 даражага тушди», — деган Қаюмов «Садои Мардум» нашрига берган интервьюсида.

Олимнинг қўшимча қилишича, айни пайтда бундай ишлар билан икки давлат — Италия ва Тожикистон шуғулланмоқда ва ўрмонзорлар барпо этиб, дарахтлар ўтқазиш борасида республикада олиб борилаётган сиёсат ҳам шу мақсадга эришишга қаратилган.

Помирдаги музликлар. Фото: id.page

Тожикистонлик профессор суғориладиган майдонларни кенгайтириш ҳам ҳароратни туширишнинг бир усули деб ҳисоблайди.

Қандай музликлар кўпроқ хавф солади деган саволга профессор Қаюмов юзаси бир квадрат километрдан кичик бўлганлари глобал исиш жараёни олдида ожиз эканини таъкидлаган.

«Бундай музликлар сони умумий ҳисобда 80 фоизни ташкил этади, лекин ҳажм борасида 15 фоиз улушга эга. Улардан сув манбаси бўлган булоқлар, дарёлар тўйинади. Табиийки, уларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфи жуда юқори», — дея хавотирини билдирган профессор.

Унинг сўзларига кўра, Шарқий Помир музликлари Зарафшон ва Варзоб дарёларининг юқори оқимларига нисбатан глобал исиш жараёнига кўпроқ чидамли. Шарқий Помирда қишда ёғадиган қор қалинлиги 1,5–2 метрга, айрим жойларда 3 метрга етса, Ғарбий Помирда бу кўрсаткич бор-йўғи 15–20 сантиметрни ташкил этмоқда.

 Варзоб дарёсининг юқори оқими. Фото: oir.mobi

Тожикистондаги музликларнинг эриб битиши бутун минтақага ўзининг салбий таъсирини ўтказиши мумкин. Чунки ушбу музликлар Марказий Осиё минтақасидаги асосий сув манбаларидан бири ҳисобланади.

Top