21:17 / 10.09.2022
19954

Танқидий изоҳлар сабабли ўчирилган пост ёхуд “чиновник”лар ва оддий халқ  ўртасидаги жарлик ҳақида

5 сентябр куни Танзила Норбоеванинг Facebook’даги саҳифасида эълон қилинган пост истеҳзоли изоҳлар ёмғирига дучор бўлди, шу сабабми, кўп ўтмай у пост ўчирилди. Ушбу воқеага эътибор қаратган Kun.uz мухбири ўзбек мансабдорлари ва оддий халқ ўртасидаги “жарлик” хусусида журналист Санжар Саид ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Аслиддин Камоловлар билан суҳбатлашди.

“Амалдорлар ҳаётдан узилиб қолган”

– Санжар, Танзила Норбоеванинг постига сиз ҳам муносабат билдирган эдингиз. Айни пайтда ижтимоий тармоқдан ўчириб юборилган постнинг нимаси ғайритабиий туюлди?

Санжар Саид, журналист ва Жамоатчилик билан алоқалар (PR) бўйича мутахассис:

– Ғайритабиий туюлган нарса – постдаги нотабиийлик ва воқеликдан, реалликдан узоқлик. Сабаби пост жудаям ҳиссиётларга берилиб, пафос билан ёзилган. Ёзгандимки, «дафтар-китоб кўтарган ўқувчи-ёшларни кўрдим», дебсиз, ҳозиргилар дафтар-китобни қўлда кўтариб юрмайди», дея матнга эътироз билдирган эдим.

Мен бу матнни ким ёзиб беришини билмайман, аммо у воқеликдан йироқ одам. Буни Норбоеванинг ўзи ёзган деб ҳисобламайман. PR билан шуғулланадиган мутахассислар буни ёзган. Бу ерда сиёсий эҳтиёткорлик бўлиши ҳам мумкин. Буни тез-тез кузатаман. Мисол учун, Сенат раисининг охирги постларидан бирида хотин-қизлар масаласига бағишланган халқаро тадбир иштирокчиларига президент матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёевнинг табригини ўқиб эшиттиргани ҳақида гап кетади.

Санжар Саид Фото: Facebook/Санжар Саид

Танзила Норбоева Ўзбекистондаги воқеликка бевосита таъсир ўтказа оладиган ва унинг оқимини буриб юборишга қодир бўлган муҳим амалдорлардан бири. Лекин Танзила Норбоеванинг жамоатчилик билан алоқалари ёки ижтимоий тармоқларда қолдираётган постлари асосан тадбир ва мажлисларнинг эълонларидан иборат.

– Яъни шахсий фикрлар эмас. Чет элдаги сиёсатчиларни кузатадиган бўлсак, асосан шахсий фикрини беради...

– Тўғри, хориждаги сиёсатчилар воқеа-ҳодисаларга муносабатини беради. Яъни одамлар энг кўп муҳокама қилаётган, эътироз билдираётган ёки шов-шув бўлган воқеа-ҳодисаларга муносабатини билдиради. Лекин Сенат раисининг саҳифаларида бу нарсани учратмайсиз. Авваллари яхшироқ ёритар ва халққа яқиндек кўринарди. 5 сентябрдаги постга қилинган эътирозлар матннинг тузилиши ёки жузъий камчиликларга эмас, балки нега шунча муаммо бўлиб туриб, бошқа нарсани ёритяпсан деган эътирозлардан иборат.

– Юқорида ўзбек амалдорлари халқдан узоқлашиб қолгандек кўринади дедингиз. Танзила Норбоева ушбу постни улашган пайтда ота-оналар дарсликлар қимматлашганини қизғин муҳокама қилаётган эди. Мамлакатдаги расман иккинчи шахс ҳисобланган Сенат раиси бунга ҳеч қандай муносабат билдирмади. Четдан қараганда амалдорларимиз яшаётган дунё бошқа бир реаллик, фуқаролар яшаётган дунё бошқа бир реалликдек тасаввур уйғотади.

– Шундай, ёзган изоҳимда ҳам сиз айтган ҳолатга ишора қилгандим. Яъни постда дафтар-китоб ўқиётган ўқувчилар дейиляпти. Ваҳоланки, бугун биринчи ўқув куни, улар ҳали дарсликларни қўлига олгани йўқ. Уларда фақат дафтар кўтарган бўлиши мумкин деб эътироз ҳам билдиргандим.

– Яна изоҳингизда йўллардаги тирбандликни кўрдингизми дея изоҳ қолдиргансиз. Яъни ўша куни барча ўқув муассасаларида ўқув жараёнлари бошланган. Ҳамма йўлда тирбандликлар кузатилган. Ўзим ҳам ярим соатлик йўлни бир соатдан ошиқроқ вақт мобайнида босиб ўтдим. Шу кўпчилик қатори сизнинг ҳам эътиборингизни тортибди.

Аслиддин Камолов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси:

– Буни бекорга сўрамадим. Сабаби 4 сентябр куни Бухородан Тошкентга қараб машинада йўлга чиқдим. Тўрт кун аввалдан билет ишлашга тушганман. Ваҳоланки, 4 кун олдин бир ҳафталик поездларга билетлар йўқ. Автобусларда ҳам, самолётларда ҳам билет йўқ.

Москвада яшаганман. Агар сиз у ердан 8:10 да поездга чиқишингиз керак бўлса, соат саккизда келиб, бемалол 5-10 дақиқада билет сотиб олиб, йўлга чиқиб кетишингиз мумкин. У ерда бир неча кун олдин билет сотиб олиб йўлга чиқиш деган нарса йўқ. Лекин бизда шу нарса бор. Бу биринчидан.

Иккинчидан, вилоятлараро қатновчи таксиларнинг йўлкира нархлари икки баробар қиммат бўлиб кетган. Чунки ўша кунлар ҳамма Тошкентга қараб йўлга чиққанди. Самарқанддан Тошкентга бўлган масофада тирбандлик. Республиканинг ҳамма машиналари худди Тошкентга қараб юрганга ўхшайди. Бу норозиликка сабаб бўлиши табиий. Сабаби бу – ҳукуматнинг йиллар давомида йўл қўйган камчиликларининг оқибати.

Аслиддин Камолов Фото: Facebook/O'zLiDeP Buxoro Shahar Kengashi

Масалан, маҳаллий авиарейсларни оладиган бўлсак. Ўқув йили арафасида талаб ошиб кетишини олдиндан тахмин қилиш мумкин эди. Ўша кунларда вилоятдан биттадан рейс қатнаса Тошкентга, тиғиз пайтларда икки-учтагача ҳам кўпайтириш мумкин эди. Лекин бундай ишлар қилинмаган. Рейслар одатий тарзда қатнаб турибди.

Ўқув жараёнлари бошланганидан кейин шаҳар кўчаларида доимий тирбандлик ва жамоат транспортининг етишмаслиги кузатилади. Буни ҳамма кўриб турибди, бу ҳақда кимдир гапириши керак. Агар муаммога 24 соат ичида муносабат билдирилса, бу жамоатчиликнинг норозилигини тўхтатади. Бироқ ўша кунларда бирорта амалдорнинг расмий муносабат билдирганини учратмадим. Фақат сенат раиси эмас, бошқа амалдорларнинг лентасида ҳам бу ҳолатга ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.

Норбоеванинг постига изоҳ қолдирганимдан қолдирилаётган изоҳларни кузатиб турдим. Менимча, мана шу саволлар кўпайгани сабабли пост ўчирилган. Сенат раиси ўзини жамоатчилик учун очиқ шахс сифатида тақдим этишга интилади, лекин Телеграмдаги постларига изоҳ қолдириш функциясини ўчириб қўйган.

– Facebook’даги постнинг ўчирилиши сизнингча нимани англатади?

Санжар Саид, журналист ва Жамоатчилик билан алоқалар (PR) бўйича мутахассис:

– Менимча, бу тўлақонли нопрофессионалликдан дарак. Яна бир марта такрорламоқчиман. Бу постларнинг ёзилиши ва эълон қилинишига Танзила Норбоеванинг алоқаси борлигига мен ишонмайман. Яъни ўзи ёзиб, ўзи эълон қилишмайди. Яъни унинг орқасида битта жамоа ишласа, ана шу жамоанинг PR бўйича ҳеч қандай тажрибаси йўқлигидан далолат. Улар хато қилишни эмас, хатога яқинлашишни исташмайди.

Ваҳоланки, хато қилинмаса, одам тўғри йўлни топа олмаслиги мумкин. Иккинчидан, бу журъатсизлик, қўрқоқлик. Бу жамоада ишлайдиган одам адабиётшунос, ҳаттоки журналист ҳам бўлмаслиги керак. У одам ҳақиқий PR мутахассиси бўлиши керак. Улар нима қилишди? Муаммо юзага келганда шартта кўзларини юмишди. Туяқушга ўхшаб, қумга бошларини тиқишди.

– Танқидлар ва истеҳзоларга сабаб бўлган постнинг ўчирилиши Танзила Норбоеванинг танқидларга тоқатсизлигини билдирадими?

– Табиийки шундай. Менимча, изоҳларга кўзи тушиб қолиб, бу нима аҳвол деб уришган бўлса, улар ҳеч нарса бўлмагандек ўчириб қўйишди ва катта хатога йўл қўйишди. Ҳаммаси эсдан чиқиб кетади деб ўйлашди. Қилиниши керак бўлган ишлар орасида энг нотўғриси мага шу – постни ўчириш бўлди.

5 сентярбрь куни пойтахт кўчаларида кузатилган тирбандлик Фото: Kun.uz

– Аслиддин, сиз 5 сентябрь куни кузатилган тирбандлик ҳақида ёзгандингиз. Биз кўрган нарсани амалдорлар кўрмаганлигининг сабаби нимада, сизнингча? Нега муаммоларни жамоатчиликни қийнаётган қийинчиликларни кўришмайди?

Аслиддин Камолов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси:

– Асосий сабаб амалдорларнинг раҳбарлар билан ораси узилиб қолганлигидир. Кўрамиз кўпчилиги кортежларда юришади. Сенат раиси бўладими, Акмал Саидов бўладими, улар махсус машиналар кузатувида, тирбандликларга тушмасдан ҳаракатланади. ЙҲХХ ходимлари уларнинг ўтиб кетишини таъминлайди.

– 5 сентябр куни ишга-ўқишга қандай етиб келдингиз?

– Уйдан чиқиб метрога чиқдим. Метродан кейин таксига чиқаман. Метродаги аҳволни гапирмаса ҳам бўлади. Ташқарига чиқдик, ишхонамнинг ёнида бирор марта тирбандлик кузатилмаган бўлса ҳам, ўша куни тирбанд эди. Нафақат ўша куни, балки ўқиш бошланган кундан бери бизда тирбандлик кузатиляпти. Бу ҳудудда ўқув жараёнлари бошланган вақтда ўтган йили яшамаганман. Бу ерда яшаган одамларнинг айтишича, авваллари тирбандлик кўлама бу даража бўлмаган экан.

Санжар Саид, журналист ва Жамоатчилик билан алоқалар (PR) бўйича мутахассис:

– PR мутахассиси сифатида фикр билдирмоқчи эдим. Ўзбекистонда бу соҳа мутахассисларини тайёрлаш энди-энди йўлга қўйиляпти. Шу нарсага кўпроқ урғу берилиши керак деб ҳисоблайман. Чунки бугунга келиб жамоатчилик билан алоқаларнинг миқёси, кўлами ҳар қачонгидан ҳам кўра кенгайди. Ҳамма бир вақтнинг ўзида журналист, блогер. Фуқаролар аввалгидай пассив кузатувчи эмас, балки ижтимоий фаолларнинг сони анча ошган. Бунинг натижасида одамлар тажовузкор ахборот тарқатувчига айланмоқда. Бундай ҳолатда жамиятдаги муаммоларни PR фани нуқтаи назардан назарий жиҳатдан ўрганиш, тўғри ечимларни топиш талаб этилади.

Кўпинча PR хизматларига журналистлар ишга олинади. Аммо бу тўғримас. Чунки журналистика ва PR бошқа-бошқа соҳалар. Улар бир-бирига қарама-қарши, душманларга ўхшайди аслида. Журналист инқирозли вазиятни вужудга келтиради. Пиарчи уни бартараф этади. Ҳозир PR мутахассислари етишмаётгани сабабли мана шундай муаммолар вужудга келмоқда.

Аслида пиарчини шайтоннинг адвокати дейишади. Танзила Норбоевани қўя туринг, Ўзбекистонда жамоатчилик энг ёмон кўрадиган амалдорларни ҳам оппоқ қилиб кўрсатиш мумкин.

“Постнинг ўчирилишига Сенат матбуот хизматининг алоқаси йўқ”

Олий Мажлис Сенати раисининг матбуот котиби Ҳожиакбар Тўлаганов ижтимоий тармоқда ёзиб қолдирилган постни Танзила Норбоеванинг ўзи ўчиргани, бунга эса интернет фойдалувчиларининг турли-туман изоҳлари сабаб бўлганини билдирди.

– Сенатда иш бошлаганимга ҳали бир ой ҳам бўлмади. Менинг назаримда Сенат ва Сенат раисининг фаолияти қолган давлат идоралари, ташкилотлари ҳамда уларнинг раҳбарлари фаолиятига нисбатан анча очиқ деб ўйлайман. Сенат ахборот хизматига ишга ўтишимга сабаб бўлган омиллардан бири ҳам айнан шу масала.

Постнинг ўчилиши Сенат раисининг танқидларга тоқатсизлигилигини англатадими деган саволингизга қуйидагича жавоб бермоқчиман: эътибор қилган бўлсангиз ушбу пост Сенат раисининг Телеграм ва Инстаграмдаги саҳифаларида турибди, лекин Facebook’даги саҳифаларидан ўчирилган. Постнинг ўчирилишича матбуот хизматининг алоқаси йўқ.

Ҳожиакбар Тўлаганов Фото: Facebook/Ҳожиакбар Тўлаганов

Сенат раиси билан бу масалада гаплашганимизда постга турли хил истеҳзоли фикрлар, турли хил муносабатлар билдирилгани айтиб ўтдилар. тўғри, уларнинг орасида асосли танқидлар ҳам бор, кўриб чиқилиши керак бўлган масалалар ҳам бор. Лекин аксарият қисми асоссиз танқид ва фикрлардан иборат бўлгани учун бу ҳолат яна урчиб, давом этишининг олдини олиш мақсадида Facebook’дан ўчирилди. Бу танқидга тоқатсизлик деб билмайман. Агар шундай бўлганда пост Телеграм ёки Инстаграмдан ҳам ўчирилган бўларди.

– Лекин Телеграмдаги постга кузатувчилар изоҳ қолдира олмайди, бу функция ўчириб қўйилган. Нима учун бу функция ёқилмаган? Нега Facebook’даги асоссиз, носамимий изоҳлар ўчирилиб, адекват фикрлар қолдирилмади?

– Балки ўшандай изоҳларни ўчириб, бошқаларини қолдирган яхшидир. Лекин Сенат раиси ўзлари постни ўчирганлар, назаримда. Кимдир изоҳларни фильтр қилиши ҳам менимча яхши эмас. Ундан кўра уни ўчирган яхши. Чунки бундай вазиятда ижобий изоҳлар қолдириляпти, мана бунақа изоҳлар ўчирилаяпти деган фикрлар юзага келиши мумкин. Шу боис назаримда пост тўлиқ ўчирилган.

– Пост эълон қилинган 5 сентябрь куни Тошкент кўчаларида 10 балли тирбандликлар кузатилганди. Айни ўша кеча-кундузда дарсликлар ижараси нархнинг қарийб 3 баробар оширилгани энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлиб турганди. Лекин Сенат раиси аввалги йиллардан фарқли ўлароқ одамларни қийнаб турган муаммоларга камроқ эътибор бераётгандек. Тирбандлик ва дарсликлар ижараси бўйича ҳам на Сенат раиси ва на бошқа сенаторлар муносабат билдиришмади. Ҳозирги Танзила Норбоева нима учун аввалги йиллардагисига ўхшамаяпти? Бу масалада қандай изоҳ бера оласиз?

– Саволларингиз ўринли. Сенатда фаолият бошлаганимдан бери раис билан деярли ҳар куни юзма-юз учрашаман. Сабаби очиқлик, шаффофлик масалаларига Сенатда эътибор жуда юқори. Илгаридан юқори бўлган, буни ўзингиз ҳам таъкидлаб ўтдингиз.

Кейинги пайтда долзарб масалаларга нима учун кам эътибор бериляпти деган саволингизга келсак, ўтган август ойида Тошкент шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг форуми бўлиб ўтди. Олий Мажлис Сенатори бу тадбирнинг асосий ташкилотчиларидан бири эди.

Бугунги кунда Сенат раисининг кун тартиби жуда тиғиз. Айрим масалаларга қандайдир маънода вақт ажратишга имконият бўлмаётгандир, бу вақт етишмаётгани сабабли деб биламан. Сенат раиси ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимга эътибори анча сусайиб қолди дея бир неча марта таъкидлаб ўтгандилар бунгача ҳам. Олдимизда турган тадбирларимизни ўтказиб бўлганимиздан кейин бу масалага яна жиддий эътибор қаратишларини айтгандилар.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Тасвирчи ва монтаж устаси: Абдуқодир Тўлқинов

Top