20:37 / 11.09.2022
27946

Умидсизлик, очлик ва тартибсизлик. Ҳали ҳам ҳукумат туза олмаётган «Толибон» бошқарувидаги Афғонистонда аҳвол қандай?

Emilio Morenatti / AP / Scanpix / LETA

Ўтган ҳафтада Кобулдаги Россия элчихонасида портлаш рўй берди. Портлаш оқибатида Россиянинг икки дипломати ҳалок бўлди. Бу Афғонистонда «Толибон» ҳокимиятга келгандан кейин юз берган илк теракт эмас. Террористик актлар сони бўйича бугунги Афғонистон олдинги ҳукумат давридан фарқ қилмаяпти. Мамлакатда яшаш шароитлари бир неча бараварга тушиб кетган, миллионлаб аҳолига очлик хавф соляпти, ишсизлик сезиларли даражада ўсган. Ҳали ҳам ҳукумат туза олмаётган «Толибон» эса ички курашлардан ортгани йўқ.

Ҳокимиятдаги бир йил

Кобулдаги президент саройида. 2021 йил 15 август. Фото: Getty Images

2021 йил ёзида бир неча йилдан буён Афғонистон олий ҳокимияти учун курашиб келган «Толибон» ҳаракати жиддий муваффақиятларга эриша бошлади. 15 август куни пойтахт Кобул деярли қаршиликсиз ҳаракат қўлига ўтди. Мамлакатнинг дунёвий ҳукумати раҳбари, президент Ашраф Ғани хорижга қочиб кетди. 30 августда, бир неча кун давом этган эвакуация жараёни якунида АҚШнинг сўнгги ҳарбийси Афғонистонни тарк этди. Шу билан йигирма йиллик урушдан сўнг «Толибон» яна Афғонистон бошқарувига қайтди. Кўпчилик энди Афғонистон тинчликка эришишидан умид қилди. Бироқ амалда бундай бўлмаяпти.

«Толибон» Афғонистонда ҳокимиятга келгач, бошқа жангари гуруҳлар, масалан ИШИДни енга олмади. Хуросон вилоятида жойлашган ушбу террористик ҳаракат мамлакатда бир неча йирик терактлар уюштирди ва ҳатто Ҳиротни деярли назорат қила бошлади.

Ички тартибни сақлаш масаласидан ташқари ҳам «Толибон» раҳбарлигидаги Афғонистон жуда жиддий ва қийин муаммолар гирдобига тушиб қолган.

Иқтисодий инқироз

Афғонистоннинг олдинги, дунёвий ҳукумати иқтисодий мустақилликка эга эмасди. Ушбу ҳукумат молиявий жиҳатдан тўлалигича АҚШ ва Европа ёрдамига таянганди.

Толибон жангариси Кобулдаги кўприк устида. 2022 йил 6 август. Фото: Reuters

«Толибон» ҳокимиятга келиши билан эса бу ёрдам тўхтади. Чунки Ғарб давлатлари «Толибон»ни террористик ташкилот сифатида билишда давом этди ва унга қарши санкциялар қўллади. Ғарб молиявий ёрдам эвазига «Толибон» олдига мамлакатда бир қатор демократик ислоҳотлар ўтказиш талабини қўйди (олдинги ҳукумат учун ишлаганларни таъқиб қилмаслик, аёллар ҳуқуқини чекламаслик, цензура ўрнатмаслик ва ҳоказо). Аммо «Толибон» ваъда бўлган бўлса-да, бу талабларни бажармади.

Афғонистоннинг 2022 йилги бюджети 2020 йилгига нисбатан 60 фоизга қисқарди. АҚШ Афғонистон Марказий банки активларини музлатиб қўйди, бу эса афғон регуляторининг кўплаб асосий функцияларини бажара олмаслигига олиб келди. Кўплаб давлатлар «Толибон» билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди ва Афғонистон банклари ҳисобрақамларини ва транзакцияларини блоклаб қўйди.

Axios нашри маълумотларига кўра, 2022 йилда Афғонистонда асосий товарлар нархи 52 фоизга ўсган ва мамлакат аҳолисининг ўртача даромади сўнгги ўн йилдаги энг паст даражага (бир киши учун йилига 375 доллар) тушган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тахмин қилишича, 2022 йилда мамлакатдаги ишсизлик даражаси 40 фоизга (2021 йилда бу кўрсаткич 13 фоизни ташкил этган) етиб, аҳолининг 97 фоизи қашшоқлик чегарасидан ҳам паст даражада яшаши мумкин. Ҳукуматнинг ўзи аёлларнинг давлат секторида ишлашини тақиқлаш билан ишсизлик янада ошишига сабабчи бўлди.

«Толибон» ташқи қарз бўйича аввал Россия, кейинроқ Хитойга мурожаат қилди. Украинада уруш бошлангач, асосий умиди Хитой бўлган «Толибон» Пекинга яқинлашиш сиёсатини бошлади.

Бироқ Хитой «Толибон»га қарз берган тақдирда ҳам бир йилдан бери ҳукумат тузиш бўйича келиша олмаётган ҳаракат пулларни ҳудудларга тенг тақсимлай олиши ва маҳаллий ҳокимиятлар бу пулларни керакли соҳага йўналтириши сўроқ остида. Катта эҳтимол билан марказнинг қаттиқ назорати остида бўлмаган бу маблағлар талон-торож бўлиб кетади. Чунки «Толибон»нинг кўплаб қўмондонлари мамлакатнинг бирор ҳудудини ўзиники қилиб олган ва улар ажратилган пулни ҳудуд ривожланиши ёки гуманитар таъминотига эмас, ўзларининг шу ҳудудларда мустаҳкамланиб олишига сарфлаши мумкин.

Даҳшатли гуманитар аҳвол

Бугунги кунда деярли 40 миллион аҳолига эга Афғонистон халқининг ярми қашшоқлик даражаси чегарасида яшайди. Йигирма миллиондан ортиқ афғонистонлик етарли озиқ-овқатга эга эмас, уларнинг кўпчилиги очлик билан курашмоқда. Икки миллиондан ортиқ афғон болалари эса тўйиб овқатланмасликдан азият чекади.

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури доирасида Афғонистонга жўнатилаётган гуманитар ёрдам

Вазият қурғоқчилик, камҳосиллик ва 2022 йил июн ойидаги кучли зилзила туфайли янада оғирлашди. Мамлакат шарқида содир бўлган зилзила оқибатида мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, олти мингга яқини эса жароҳатланган. БМТ ўнлаб аҳоли пунктлари тўлиқ ёки қисман вайрон бўлгани ҳақида хабар берди.

Афғонистондаги гуманитар ёрдам масалалари билан асосан давлат эмас, халқаро ташкилотлар шуғулланмоқда. 2022 йилнинг ўзида Термизда ташкил этилган логистика ҳаби орқали Афғонистонга 42 минг тонна маҳсулот етказиб берилган. Бироқ бу жуда кам. «Толибон» ҳозирда гуманитар масалаларни мустақил ҳал қилишга қодир эмас ва шу боис халқаро ташкилотларнинг фаолияти хавфсизлигини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

Халқаро ташкилотлар эса февралда бошланган Россия босқини сабаб асосий эътиборни Украинага қаратди. Бу эса Афғонистонга ёрдам камайиши ва аҳолининг аҳволи янада оғирлашувига олиб келмоқда. Март ойида БМТда Афғонистон учун сўралган 4,4 миллиардлик ёрдам пакетининг ярмидан сал кўпроғигина йиғилган. АҚШ ва Европа молиявий ёрдам пакетларини Украинага йўналтирмоқда.

Ҳуқуқий вазиятнинг ёмонлашуви

«Толибон» Қатар ва Тошкентдаги учрашувларда мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича катта ваъдалар берганди. Бироқ орадан бир йил ўтса-да, гуруҳ ушбу ваъдаларнинг катта қисмини бажаргани йўқ.

Афғонистон аёллари қизлар учун ўрта мактаблар очилишини талаб қилиб, мамлакат Таълим вазирлиги олдида намойиш ўтказмоқда. Кобул, 2022 йил 26 март. Фото: Reuters

Айниқса, Афғонистонда аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият жуда ёмонлашган. Қизлар мактабларда олтинчи синфдан кейин ўқиш имкониятига эга эмас, олийгоҳларда қизлар ва йигитларни алоҳида ўқитиш тизими жорий қилинган бўлса-да, BBC нашрининг ёзишича, бу амалдаги талаба қизлар таълимни якунлаши учун кўрилган чора. Кейинроқ қизларни университетларга қабул қилиш бутунлай тўхтатилиши мумкин. Шундоқ ҳам кўплаб талаба қизлар таъқиблар сабаб ўқишни ташлаб кетмоқда. Умуман олганда, «Толибон» ҳокимиятга келганидан сўнг Афғонистонда аёллар ҳуқуқлари жиддий даражада чекланди.

Amnesty International ташкилоти Афғонистонда «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан сўнг болалар, эрта ва мажбурий никоҳлар сони кўпайгани ҳақида хабар берди.

«Толибон» ўзи берган ваъдаларга зид равишда мамлакатда цензура ўрнатишга киришди. Афғонистондаги кўплаб мустақил нашрлар ёпилди. Журналистика билан шуғулланувчи афғонистонликлар сони бир йил ичида 12 мингдан 5 минггача камайди. «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг 2022 йилги матбуот эркинлиги индексида Афғонистон 180 мамлакат ичида 156-ўринни эгаллади. Бир йил олдин худди шу индексда мамлакат 122-ўринни банд қилганди.

Ташқи сиёсат: деярли барча қўшнилар билан душманлик

Ташқи сиёсатда «Толибон» йигирма йиллик кураш сабаб АҚШнинг рақиблари билан яқинлашиш сиёсатини юритди. Хусусан, Эрон, Покистон, Россия ва Хитой билан яхши алоқалар йўлга қўйил(ган)ди. Айниқса, Россия билан муносабатлар анча ривожланаётган, Москва «Толибон»ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга яқин турганди. Бироқ Украина уруши бошланиши буни ортга сурди.

Хитой Ташқи ишлар вазири Ванг Йи ва Мулла Абдул Ғани Бародар Кобулда. 2022 йил 24 март
Фото: Google Images

Ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг халқаро изоляцияга тушиб қолган Афғонистонда Хитой асосий ўйинчига айланди. 2022 йил апрелида Хитой «Толибон»га Пекиндаги Афғонистон элчихонасини қайта очишга рухсат берди. Хитой июн ойидаги зилзиладан жабр кўрган оилалар учун 8 миллион долларлик ёрдам пакети ажратди.

Бироқ Пекин Афғонистоннинг «ҳомийси» бўлиш ниятида эмас. Пекиннинг «Толибон» билан алоқаларни мустаҳкамлашининг асосий сабаби террорчи ташкилотлардир. Хусусан, «Толибон»нинг Афғонистонда ҳокимиятни эгаллашига ёрдам берган Шарқий Туркистон ислом ҳаракати ташкилоти (ШТИҲ) Пекиннинг асосий хавотирларидан бири. Ҳаракат Хитойнинг Шинжон мухтор вилоятида жуда кўплаб терактлар уюштирган ҳамда БМТ, ЕИ, Қозоғистон, Қирғизистон ва Хитой томонидан террорчи ташкилот дея тан олинган.

Афғонистоннинг Хитой билан чегарадош Бадахшон вилоятида жойлашган ушбу ҳаракат Шинжондаги уйғурлар мустақиллиги учун курашишини таъкидлайди ва бу Пекинни безовта қилади. Шунингдек, Хуросондаги «Исломий давлат» ҳам АҚШ ва коалиция кучлари мамлакатни тарк этгач, мамлакатдаги Хитой мулкларига қарши ҳужумларни кўпайтирди. Улар бу билан «Толибон» ва Хитой муносабатларини совуқлаштиришни мақсад қилган.

«Толибон» Пекин билан яқин алоқаларни сақлаб қолиш учун ҳар икки ташкилотни жиловлашга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, сўнгги ойларда Бадахшондаги ШТИҲ кучлари Хитой чегарасидан узоқлаштирилиб, мамлакат ичига кўчирилган. Бундан ташқари, «Толибон» мамлакатдаги «Бир камар, бир йўл» сиёсати доирасида барпо қилинаётган Хитой объектларини қаттиқ ҳимоя қилишга киришган.

Эрон билан чегарада бир неча бор тўқнашган «Толибон» Теҳрон билан ҳазиллашиш яхши оқибатларга олиб келмаслигини дарҳол тушуниб етди. Зеро, Теҳрон қўлида Афғонистондаги Эрон манфаатларини ҳимоя қилувчи бутун бир тизим мавжуд.

«Толибон» унинг ҳокимиятга келишида кенг ёрдам бергани айтилувчи Покистон билан муносабатларни ҳам совуқлаштирди. Декабр ойидаёқ икки давлат чегарасида жиддий тўқнашув бўлиб ўтди. Можарога Афғонистоннинг Покистон билан чегаралари бўйлаб жойлашган «Теҳрик-и Толибон Покистон» (ТТП) жанговар гуруҳининг Покистон сарҳадларини ўққа тутиши сабаб бўлди. Бунга жавобан Покистон Афғонистон ҳудудини артиллериядан ўққа тутди ва «Толибон» ҳам Покистонга шундай зарба берди.

Бундан сўнг ҳам икки мамлакат кучлари чегарада яна уч бор тўқнашди ва сўнгги қарама-қаршиликда Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари ҳам иштирок этди. «Толибон» Покистонга қарши ҳаракатлар олиб бораётган ТТП гуруҳини жиловлашга ҳаракат қилмади. Кобул ўз воситачилигини таклиф қилган ҳолда уларга тинчлик музокаралари ўтказишни таклиф қилди. Исломобод бундай ечимдан қониқмади ва Покистон олий ҳарбий раҳбарияти «Толибон» ҳамда ТТПнинг «ақлини киритиб қўйиш» учун ҳарбий учоқлардан фойдаланди.

Ушбу ҳаво амалиёти оқибатида йигирмага яқин тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, бу эса «Толибон» ва Афғонистонда Покистонга қарши кайфият кучайиши, толибларнинг ТТП’ни қўллашни давом этишига олиб келди.

«Теҳрик-и Толибон Покистон» ҳаракати аъзолари
Фото: Google Images

Ҳозирда «Толибон»нинг жанубий ва шарқий қўшниси билан алоқаси кескинлашган. Муносабатлар келажакда янада кескинлашуви Покистоннинг Афғонистон билан чегараларини ёпишига ва санкцияларга қўшилишига олиб келиши мумкин. Бу эса шундоқ ҳам иқтисодий ва гуманитар инқироз шароитидаги Афғонистонда вазият янада оғирлашишига сабаб бўлади.

«Толибон» 2022 йил январида Жузжон вилоятида Туркманистон чегарачилари билан тўқнашди. Июл ойида эса Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига Афғонистон томондан снарядлар келиб тушди, «Толибон» бу ишни ИШИД ҳаракати амалга оширганини маълум қилди ва айбдорларни жазолашга ваъда берди. Август ойида эса «Толибон» қўмондони жиддий баёнот бериб, Россия ортида турмаса Тожикистонни икки ҳафта ичида босиб олишини айтди.

Шунингдек, «Толибон» ҳокимиятни эгаллаш даврида Ўзбекистон ва Тожикистонга ўтган собиқ ҳукуматга тегишли самолёт ва вертолётларни қайтариш масаласини ҳам доимий такрорлаб келмоқда.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг «Толибон» билан музокараларида етакчилик қиляпти. Минтақа мамлакатларидан фақат Тожикистонгина толиблар билан ҳеч қандай шаклда дипломатик алоқа ўрнатгани йўқ ва «Толибон»га мухолиф бўлган Афғонистон Миллий қаршилик фронтини қўллаб келмоқда. Бунга «Толибон» Афғонистон аҳолисининг 40 фоизга яқин қисмини ташкил қилувчи этник тожикларни таъқиб қилиш сиёсатини олиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Душанбе Кобулдан тожикларни таъқиб этишни тўхтатишни талаб қилмоқда, «Толибон» эса Тожикистонга Афғонистон ички ишларига аралашмасликни маслаҳат беряпти.

Беқарор ички сиёсий муҳит

Ҳокимият тепасига келганига бир йилдан ошганига қарамай «Толибон» ҳали ҳам доимий ҳукумат туза олгани йўқ. Кобул эгаллангач давлатни бошқариш учун Муваққат ҳукумат тузилганди. Унинг таркибига «Толибон»нинг таниқли аъзолари: Ҳайбатулла Охунзода (олий раҳнамо), Муҳаммад Ҳасан Охунд (бош вазир вазифасини бажарувчи), Абдул Ғани Бародар ва Абдул Салом Ҳанафий (бош вазир ўринбосари вазифасини бажарувчилар), Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид (мудофаа вазири в.б), Сирожиддин Ҳаққоний (Ички ишлар вазири в.б), Амирхон Моттакий (Ташқи ишлар вазири в.б) ва Ҳидоятуллоҳ Бадри (Молия вазири в.б) кирди.

Ҳайбатулла Оҳунзода ва Мулла Муҳаммад Ёқуб. 
Коллаж: Kun.uz

Янги ҳукумат ишга киришганидан кўп ўтмай, сентябр ойида «Толибон» асосчиларидан бири, Доҳа ва Тошкент музокараларида толиблар делегациясига раҳбарлик қилган Абдул Ғани Бародар ва «Толибон»нинг жанговар қанотларидан бири бўлган «Ҳаққоний тармоғи» раҳбари Сирожиддин Ҳаққонийнинг қариндоши Ҳалил Раҳмон Ҳаққоний ўртасида келишмовчилик келиб чиққани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бироқ орадан бир неча кун ўтиб, Абдул Ғани Бародарнинг аудиоёзуви тарқалди ва унда «Толибон» аъзоси тириклиги, ҳаракат етакчилари орасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқлигини айтди. Шундай бўлса-да, «Толибон»нинг бошқа бир вакили маълум қилган кейинги хабарда Бародар Кобулни тарк этиб, Қандаҳорга кетгани айтилди. Шунинг ўзиёқ у ва «Толибон» ҳарбий раҳбарияти ўртасида жиддий қарама-қаршилик пайдо бўлганини англатади.

Бундай келишмовчиликлар «Толибон» ичида кўплаб топилади. Биринчи навбатда, ҳаракатнинг пуштун ва пуштун бўлмаган қўмондонлари ўртасида душманликка айланаётган муносабатларни қайд этиш мумкин. Асосан пуштунлар ҳаракати бўлган «Толибон» мамлакатдаги кейинги йирик гуруҳлар: тожиклар ва ўзбекларни таъқиб қилиш сиёсатини юритмоқда. Жумладан, ўзбек тили расмий давлат тили мақомидан маҳрум қилинган.

«Толибон» олий давлат лавозимларига асосан пуштун етакчиларни тайинлади ва бу бошқа этник гуруҳга мансуб қўмондонлар норозилигига сабаб бўлди. Шундан сўнг ҳаракат шимолдаги ўзбек қўмондонларини уй қамоғига ола бошлади. «Толибон»нинг бу ҳаракати бошқа пуштун бўлмаган дала-қўмондонларини ҳам сергак торттирди ва улар Кобулга қарши куч тўплай бошлади.

Хусусан, Балҳоб туманида «Толибон»нинг собиқ қўмондони бўлган Маҳди Мужоҳид Кобулдаги раҳбарият билан очиқчасига курашга киришди ва мағлуб бўлди. «Толибон» 17 август куни Маҳди Мужоҳид Эрон билан чегарада ўлдирилганини эълон қилди. Маҳди Мужоҳид «Толибон»даги ягона ҳазорий қўмондон эди.

2022 йилда «Толибон» ва нуфузли ўзбек қўмондонлари Маҳмуд Олам Раббоний, қори Салоҳиддин Аюбий, Ихсануллоҳ Тўфон кучлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Раббоний «Исломий давлат» билан ҳамкорликда айбланди ва Кобулга олиб келиниб, сўроқ қилинди. Аммо кейинроқ қўйиб юборилди. «Толибон» юқоридаги икки ўзбек қўмондонини ҳам ҳибсга олишга ҳаракат қилган, аммо уддалай олмаган. Мамлакатдаги бу қарама-қаршилик ички тартибни сақлаш ва тинчликни таъминлашга жиддий хавф солади.

Этник қарама-қаршиликлардан ташқари Кобулдаги ҳукумат ва Қандаҳордаги олий раҳнамо ҳокимияти алоқалари ҳам чигал. Мамлакатни Кобулдаги Муваққат ҳукумат ёки Қандаҳордаги Ҳайбатулла Охундзода бошқараётгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Шундай бўлса ҳам, 18 август куни Қандаҳорда бўлиб ўтган «Толибон» етакчилари йиғилишида Охундзода чиқиш қилган ҳамда бир неча мансабдор ва ҳудуд қўмондонларини алмаштирган.

Кобул ва Қандаҳор кураши бир неча асрдан бери давом этиб келаётган яна бир қарама-қаршилик билан боғлиқ. Бу — дурроний ва гилзай қабилалари иттифоқи рақобати. Бу икки қабила Афғонистонни деярли уч асрдан бери бошқариб келади. Масалан, Афғонистоннинг биринчи президенти Ҳамид Карзай дурроний қабилалар иттифоқининг поползай қабиласи, карзай уруғидан эди. Кейинги президент Ашраф Ғани Аҳмадзай эса гилзай қабилалар иттифоқининг аҳмадзай қабиласидан бўлган.

Қандаҳорда олий раҳнамо Ҳайбатулла Охундзода дурронийларнинг нурзай қабиласидан бўлса, «Толибон»нинг иккинчи шахси бўлиб турган мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб гилзайларнинг ҳотакий уруғидан. Шундай қилиб, пуштунларнинг бу икки уруғи ҳокимият учун курашни ҳали ҳам тўхтатгани йўқ.

Булардан ташқари эса Афғонистонда ҳали ҳам бир неча террористик гуруҳлар, масалан ИШИД, ТТП, Шарқий Туркистон ислом ҳаракати ташкилоти ва бошқалар мавжуд. Қолаверса, Миллий қаршилик кўрсатиш фронти ҳам курашни давом эттирмоқда. Террористик гуруҳлар мамлакатнинг турли қисмларида, ҳатто Кобулда ҳам террористик актлар содир этяпти.

«Толибон» уларни жиловлашни уддалай олгани йўқ. Чунки ҳаракатнинг ўзи ҳам юқорида айтилганидек, қарама-қаршиликлар гирдобида. Толиблардан юз ўгирган ёки унга қарши чиққан жангари бўлинмалар ҳеч иккиланмай юқоридаги гуруҳларга қўшилиши мумкин. Бу эса «Толибон»нинг таъсирини янада заифлаштиради.

Агар «Толибон» тўла якдиллик ва тенгликка эришмаса, Афғонистон давлати ва аҳолисининг аҳволи бунданда оғирлашиб боради. Шундоқ ҳам Афғонистон фуқароларида «Толибон»га нисбатан норозилик кайфияти кучайиб бормоқда. Айниқса, августдаги воқеалар этник ўзбек ва тожикларнинг пуштунлар билан алоқаларни анча совуқлаштирди.

Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top