14:04 / 13.09.2022
7361

“Бир миллион иш ўрни яратилди, деган маълумот бериларди, амалда ярми ҳам яратилмасди” – Танзила Норбоева иш ўринлари борасида ягона база ишлаб чиқиш ҳақида гапирди

Сенат раиси ялпи мажлисда ошириб кўрсатилган иш ўринларини чегириб ташлаган ҳолда ягона база ишлаб чиқиш вазифасини топширди. “Маълумотларнинг такрорланиши, фаолияти тўхтатилган корхоналарда ҳисобга олинган иш ўринлари ҳисобига ошириб кўрсатилган иш ўринлари сонини чегириб ташлаган ҳолда ягона базани шакллантириш керак”, – деди Норбоева

Фото: Kun.uz

Сенатнинг 32-ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева ошириб кўрсатилаётган иш ўринлари муаммосини кўтарди.

“Минглаб иш ўринлари яратдик, деб ҳар бир тизим, ҳар бир ҳокимлик ҳисобот беради. Олдинлари бир миллион иш ўрни яратилди, деган маълумот бериларди. Аммо амалда ярми ҳам яратилмасди. Чунки ҳар бир иш ўрнини яратиш қанча маблағ талаб этишини, қанча технология олиб келиниши кераклигини биламиз. Лекин шу ишлар қилинмасдан ҳисоботда чиройли рақамлар кетарди. Натижада аҳоли сарсон, иш излаб четга кетади… Бу масалага ҳозир бошқача ёндашиляпти. Ҳаққонийлик нуқтайи назаридан сенаторлар, депутатлар бу масалани ўрганишни бошлади. Иш ўринлари сонидаги тафовутлар бор, бир тизимда яратилаётган иш ўринлари борасида ҳисобот 3 та вазирликдан кетяпти. Биринчи навбатда, тафовутларни йўқ қилиш лозим: тадбиркорлик фаолиятини тўхтатганлар яратган иш ўринлари ҳам яратилган иш ўринлари сифатида ҳисоботда кетяпти”, – деди Норбоева.

Бу борада Сенат раиси бир нечта таклифларни илгари сурди:

Биринчидан, яратилган иш ўринларини ҳудудлар ва соҳалар кесимида хатловдан ўтказиш керак. Маълумотларнинг такрорланиши, фаолияти тўхтатилган корхоналарда ҳисобга олинган иш ўринлари ҳисобига ошириб кўрсатилган иш ўринлари сонини чегириб ташлаган ҳолда ягона базани шакллантириш лозим;

Иккинчидан, ҳокимликлар фаолиятини тўхтатган тадбиркорлар масаласида алоҳида чора-тадбирлар кўриши керак. Ҳокимларни кўрамиз, бевосита мулоқотлар ўтказади. Аммо бу мулоқотлар президент мулоқот ўтказишидан олдин фаоллашади. Юқори даражадаги учрашувдан кейин қуйи бўғиндаги учрашувлар ҳам камаяди. Шунинг учун ҳокимлар фаолияти тўхтаган ёки тўхташ арафасидаги тадбиркорлар билан учрашиб, муаммоларини аниқлаб, уларга ёрдам бериши керак;

Учинчидан, деҳқончилик фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари, меъёрлар ва шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда аукцион орқали ажратилган ерларда ташкил этилган деҳқончилик хўжаликлари сонини ҳисобга олишга оид ягона услубиятини ишлаб чиқиш зарур;

Тўртинчидан, биринчи ярим йилликда янги иш ўринларини яратиш қониқарсиз бўлган ҳудудлар йўл харитасини ишлаб чиқиш керак. Маҳаллий кенгашлар бу масалага қаттиқ эътибор қаратиши зарур. Ҳар бир туман ортда қолаётган тизимларни олиб, республика раҳбариятига таклифларни киритиши керак бўлади;

Бешинчидан, шаффоф қурилиш платформаси орқали тендерда ғолиб бўлган пудрат корхоналари лойиҳада кўрсатилган бўш иш ўринлари юзасидан мониторинг ўтказиши керак.

“Аҳоли бандлигини ҳар чоракда муҳокама қилишга келишганмиз. Мутасаддиларга ҳисобот бериш эмас, аниқ таклиф ва ташаббуслар билан чиқишни таклиф қиламан”, – деди Норбоева.

Бу борада қарор лойиҳаси овозга қўйилиб, қабул қилинди.

Top