11:45 / 16.09.2022
5912

Бугунги кунда Ўзбекистонда қон саратони билан оғриган беморларга қандай ёрдам кўрсатиляпти?

Ҳар йили Ўзбекистонда кўп инсонлар қон саратонига чалинади. Сўнгги йилларда ўзбек шифокорлари онкогематологик касалликларни даволашда сезиларли ютуқларга эришганига қарамай, республикада суяк илиги трансплантацияси ҳали ҳам йўлга қўйилмаган ва Ғарб мамлакатларида даволаш стандарти ҳисобланган баъзи замонавий дорилар билан терапия мавжуд эмас. Бугунги кунда Ўзбекистонда қон саратони билан оғриган беморларга қандай ёрдам кўрсатилаётгани, уларга CОVID-19 қандай таъсир қилгани ва мамлакатимизда онкогематологик касалликлар билан боғлиқ вазиятни қандай яхшилаш мумкинлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси бош гематологи, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти гематология ва трансфузиология кафедраси мудири Элдор Жасурович Исхаков сўзлаб берди.

 

- Ҳозирги кунда Ўзбекистонда онкогематологик касалликлар билан касалланиш ва ундан ўлим оқибатлари бўйича статистика қандай?

- 2020 йилнинг охирида Ўзбекистонда онкологик профилдаги беморларнинг контингенти 107 196 нафарни ташкил қилди. 2020 йилда диспансер ҳисобида турган беморлар контингентининг асосий ҳажми сут бези (19,5 фоиз), бачадон бўйни (8,5 фоиз), тери (8,1 фоиз), бачадон танаси (4,7 фоиз), тухумдонлар (4,1 фоиз), меъда (4,0 фоиз), бош мия (4,0 фоиз), буйраклар (3,2 фоиз), ноходжкин лимфомаларининг (3,1 фоиз) ёмон сифатли янги ҳосил бўлишлари бўлган пациентлардан шаклланган. Онкологик касалликларнинг тахминан 10 мингта ҳолати ўткир лейкозларнинг 1 000та ҳолатига тўғри келади. Лейкоз билан касалланган 300та пациентлар - болаларни, қолган 700таси эса - катталарни ташкил қилади. Агар онкогематология ҳақида умуман сўз юритадиган бўлсак, ҳар йили тахминан 1500та сурункали лейкози бўлган бирламчи беморлар ва тахминан 1000та ҳолатларда лимфомаси бўлган пациентлар аниқланади.

Ўзбекистонда онкогематологик касалликлар билан касалланганлар ўртасида ўлим ҳолатлари бошқа мамлакатларга қараганда юқорироқдир, чунки бизда суяк илиги трансплантацияси йўлга қўйилмаган. Ўткир лейкози бўлган катталардан 700тасининг камида 30 фоизи соғайиб кетиши мумкин, қолган 70 фоизи эса трансплантация ўтказилишига муҳтождир. Яъни, 30 фоиз пациентлар нисбатан узоқроқ умр кўришлари мумкин, қолган 70 фоизи эса бир неча йиллар мобайнида вафот этади.

Катталардан фарқли лейкози бўлган болаларда яшаб қолиш анча юқорироқдир: ўткир лейкози бўлган 70 фоиз бемор болалар соғайиб кетади, қолганлари трансплантация ўтказилишига муҳтож. Статистикага мурожаат қиладиган бўлсак, унда тахминан 70 фоиз болалар лейкемиядан, ўткир лейкемиядан, хусусан, ўткир димфобласт лейкоздан соғайиб кетиши мумкин. Аммо ўткир лейкознинг кам ҳолларда учрайдиган шакллари ҳам бор, уларни бутун дунё бўйлаб даволаб бўлмайди, масалан, лейкозларнинг Т-лимфобласт, миелоид шакллари. Пациентларнинг ушбу гуруҳидаги ўлим даражаси баланд.

- Сиз Ўзбекистонда суяк илиги трансплантацияси йўлга қўйилмаган деб таъкидлаб ўтдингиз. Бу амалиёт пациентларнинг кўпчилигига зарурми? У қаерда амалга оширилмоқда?

- Бугунги кунда Ўзбекистонда суяк илигининг трансплантацияси эҳтиёжи жуда ҳам юқоридир. Ҳар йили унга тахминан 200 нафар болалар муҳтождир (нафақат лейкози бўлган, балки бошқа касалликларга эга бўлганлар ҳам). Трансплантация зарур бўлган катталар камида уч марта кўпроқдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ташкил этилган оғир гематологик касалликлари бўлган пациентларни қўллаб-қувватлаш бўйича фонд фақат болалар учун хорижда трансплантацияни олишга кўмаклашиб келмоқда. Шунинг билан бирга, бизда оғир касаллиги бўлган болаларнинг хорижда даволаниши, жумладан суяк илиги трансплантацияси ўтказилиш харажатларини қоплаб берувчи болалар фонди пайдо бўлди.

Ҳозирда Республикамиз раҳбарияти мутахассисларни хорижга ўқитишга юбориш учун жуда катта кучларни сарф қилиб келмоқда. Президентимиз томонидан асептик корпусларни қуриш учун қўшимча маблағларни ажратиш тўғрисида қарор имзоланган, шунингдек хорижий мутахассисларни таклиф қилишга бюджет ажратилган, улар юртимизга фаолият юритишга келишади ва мутахассисларимизни ўқитишади. Агар ҳаммаси режадагидек кетса, корпус қуриб битирилса, қимматбаҳо дори препаратлари билан узлуксиз таъминот йўлга қўйилса, мутахассисларимиз ушбу мураккаб усулларни ўзлаштириб олсалар, у ҳолда бир неча йил ўтиб гематологиянинг икки - катталар ва болалар марказларида суяк илиги трансплантацияси бўйича бўлинмалар очилади. Аммо шуни айтиб ўтишим жоизки, буларнинг барчаси етарли эмас. Шунинг учун, биз бундай бўлинмалар нафақат икки марказда, балки мамлакатимизнинг ҳудудларида ҳам очилиши бўйича масалани Вазирлар Маҳкамаси, Президентнинг олдига қўямиз.

- Элдор Жасурович, ҳудудларда онкогематологик касалликлари бўлган пациентларга ёрдам кўрсатиш имкони борми ёки бундай беморлар фақат Тошкентда даволанадими?

- Бизда ҳар бир ҳудудда кўп тармоқли вилоят клиникаларида 25-35 ўринга эга бўлган гематология бўлинмалари бор. Аммо кўпчилик ҳудудларда даволаш учун шароитлар йўқ - малакали шифокорлар етмайди, диагностика масалалари оқсоқланади, ўткир лейкознинг даволаниши эса - бу юқори маҳоратни талаб этади. Шунинг учун ҳудудлардан бизнинг ҳамкасбларимиз барча бирламчи онкогематологик беморларни Тошкентга, бизнинг марказий муассасага, диагностика, дастлабки ҳисобга олиш ва бирламчи оғир даволаш учун юборишади. Бундан сўнг, ушбу пациентлар кимёвий даволашнинг асосий оғир курсларини қабул қилишганидан сўнг, улар ҳудудларга жўнаб кетишади, у ерда маҳаллий гематологлар уларни даволашади.

Болалар билан эса ҳолат бироз бошқача бўлади. Онкогематологик касалликлари аниқланган болалар бизга, Тошкентга жўнатилади. Биз уларга аниқ ташхис қўямиз, хавф гуруҳини (юқори, паст, стандарт) аниқлаймиз, бирламчи даволашни ўтказамиз, сўнгра эса беморларнинг бир қисми ҳудудларга жўнатилади, қолган қисми эса Тошкентда амбулатор, кундузги стационарда даволанишни давом эттиришади. Ҳудудларда болалар гематологлари анча тараққий этган бўлиб чиқишди. Улардан кўпчилиги Москва шаҳридаги Рогачев номидаги марказда амалий иш тажрибасидан ўтиб келишган, баъзи мутахассислар Германияда таълим олиб қайтишган. Шунинг учун, агар ҳудудларда малакали онкогематологлар бор бўлса, биз уларга болаларимизни соғайгунча даволаш имконини берамиз. Аммо, агар биз у ёки бу ҳудудда онкогематология оқсоқланаётганлигини билсак, биз уларга бундай масъулиятни зиммаларига олиш имконини бермаймиз ва оғир касалланганларни ўзимизда қолдиришга ҳаракат қиламиз. Шунинг учун, умуман олганда, онкогематологик пациентларни даволаш нафақат Тошкентда уйғунлашади, балки ҳудудларда ҳам уйғунлашиши ҳақида сўз юритишимиз мумкин.

- Элдор Жасурович, даволашда самарали натижаларга эришиш қай даражада?

- Аввал мавжуд бўлганлар ва ҳозирги ҳолат - бу ер билан осмон ўртасидаги фарқдир. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда препаратлар билан таъминлаш янча яхшиланган, бироқ тўлиқ эмас.

Биз бутун дунёда аллақачон кўп нарса ўзгарганлигини биламиз. Ҳозирда бизнинг ихтиёримизда фақат уч турдаги таргет препаратлар мавжуддир. Хорижда анча тараққий этган препаратлар пайдо бўлиб бўлган, бироқ улар ҳозирча бизга етиб келмаяпти. Агар моноклонал антитаналарни қўллаш билан таргет даволаш ҳақида сўз юритилса, бунда ритуксимабдан бошқа арсеналимизда ҳеч қандай воситалар йўқ, ўткир миелоид лейкозларни даволаш учун антитаналар ҳам йўқ. Бизда анча тараққий этган Брутон тирозинканизаси ингибиторлари препаратлари йўқ. Биз бутун дунё бўйлаб сурункали лимфолейкозни, ўткир миелоид лейкозни резистент шаклларини даволашда венетоклакс препарати қўлланилишини яхши биламиз, у ҳам бизда йўқ. Сурункали лимфолейкозни ва ноходжкин лимфомаларнинг баъзи шаклларини даволаш учун ибрутиниб ва акалабрутиниб препаратлари борлигини биламиз, аммо мазкур препаратлар ҳам бизда йўқ.

Шунинг учун, биз ғарб дунёсидан қайсидир жиҳатларда ортда қолаётганлигимизни тан олишимиз керак. Барчаси бизга баъзи кечикиш билан етиб келади. Авваллари бизда на моноклонал антитаналар, на таргет препаратлар бўлмаган, ҳозирда улар аста-секин пайдо бўлиб бормоқда. Биз даволашнинг янги усулларини татбиқ қилишга, хорижда пайдо бўлаётган трендларни кузатиб боришга ҳаракат қилмоқдамиз, аммо кундалик клиник амалиётда биз уларни ҳар доим ҳам қўллаш имконига эга эмасмиз, чунки кўпчилик препаратлар бизда рўйхатдан ўтказилмаган, улар рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, биз уларни даволашнинг миллий протоколига киритиш имконига эга эмасмиз. Замонавий қимматбаҳо препаратларнинг рўйхатдан ўтказилиши ва уларнинг молиялаштирилиши мавжудлигида биз даволаш стандартларига ўзгартириш киритишимиз мумкин ва уларни қилишимиз шартдир. Шунда бизнинг онкогематологиямиз ғарб мамлакатлари билан солиштириш даражасига етиши мумкин.

- Қандай қилиб ковид онкогематологик касалликларнинг аниқланишига таъсир қилди? Маълумки, онкогематологик касалликлари бўлган пациентлар COVID-19 оғир ўтиши билан хавф гуруҳига киради. Бундай пациентлар пандемия даврини қандай қилиб бошдан ўтказдилар? Уларга вакцинациядан ўтиш мумкинми?

- Ўтган ва олдинги йиллар бизда жуда оғир кечди, ковиддан кўп одамлар вафот этди. Гематологик пациентлар кимёвий даволашни қабул қилишади, ундан кейин уларда нолли иммунитет ривожланади. Агар бундай пациентлар коронавирус инфекциясини юқтириб олишса, улар кўпинча вафот этди. Биздаги ковид-марказларида гематологик пациентлар учун ихтисослашган бўлинмалар бўлмаган, шунинг учун ушбу пациентлар умумий бўлинмага ётқизилган. Бизнинг аччиқ тажрибамиз шуни кўрсатдики, биз у ерга юборган кимёвий даволашдан кейинги ҳолатда бўлган беморларнинг аксарияти септик асоратлардан (қон заҳарланишидан) вафот этган. Пандемиянинг биринчи йили шундай бўлди.

Иккинчи йили биз ковид-марказлари билан анча узвий боғлиқликда ишладик, гематологларимиз уларнинг мутахассислари билан алоқада бўлиб туришди, маслаҳат бериш учун жойларга чиқишди ва тавсияларимизни ҳисобга олган ҳолда ушбу беморларни даволашда кўмаклашишди, шунинг учун ўлим ҳолатлари анча камайди. Ҳозирда коронавируси бўлган беморларнинг бундай миқдори йўқ ва ҳаттоки агар ковид бўлса ҳам, унда касалланиш анча енгил шаклда оқиб ўтмоқда. Бироқ, бизнинг онкогематологик беморларимиз тааллуқли бўлган иммунокомпрометация қилинган деб номланувчи беморларда ковидсиз ҳам резистент инфекциялар қўшилиши ва сепсис ривожланиши хавфи жуда юқоридир.

Вакцинацияга келсак - гематологик пациентларда, айниқса болаларда, муайян бир даврларда барча эмлашлардан тиббий қарши кўрсатмалар бор. Шифокорларда COVID-19'га нисбатан ягона фикр йўқ. Мен ўзим шахсан, ўткир лейкоз ремиссиясида бўлган пациентларга ҳамда сурункали лейкози бўлган пациентларга коронавирус инфекциясига қарши вакцинациядан ўтиш мумкин деб ҳисоблайман. Бироқ ўткир лейкози бўлган дастлабки беморларга ёки чуқур иммунодепрессияда бўлган пациентларга эмлашни ўтказиш мумкин эмас. У самарали бўлмайди, чунки бундай беморларда соғлом антитана ишлаб чиқарувчи ҳужайралар етарлича миқдорда йўқ, M ёки G иммуноглобулинни ишлаб чиқариши мумкин бўлган b-лимфоцитлар етарлича даражада йўқ. Қолган пациентларга вакцинациядан ўтишни маслаҳат бераман. 

- Маълумки, баъзи мамлакатларда COVID-19'ни даволаш ва профилактикаси учун моноклонал антитаналар асосидаги препаратлар қўлланилиб келинмоқда. Шунга ўхшаш препаратлар бизнинг мамлакатда ҳам қўлланиладими?

- Иммуносупрессияси ёки сепсиси бўлган барча беморлар учун тайёр антитаналар қўлланилади. Ушбу самарали препаратларнинг катта минуси шундаки, улар жуда ҳам қиммат ва ДПМ (даволаш-профилактика муассаса)ларининг ҳаммаси ҳам улар билан бир вақтда бир нечта пациентларни таъминлай олмайди. Олдинлари бу препаратлар умуман бўлмаган, аммо ҳукумат томонидан молиялаштиришдан кейин ушбу препаратлар пайдо бўлди ва биз уларни муваффақият билан қўллаб келмоқдамиз. Мен ўзим ковид-марказларида беморларга маслаҳатлар берганман, уларга ушбу препаратларни тавсия қилганман ва уларнинг кўпчилигига улар ёрдам берди.

- Элдор Жасурович, онкогематологик касалликлар профилактикасининг қандай усуллари бор Ўзини ҳимоялаш учун бирон бир ҳаракатларни амалга ошириш мумкинми?

- Афсуски, бутун дунё бўйлаб онкогематологик касалликларни бирон бир ўзига хос профилактикаси ва уни эрта диагностика қилиш имкониятлари мавжуд эмас. Улардан ҳеч ким, ҳаттоки соғлом турмуш тарзини ва тўғри озиқланишни олиб бораётган одамлар ҳам ҳимоя қилинмаган. Совет даврида диспансеризация деган тушунча бўлган, бунда йилига бир марта тор мутахассисларни ўтиш ва асосий таҳлилларни топшириш керак бўлган. Бундай ёндашув шарофати билан кўпчилик онкологик касалликлар, масалан, меъда-ичак йўли, сут бези, простата саратони, дастлабки босқичдаёқ аниқланган. Гап шундаки, бундай касалликлар узоқ вақт давомида намоён бўлмаслиги мумкин, бироқ улар диспансеризация доирасида аниқланиши мумкин бўлган.

Аммо ўткир лейкозларнинг ўтиши озгина бошқачароқ, улар етарлича тез ўзларини намоён қилади, шунинг учун айнан онкогематологик касалликларнинг профилактикаси ёки эрта диагностикаси мавжуд эмас. Ахир ҳар ой ўттиз миллион одамларда уларнинг ўнтасида лейкозни аниқлаш учун суяк илиги пункциясини қилиш мумкин эмас-ку. Аммо, агар беморнинг тўлиқ соғлиғи фонида кўкаришлар, қон кетиш ёки лимфа тугунларининг катталашиши бўлса - бу албатта шифокорга мурожаат қилиш учун сабаб бўлади. Бироқ, бу ҳар доим ҳам лейкоз деб тушуниш керак бўлмайди, бу бошқа касаллик ҳам бўлиши мумкин.

- Сиз онкогематологик касалликларга дуч келган инсонларга қандай маслаҳат берасиз? 

- Агар муаммо бор бўлса, ундан яшириниш мумкин эмас, уни ҳал қилиш керак. Касалликни ўтказиб юборилган босқичигача олиб бормасдан симптомларга бефарқ бўлмаслик керак. Даволашнинг текширилмаган усулларини қидиришнинг кераги йўқ, аксинча дарҳол айнан ушбу касалликларни даволаш тажрибасига эга бўлган тор мутахассисларга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан ташқари, ҳар йили амалиётга янги препаратлар киритилмоқда ва ўткир лейкемияни даволаш самарадорлиги 10-20 йил аввалгига қараганда тубдан ўзгарган. Илгари, бундай беморларда узоқ муддатли омон қолиш нолга яқинлашиб келган ва эндиликда болаларда омон қолиш даражаси 70 фоизни ташкил қилади, шунингдек, катталарда ҳам биз катта муваффақиятларга эришдик.

Кайфият жуда муҳимдир - ўз-ўзидан психосоматик касалланишни чақирувчи ва кучдан маҳрум қиладиган депрессияга умуман тушмаслик керак, улар онкологик касалликлар билан курашишда жуда ҳам керакдир. Кўпчилик "кимёвий даволаш" сўзининг ўзидан қўрқувга тушишади, бироқ кимёвий даволаш ва таргет препаратлар шарофати билан бугунги кунда биз кўпчилик инсонларни қутқариб қолиш имконига эгамиз.

Мавзуга оид
Top