19:00 / 17.09.2022
8942

10 дан ортиқ меморандумлари, кинолойиҳалар, маҳорат дарслари ва намойишлар: XIV Тошкент халқаро кинофестивали қандай ўтказилмоқда?

Фото: Ипак йўли дурдонаси

Пойтахтда «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали тадбирлари давом этмоқда. Унда дунёнинг 40 та давлатидан 500 нафардан ортиқ киноижодкорлар иштирок этмоқда.

Ўтаётган ҳар бир кун ёрқин воқеаларга бой. Шундай қилиб, кинофестивалнинг учинчи куни 20 дан ортиқ маърузачилар иштирокида 15 га яқин маҳорат дарслари, 10 дан ортиқ меморандумлар имзоланиши, Бутунжаҳон кино кунларининг очилиши, шунингдек, «Ўзбекфилм» киноконцернининг энг янги панорамали павильони тақдимоти билан эсда қоларли бўлди.

 

Ҳамкорликда ишлаб чиқариш кинематография ривожида муҳим роль ўйнайди

 Кинофестивалнинг учинчи куни «Ўзбекистон куни» нинг очилиш маросими билан бошланди. Унинг доирасида Ҳиндистон, Туркия, Тожикистон, Россия ва Исроил билан ҳамкорликда фильмлар яратиш бўйича меморандумлар имзоланди. Шу муносабат билан Кинематография агентлиги павильонининг кичик залида хорижий мамлакатлар вакиллари ўз фильмларининг synopsis ва tizer'ларини томошабинларга тақдим этди. Ушбу қўшма лойиҳа жаҳон киноюлдузлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Шундай қилиб, Люк Бессон ва Арманд Ассанте «Жоми ва Навоий» ўзбек-тожик фильмини яратишда иштирок этади.

«Лойиҳада қатнашганимдан жуда хурсанд эканлигимнинг иккита сабаби бор. Биринчидан, унинг ижодкорлари олдида биз икки давлат, икки халқ тимсолини кўрамиз, улар бизга қандай қилиб биргаликда ишлашимиз, бир-биримизни севиб, ҳурмат қилишимиз ҳақида ҳикоя қиладилар. Мен бу ташаббусни қўллаб-қувватлайман. Ва умид қиламанки, бутун дунё бу хабарни эшитади, чунки ҳозирги кунда кўп мамлакатлар бир-бирини эшита олишмаяпти. Иккинчидан, урушни тўхтатган икки буюк шоирнинг ҳикояси мени ўзига жалб қилди. Санъат аҳли бунга қодир бўлиши жуда ажойиб, биз барчамиз шеърларимиз, фильмларимиз, мусиқаларимиз билан дунёни мустаҳкамлашни орзу қиламиз,» – деди Люк Бессон.

Ёшлар мутахассислардан сабоқ олишади

Шунингдек шу куни, таълим дастурига ҳам старт берилди. Унинг доирасида жаҳон киноюлдузлари билан учрашувлар, савол-жавоблар, маҳорат дарслари ўтказилди. Ёшларга кино тилини шакллантиришнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзлаб берилди, режиссёр ва продюсер Тимур Бекмамбетов иштирокида анимацион панель ўтказилди. Кинофестиваль ҳакамлар ҳайъати аъзоси Габриел Келли томонидан драматургия бўйича маҳорат дарслари ўтказилди. БДКИ, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти ва Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти талабалари учун фильм яратиш ва унинг концепциясини ривожлантириш, кино соҳасида халқаро тарғибот билан шуғулланиш бўйича маҳорат дарслари эса Қозоғистон Давлат миллий кино маркази НАЖ халқаро йўналиши бошлиғи Асел Ирис томонидан ўтказилди:

- «Аввало, мен ўқувчиларга касб танлашда масъулиятни ҳис қилиш ва инсон ўз танловидан кўпроқ завқ олиши кераклигини етказиб бермоқчи бўлдим. Маҳорат дарсида биз фильмнинг муваффақияти кимга боғлиқлиги ҳақида суҳбатлашдик. Талабаларга агар яхши фильм муваффақиятли чиқса, доим режиссёр машҳур бўлади, агар камчиликлари бўлса ва фильм омадсиз чиқса, продюсер айбдор бўлиб қолишини ва шунинг учун ҳар бир фильмнинг яратилишига ўта масъулият билан ёндашиш керак эканлигини тушунтирдим», — деди Асел Ирис.

Таълим дастури доирасида жами 15 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди, уларда 500 дан ортиқ киши иштирок этди.

Кино — одамларни бирлаштиришнинг энг яхши усули

Куннинг энг муҳим воқеаси эса ҳар бир давлат ўз фильмлари билан иштирок этган «Жаҳон киноси кунлари»нинг очилиши бўлди. Масалан, томошабинлар «Кун сояси» (Италия), «Юрагингиз ритмга мос рақс тушмоқда» (Германия), «Кассиопия» (Жанубий Корея), «Севги ҳаёти» (Туркия), «Севги қўшиқлари» (Полша), «Бу янги дунё» (Франция) каби фильмларни томоша қилишлари мумкин бўлади.

«Бу менинг Ўзбекистонга биринчи ташрифим. Кинофестивалда иштирок этиш, бошқа томошабинлар билан танишиш мен учун барча мамлакатларда бир-биридан фарқ қиладиган ҳужжатли фильмлар билан боғлиқ барча масалаларни ўрганиш учун ноёб имкониятдир. Ўзбекистоннинг ҳужжатли кинематографияси жамоатчилик учун, маҳаллий ёш киноижодкорлар учун қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигига гувоҳ бўляпман», - деди режиссёр Самуэл Аубин.

Кинофестиваль ҳакамлар ҳайъатининг яна бир аъзоси, польшалик режиссёр Томас Хабовски ҳам Ўзбекистонга қайтиш ва бирор-бир қўшма лойиҳада иштирок этиш режалари ҳақида гапириб берди:

- «Севги қўшиқлари» – менинг биринчи бадиий фильмим. Бу севги, хиёнат ва истеъдод ҳақидаги ҳикоя. Мен кинофестивалда биринчи марта қатнашяпман. Ўзбек халқининг меҳмондўстлигидан ҳайратда қолдим. Қалбим ғурур ва бахт туйғусига тўлиб тошди. Польшага қайтганимда, албатта, яқинларимга Ўзбекистон ҳақида, бу ер нақадар гўзал ва илиқ эканлиги ҳақида гапириб бераман. Мен бу ерга қайтиб келишни ва қўшма лойиҳаларда иштирок этишни жуда истайман”.

«Эрон киноси кунлари»да меҳр-муҳаббат, дўстлик, меҳр-оқибат ва изланувчи ўсмирлар ҳақида ҳикоя қилувчи «Денгиз ўғлонлари» фильми учун ўзбек тилида профессионал дубляж тайёрланиб, у томошабинларга жуда манзур бўлди.

«Севги ҳаёти» фильмини олиб келган «Туркия киноси кунлари»нинг очилиши жамоатчилик орасида катта шов-шувларга сабаб бўлди. Очилишда Бурак Ўзчивит, Нургул Яшилчой каби таниқли актёрлар иштирок этгани эса ажойиб совға бўлди. Ўзбек томошабинлари уларнинг келишини орзиқиб кутишаётган эди. Ўз навбатида Бурак ва Нургул йиғилганлар билан завқланиб суҳбатлашди, уларнинг саволларига жавоб бериб, эсдалик суратларга тушди.

XIV Тошкент халқаро кинофестивали ўз ишини давом эттирмоқда. Меҳмонлар жаҳон фильмларини намойиш қилиш учун республикамизнинг турли ҳудудларига йўл олишган.

Пойтахтда «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали тадбирлари давом этмоқда. Унда дунёнинг 40 та давлатидан 500 нафардан ортиқ киноижодкорлар иштирок этмоқда (реклама ҳуқуқи асосида).

Мавзуга оид
Top