08:27 / 17.09.2022
17599

Ўзбекистон ва Исроил ўзбекистонликларни иш билан таъминлаш тўғрисида битим тасдиқлайди

Президентнинг “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Fotolia

Лойиҳа 2021 йил 26 июл куни Исроилда имзоланган “Ўзбекистон ҳукумати билан Исроил ҳукумати ўртасида Исроил меҳнат бозоридаги махсус секторларда ўзбекистонлик ишчиларни вақтинчалик иш билан таъминлаш тўғрисида”ги битимни тасдиқлашни назарда тутади.

Маълум қилинишича, Исроил Меҳнат вазирлигига кўра, бугун Исроилда 60 мингга яқин хорижий ишчи кучига эҳтиёж мавжуд. Хорижий ишчиларни Исроил меҳнат бозорига жалб қилиш ҳукумат томонидан белгиланган квоталар асосида ишлайди. Қишлоқ хўжалигида бундай квота 29 мингга яқин кишини, қурилиш соҳасида 22 мингга яқин кишини ташкил этади, кекса ёшдагилар ва ногиронларга ғамхўрлик қилиш соҳасида деярли ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас.

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси маълумотига кўра, ҳозирда 10 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси бўлган мигрантлар Исроилда кекса ёшдагиларни ва ногиронларни парвариш қилиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда Исроил ҳудудида ишга жойлаштириш мақсадида айрим шахслар томонидан фуқаролардан 12-15 минг доллар миқдорида пул маблағлари ноқонуний олинаётгани юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушаётгани кузатилмоқда.

Битим имзоланган тақдирда, Исроилда ишлаш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари учун қуйидагилар таъминланади:

  • одам савдоси, ноқонуний миграция, ҳужжатсиз ва қонунга зид равишда ишчи кучини жалб қилиш амалиётига чек қўйилади;
  • ишга қабул қилиш жараёни шаффоф амалга оширилиши учун ҳамда Исроилда ишлашда ҳеч қандай ноқонуний тўловлар олинмаслиги чоралари кўрилади;
  • битим доирасида танланган фуқароларга ишчи виза берилиши навбатсиз ва тўсиқларсиз кафолатланади;
  • йилига 8 000 тагача бўш иш ўрни квота сифатида ажратилади.

Битимни амалга ошириш баённомасига мувофиқ биринчи босқичда Ўзбекистон фуқароларини қариялар ва ногиронлиги мавжуд шахсларни парваришлаш йўналиши бўйича ишга жалб қилиш кўзда тутилмоқда. Кейинги босқичларда фуқароларни қурилиш ва бошқа соҳаларга жалб қилиш Исроил томонидан кўриб чиқилади.

Top