14:29 / 24.09.2022
40834

Полша президентининг ўлимига сабаб бўлган ҳалокат: юзга яқин мансабдор ўтирган самолёт нега қулаб тушганди?

2010 йил 10 апрел куни Полша пойтахти Варшавадан Россияга парвоз қилаётган Ту-154 самолёти Смоленскдаги аэродром яқинида ҳалокатга учрайди. Оқибатда 8 нафар экипаж аъзоси ва 88 нафар йўловчи ҳалок бўлади. Ҳалок бўлганлар орасида Полша президенти Лех Качински, унинг рафиқаси, юқори лавозимдаги мутасаддилар ва ҳарбийлар бор эди.

Фото: zpravy.aktualne.cz

1940 йилда Смоленск шаҳри яқинидаги Катинск ўрмонида советлар томонидан 20 мингдан ошиқ поляк ҳарбий асирлари қатл этилади ва оммавий қабрларга кўмиб юборилади.

СССР тарқаб кетгандан сўнг Россия поляк ҳарбийларининг оммавий қатл этилиши билан боғлиқ ҳужжатларни ошкор қилади. Шундан сўнг Катинск ўрмонидаги поляк ҳарбийлари кўмиб юборилган жойда қабристон ташкил этилди ва ёдгорлик ўрнатилди.

Ҳар йили март-апрел ойларида бу қабристонга ўз яқинларини ёд этиш учун кўплаб полшаликлар келиб-кетишади. 2010 йилда Полша президенти Лех Качински Катинскда қатлиом бўлган поляк ҳарбийларини ёд этиш учун келганда у ўтирган Ту-154 Смоленск яқинидаги аэродром яқинида ҳалокатга учрайди. Оқибатда Полша президенти билан бирга самолётда бўлган барча ҳалок бўлади.

Фото: zpravy.aktualne.cz

Катинск қатлиоми

1939 йил 23 август куни Москвада фашистлар Германияси ва СССР ўртасида Шарқий Европада жойлашган бир қатор давлатларни бирга босиб олиш ва ўзаро тақсимлаш ҳақида совет-герман шартномаси имзоланади.

1939 йил 1 сентябр куни Гитлер Германияси, 17 сентябр куни совет қўшинлари Полшага бостириб киради ва саноқли кунларда бу давлат босиб олинади. Шундан сўнг бир неча ой ичида Германия ва СССР томонидан Чехословакия, Руминия, Венгрия каби давлатлар босиб олинади.

СССР ўзи эгаллаган ҳудудларда асир тушган ҳарбийларни аввалига қамоқхоналарга жойлайди. Кейин барча ҳарбий асирлар НКВД қошида ташкил этилган «тройка» қарорлари билан отиб ташланади.

Архив маълумотларига кўра, 1940 йилнинг баҳорида бир неча ўн минг нафар чех, словак, румин, венгер ҳарбийлари билан биргаликда 21 857 нафар поляк ҳарбий асирлари НКВД ходимлари томонидан қатлиом қилинган. Уларнинг асосий қисми Смоленск вилоятида жойлашган Катинск ўрмонида отилган ва оммавий қабрларга кўмиб юборилган.

1940 йил 3 март куни НКВД бошлиғи Берия Бутуниттифоқ компартия марказий қўмитасига ҳарбий асирларни қатл этиш таклифини беради.

1940 йил март ойи бошларида сиёсий бюро томонидан Бериянинг ҳарбий асирларни отиб ташлаш ҳақидаги таклифи кўриб чиқилади ва қатлиомга рухсат берилади.

Шундан сўнг НКВД ходимлари март-апрел ойларида бир неча ўнг минг ҳарбий асирларни қатл этиб, кўздан пана бўлган ўрмонлардаги оммавий қабрларга кўмиб ташлашади. Асирларнинг аксарияти Катинск ўрмонида отилгани учун тарихда бу иш «Катинск қатлиоми» номи билан қолди.

Урушдан сўнг Полшада зўрлик билан коммунистик тузум ўрнатилади. Ўша пайтда Катинск ўрмонида содир этилган қатлиомни эслашнинг мутлақо иложи йўқ эди. 1989 йилда Полшада коммунистик партия гегемонлиги тугатилади. Тузум ўзгаргач, тарих китоблари бошқатдан ёзила бошлайди.

Советларга садоқат билан хизмат кўрсатган полякларнинг аксарияти ватан хоини сифатида таърифланади ва 1939 йилда Германия ҳамда СССР армиясига қарши жанг қилганлар миллий қаҳрамонлар даражасига кўтарилади. Шу жумладан, Катинск ўрмонларида қатл этилган ҳарбийлар ҳам.

1992 йилда Россия Катинск қатлиомига тегишли барча ҳужжатларни ошкор қилади. Аммо қатлиом учун жавобгарликни тан олмайди.

Шундан сўнг Катинск ўрмонларида қатл этилган ҳарбийларнинг шахсини аниқлаш бўйича ишлар бошлаб юборилади. Бундан ташқари, Катинск ўрмонидаги оммавий қабристонга ёдгорлик ўрнатилади ва ҳар йили март-апрел ойларида кўплаб поляклар бу ерга яқинларини ёд этиш мақсадида кела бошлайди.

Катинск ўрмонига ўрнатилган монумент / Фото: rostov.kp.ru

Полша президенти ўтирган самолётнинг ҳалокатга учраши

2010 йилда Катинск қатлиомига 70 йил бўлиши муносабати билан Полша ҳукумати Катинск ўрмонидаги қабристонга кўмилган поляк ҳарбийларини ёд этиш учун махсус тадбирлар ўтказишни режалаштиради.

Режага кўра Смоленскка аввал Полша бош вазири Доналд Туск бошчилигидаги ҳукумат аъзолари, турли вазирлар ва уларнинг ўринбосарларидан иборат делегация келиб кетади.

Ўшанда Доналд Тускни Россия бош вазири Владимир Путин кутиб олади ва 2010 йил 7 апрел куни қатлиом қилинган поляк ҳарбийларини ёд этиш маросимида бирга қатнашади.

Орадан уч кун ўтиб, 2010 йил 10 апрел куни Полша президенти Лех Качински ва унинг рафиқаси, мамлакат армияси қўмондонлари, таниқли поляк сиёсатчилари ва диний арбоблардан иборат 88 кишилик делегация Полша ҳукуматига қарашли Ту-154 самолёти билан Россияга қараб парвоз қилади.

Лех Качински рафиқаси билан / Фото: regnum.ru

Ту-154 самолёти 1990 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳалокатгача полякларга 20 йил хизмат қилганди. Самолёт жами 5 004 соат парвоз қилиб, 3 823 та учиш-қўнишни амалга оширган, 2009 йилда Россиянинг Самара шаҳрида кўрикдан ўтказилган ва таъмирдан чиқарилганди.

Самолётни тажрибали экипаж бошқарган ва ҳалокатдан уч кун олдин Полша бош вазири Доналд Туск бошчилигидаги ҳукумат делегацияси ҳам Слоленскга шу самолётда келиб кетганди.

Варшавадан маҳаллий вақт билан соат 05:27 да парвоз қилган самолёт Беларус осмони бўйлаб учади ва соат 06:41 да Смоленск яқинига етиб келади.

Ўша пайтда Смоленскда ҳаво жуда қалин булут билан қопланган, шаҳар тепасида кўрувчанлик бор-йўғи 50 метр, аэропортда эса 300 метр бўлган.

Аэропорт диспетчери кўрувчанлик жуда паст бўлгани учун Ту-154 учувчиларига Минск ёки Витебскдаги захира аэродромига қўнишни таклиф қилади. Аммо учувчилар таклифни рад этишади.

Витебск ва Смоленскнинг ораси 120 километрдан ошиқроқни, Минск ва Смоленск ораси эса 300 километрни ташкил этади. Ту-154 ортга қайтса Минскга ярим соатда, Витебскга 10 минутда етиб борарди. Аммо негадир учувчилар ҳар иккала таклифни ҳам рад этишади.

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Ту-154 Смоленск аэропортига қўна олмай, шаҳар тепасида айлана бошлайди. Самолётда ёқилғи кам қолганда диспетчерлар Ту-154 Минск ёки Витебскга етиб боролмаслигини айтиб, учувчиларга Смоленск яқинидаги бўш аэродромга қўнишни таклиф этишади.

Учувчилар бу таклифни қабул қилишади. Аммо Смоленск яқинидаги аэродромга қўнишга уриниш муваффақиятсиз чиқади. Ту-154 аэродром яқинидаги ўрмонга қулаб тушади ва ёна бошлайди.

Фото: lenta.ru

Ҳалокат содир бўлгандан сўнг 20 дақиқа ўтиб ҳодиса жойига ўт ўчирувчилар етиб келишади. Оловни ўчиришда учта самолёт, 124 та турли техника ва жами 800 нафар ходим қатнашади. Олов ўчирилгандан сўнг самолёт бортида бўлган барча ҳалок бўлгани ойдинлашади.

Ҳалокат сабаблари

2010 йил 10 апрел куни ҳалокат сабабларини ўрганиш учун қўшма комиссия ташкил этилади. Комиссиянинг хулосасига кўра Ту-154 ҳалокатига ноқулай об-ҳаво сабаб бўлгани айтилади. Аммо бошқа тахминлар ҳам билдирилган.

Жумладан, айримлар ҳалокатга Лех Качински учувчиларга босим ўтказгани сабаб бўлган дейишади ва 2008 йилда Россия Грузияга бостириб кирган пайтда содир бўлган воқеани мисол қилиб келтиришади.

2008 йил 8 август Россия Грузияга бостириб киради ва 3 кун давом этган урушда грузинлар енгилади. 12 август куни Лех Качински, Литва президенти Валдас Адамкус, Эстония президенти Тоомас Хендрик Илвес, Украина президенти Виктор Юшенко ва Латвия бош вазири Ивар Годманис Михаил Саакашвили билан бирдамликларини билдириш учун Полша президентининг самолёти билан Грузияга отланишади.

Фото: twitter.com

Режага кўра самолёт Озарбойжонга қўниши ва давлат раҳбарлари Тбилисигача бошқа транспортда кетишлари керак эди. Аммо Лех Качински учувчига самолётни Озарбойжонга эмас, Тбилиси аэропортига қўндиришни буюради.

Учувчи самолёт бортида бўлган президентлар ҳаётини хавф остига қўйишни хоҳламайди ва Качинскининг буйруғини бажаришдан бош тортади. Самолёт Озарбойжоннинг Ганжа шаҳридаги аэропортга қўнади, давлат раҳбарлари Тбилисигача автомобилларда кетишади.

Ана шу воқеадан сўнг Лех Качински ўзи учаётган самолётнинг учувчиларига доимо босим ўтказиб келгани ҳақида гап-сўзлар тарқалади.

Жумладан, кейинчалик самолётнинг қора қутисидаги овозлар эшитиб кўрилганда Самолёт осмонда айланиб турганда учувчилар кабинасига делегация таркибида бўлган икки киши киргани маълум бўлади.

Улар учувчиларга Ту-154 ни Смоленск аэропортига қўндиришни буюради, улар кўриш даражаси жуда пастлигини айтиб, буйруқни бажаришдан бош тортишади.

Яна бир гуруҳ мутахассислар (асосан руслар) Ту-154 ҳалокатига ноқулай об-ҳаво сабаб бўлган дейишади. Ўша куни Смоленск шаҳри осмони қалин булутли, шаҳарни эса туман қоплаган эди. Ана шундай шароитда мўлжални тўғри ололмаган учувчилар аэродром яқинидаги ўрмонга ўтиб кетган дейишади.

Асосан полшаликлардан иборат мутахассислар самолёт Россия ҳарбий ҳаво кучлари томонидан уриб туширилган деган версияни ҳам билдиришган.

Улар самолёт аэродром тепасида жуда пастлаб учган ва шунчаки қулаб тушганда ҳалокат кўлами бунча катта бўлмасди ва йўловчиларнинг бир қисми тирик қоларди дейишади.

Ҳалокат юз берган жойга ўша пайтда Россия бош вазири бўлган Владимир Путин ҳам келган эди. / Фото: vladtime.ru

Уларга кўра, СССР тарқагандан сўнг Полша Россия билан доимо совуқ муносабатда бўлиб келган. Шу сабабли Полша президенти, юқори лавозимли ҳарбийлар битта самолётда кетаётганда уларни йўқ қилиш учун жуда қулай вазият юзага келган ва бундан Россия унумли фойдаланиб қолган.

Давлат раҳбарлари бошқа бир давлатга расмий ташриф билан борса, унинг парвоз вақтидаги хавфсизлиги таъминланади. Лех Качински бошлиқ делегация эса Смоленскка норасмий равишда келаётган эди.

Бу ҳолатда мезбон мамлакат хавфсизликни юқори даражада таъминлаб қўйишга мажбур бўлмайди. Ҳодисада Россияни айблаётган поляклар руслар шундан фойдаланиб қолган деган айбловларни ҳам илгари суришган.

Ту-154 ҳалокатини Халқаро авиация қўмитаси мутахассислари ҳам ўрганади. Уларнинг ҳисоботида ҳам ҳалокатга ноқулай об-ҳаво сабаб бўлгани келтирилади. Аммо Лех Качинскининг эгизаги, таниқли поляк сиёсатчиси Ярослав Качински Полша-Россия қўшма комиссияси хулосасини ҳам, Халқаро авиация қўмитаси ҳисоботини ҳам тан олмаслигини маълум қилади.

Эгизак сиёсатчилар - Лех Качински ва Ярослав Качински / Фото: newstatesman.com

Ҳодиса полшалик мутахассислар томонидан ҳам бир неча марта ўрганилган. Улар томонидан эълон қилинган хулосаларда ҳам ҳалокатга ноқулай об-ҳаво сабаб қилиб кўрсатилган. Аммо бундай хулосалар бир неча бор бекор қилинган ва ҳодиса сабаблари қайтадан ўрганилган.

Ярослав Качински ва бошқалар ҳалокатда Смоленск аэродромидаги диспетчерларни айблашган. Улар россиялик ҳарбий диспетчерлар Полша президенти ўтирган самолётга нотўғри йўналиш берган деб ҳисоблашларини билдиришган.

2015 йилда Полша ҳарбий прокуратураси Смоленскдаги аэродромда парвозларни бошқаришга масъул бўлган икки нафар россиялик ҳарбий зобитга қарши жиноят иши қўзғатади.

2017 йилда Смоленск аэродромида ишлайдиган икки нафар ҳарбий диспетчерга ҳам жиноят ишлари қўзғатилгани ҳақида хабар берилади. Варшавада ўтказилган матбуот анжуманида Полша Бош прокурори Смоленск аэродромидаги ҳарбий диспетчерлар самолётни атайлаб ҳалокатга йўллаганини айтади.

Смоленскда қулаб тушган Ту-154 / Фото: liveinternet.ru

Кейинчалик, Ту-154 2009 йилда Самарадаги корхонада Россия хавфсизлик хизмати ходимлари назорати остида таъмирланган пайтида унга портловчи модда ўрнатилгани ва самолёт қулаб тушишдан аввал ҳавода портлаб кетгани ҳақидаги гаплар ҳам ўртага чиқади.

Россия томони ўша пайтда барча айбловларни рад этган ва ҳалокатга ноқулай об-ҳаво шароитида учувчилар хатога йўл қўйгани сабаб бўлганини айтиб келади. Ҳодисадан кейин Полша-Россия муносабатлари анча совиб кетади.

Ҳалок бўлган юқори лавозимли шахслар

  • Лех Качинкски – Полша президенти
  • Мария Качинская – Полша президенти рафиқаси
  • Владислав Стасяк – Полша президенти администрацияси раҳбари
  • Анжей Кремер – Полша ташқи ишлар вазирининг ўринбосари
  • Славомир Скшипек – Полша миллий банки раиси
  • Анжей Бласик – Полша ҳарбий ҳаво кучлари бош қўмондони
  • Тадеуш Бук – Полша қуруқликдаги қўшинлари қўмондони
  • Франтишек Гонгор – Полша армияси бош штаби қўмондони
  • Анжей Карвета – Полша ҳарбий денгиз кучлари қўмондони
  • Станислав Коморовски – Полша Мудофаа вазири ўринбосари
  • Влодзимеж Потасински – Полша армиясидаги махсус қўшинлар қўмондони
  • Александр Шипло – Полша Миллий хавфсизлик бюроси раҳбари
Лех Качински, унинг рафиқаси ва ҳалокатда вафот этган юқори лавозимли мутасаддилар / Фото: fb.ru

Бундан ташқари, делегация таркибида кўплаб армия қўмондонлари, Полша парламенти депутатлари, жамоат арбоблари ва турли нодавлат ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек диний арбоблар бўлишган.

Ўликларни талаш (Кафандўзлик)

Ҳалокат содир бўлганидан бир неча кун ўтиб Полша ички хавфсизлик агентлигига Смоленскда ҳалок бўлган Анжей Пшевозникнинг хотини эрининг картасидан кимдир фойдаланаётгани ҳақида хабар беради.

Биринчи транзакция ҳалокатнинг эртаси куни амалга оширилиб, номаълум шахс бир неча кун давомида картадан 60 минг рубл миқдорда пул ечиб олади. (Ўша пайтдаги курс бўйича 2 минг доллардан ошарди – муаллиф изоҳи.)

Шундан сўнг Полша томони Россия ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилади. 2010 йил 6 июн куни Полша ҳукумати матбуот котиби Россияда Смоленскда содир бўлган ҳалокатда вафот этганларнинг карталари ва пулларини ўмаришда гумонлаб уч нафар ОМОН ходимини қўлга олганини маълум қилади.

Фото: lenta.ru

Ўша куни Россия ИИВ матбуот хизмати бу хабарни инкор этади. Икки кундан кейин Россия армиясига муддатли ҳарбий хизматга чақирилган 4 нафар аскарга ўғрилик учун жиноят иши қўзғатилади. Улар ҳалокат оқибатларини бартараф этишда қатнашган ҳарбийлардан бўлишган.

Россия тергов қўмитаси матбуот хизмати жиноят иши очилган ҳарбийларнинг ёнидан Смоленскда ҳалок бўлган полякларга тегишли банк карталари топилганини маълум қилади.

Бундан ташқари, самолётда бўлганларнинг тилла ва бошқа қимматбаҳо буюмлари йўқолгани ҳақида хабарлар берилади.

Лех Качинскини хотирлаб

2010 йил 11 апрел куни Лех Качинскининг жасади Варшавага олиб кетилади. Полшада мотам кунлари эълон қилинади. Бир неча кундан кейин у дафн этилади. Қолганларнинг жасади ҳам 24 апрелгача Полшага жўнатилади.

Полша президенти вафоти муносабати билан дунёнинг қарийб барча давлатлари ҳамдардлик билдиришади. Шу жумладан Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳам Полша ҳукуматига ҳамдардлик мактуби юборади.

2010 йил 18 апрел куни Лех Качински ва унинг рафиқаси дафн этилади ва маросимда Европадаги аксар давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари қатнашади.

Владимир Путин Лех Качинскининг дафн маросимида

Кейинчалик Полшада ўнлаб шаҳарларда, шунингдек, Украинада Одесса, Хмелницкий, Житомир, Грузияда Тбилиси ва Кутаисида, Молдавия пойтахти Кишинёвда, Литва пойтахти Вилнюсдаги кўчаларга Лех Качински номи берилади.

Бундан ташқари, ҳалокат ҳақида бир нечта бадиий ва ҳужжатли филм ишланади. Улардан бирини россиялик режиссёр, яна бирини National Geographic суратга олади.

Янги президент

Лех Качински вафот этган 10 апрел санасидан бошлаб конституцияга мувофиқ унинг ўрнини Полша парламенти спикери Бронислав Комаровски эгаллайди.

Ўша йили 20 июн навбатдан ташқари президентлик сайловини ўтказиш куни этиб белгиланади. Унда бир қатор номзодлар қатори Комаровски ва Ярослав Качински ҳам ўз номзодини қўяди ва иккаласи энг кўп овоз олиб, иккинчи турга ўтади.

Иккинчи турда Комаровски 53 фоиз, Ярослав Качински 47 фоиз овоз олади ва Комаровски Полшанинг навбатдаги президенти этиб тайинланади.

Бронислав Комаровски / Фото: cnn.com

Айни дамда Полшага 2015 йилдан буён президентлик қилиб келаётган Анжей Дуда раҳбарлик қилмоқда. У 2020 йилда ўтказилган сайловда ҳам ғалаба қозониб, иккинчи муддатга президент этиб сайланди.

73 ёшли Ярослав Качински эса 2020 йилдан буён Полша вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмита раиси лавозимларида ишламоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top