19:55 / 29.09.2022
4908

UzAuto: «Автосаноат корхоналари Global Innovation Index'да мамлакат рейтингини яхшилашга ҳисса қўшмоқда»

Фото: UzAuto

Global Innovation Index жаҳон рейтингида меҳнат унумдорлигининг ўсиш суръати бўйича Ўзбекистоннинг шов-шувли 7-ўрни иқтисодиёт раҳбарлари эътиборидан четда қолмади. Ҳақиқий секторда меҳнат шароитлари бўйича тез-тез муҳокамалар фонида нуфузли манбадан берилган бундай юқори баҳо ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Эълон қилинган ҳисобот натижаларига кўра Ўзбекистон рейтингга киритилган 132 мамлакат орасида 82-ўринни эгаллади. 2015 йилда мамлакатимиз 122-ўринда эди ва шу тариқа етти йил ичида бирданига 40 поғонага кўтарилди. Рейтинг 81 кўрсаткичдан иборат бўлиб, уларнинг баъзиларига кўра Ўзбекистон аллақачон дунёнинг энг яхши мамлакатлари қаторига киради. Бу, масалан, меҳнат унумдорлиги (7-ўрин), бизнесни қўллаб-қувватлаш (22-ўрин), университетлар ва ишлаб чиқариш ўртасидаги илмий ҳамкорлик (29-ўрин) ва бошқа бир қатор кўрсаткичларга тегишли.

“Бугунги кунда Global Innovation Index йиллик натижалари сарҳисоб қилиниб, унда Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг энг муҳим мақсадларидан бири сифатида ҳурматли президент томонидан эътироф этилган. UzAuto учун муҳим кўрсаткичлар – масалан, бизнесни қўллаб-қувватлаш сиёсати, университетлар ва саноат ўртасидаги илмий ҳамкорлик-мамлакатимиз аллақачон дунёнинг энг яхши 30талигига киради ва меҳнат унумдорлигининг ўсиш суръати бўйича глобал рейтингда 7-ўринни эгаллайди. Ишонч билан айта оламанки, автомобилсозлик корхоналари ушбу кўрсаткичга катта ҳисса қўшмоқда", – дейди «Ўзавтосаноат» АЖ бошқарув раиси Шавкат Умрзоқов.

Global Innovation Index – бу АҚШнинг Корнелл университети, INSEAD француз бизнес мактаби ва жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган тадқиқот. Рейтинг Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2019 йил 19 декабрда қабул қилинган барқарор ривожланиш учун фан ва технологиялар тўғрисидаги қарорда қайд этилган.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов: “2022 йилги ҳисобот «Инновацион ривожланишнинг келажаги» мавзусига бағишланган бўлиб, бу биз учун айниқса муҳимдир, чунки республикадаги барча жорий ислоҳотлар ва ўзгаришлар келажакка қаратилган. Бир қатор кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон нафақат макроминтақада, балки глобал даражада ҳам етакчи ўринларни эгаллаб турибди. Бунга илм-фан ва муҳандислик соҳаларида битирувчилар сонининг динамикаси мисол бўла олади, бу ерда биз сенсацион равишда дунёда олтинчи ўринни эгалладик. Бундай мисоллар жуда кўп ва биз уларни янада кўпайтириш устида ишлашни режалаштирмоқдамиз.

Реклама

Top