19:01 / 11.10.2022
22912

Янги ғолиблар ва 3,5 карра кўп маблағ — Президент “Ташаббусли бюджет” бўйича янгиликларни эълон қилди

Бу йилги 2-мавсум ғолиблари қаторига қўшимча равишда яна 364 та лойиҳа ҳам қўшилди. Кейинги йилдан бошлаб “Ташаббусли бюджет”га ажратиладиган пуллар сони 3,5 баробарга кўпайтирилади. Маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилади.

“Ташаббусли бюджет”нинг бу йилги 2-мавсумида 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган лойиҳаларнинг ҳаммаси молиялаштириладиган бўлди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 11 октябр кунги йиғилишда кўрсатма берди.

Топшириққа кўра, ғолиб деб топилган 1418 та лойиҳага қўшимча равишда, ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 364 та лойиҳа учун республика бюджетидан 335 млрд сўм ажратилади.

Қўшимча ғолиб деб топилган 364 та лойиҳанинг 110 таси мактаблар, 113 таси маҳаллалардаги ички йўллар, 49 таси шифохоналар, 16таси боғчаларни таъмирлаш ва жиҳозлашга оид.

Натижада, 2-мавсум учун ажратилган жами маблағлар миқдори 1,3 трлн сўмни ташкил этиб, мавсум доирасида ғолиб деб топилган лойиҳалар сони 1782 тага етади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу билан бирга, 200 дан ортиқ аҳоли қўллаб-қувватлаган маҳалла шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникаларни жиҳозлашга келгуси йилда қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Бу орқали 195 та лойиҳа доирасида 600 та маҳалла аҳолиси қамраб олинади.

Яна бир муҳим янгилик: 2023 йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина “Ташаббусли бюджет” орқали, аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилади.

Бунинг учун “Ташаббусли бюджет”га жорий йилга нисбатан 3,5 баробар кўп (8 трлн сўм) маблағ ажратилади. Бунда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун ажратилиши кўзда тутилган маблағлар ҳам фуқаролар томонидан илгари сурилган лойиҳаларга йўналтирилади.

“Шунда ўғрилик бўлмайди, адолат бўлади, одамлар ўзлари ҳисса қўшган лойиҳаларни албатта асраб-авайлайди”, деди президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Одамларни қийнаб келаётган муаммоларни кўпроқ ҳал этиш мақсадида 2023 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджети қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам фуқаролар фикри асосида йўналтириладиган бўлди. Бунгача бундай талаб фақат туман-шаҳарлар бюджетига тааллуқли эди.

Бошқача айтганда, энди нафақат туман-шаҳарлар, балки вилоятлар бюджетидаги қўшимча маблағларнинг ҳам камида 30 фоизини қаерга ишлатишни маҳаллий аҳоли ҳал қилади.

Эслатиб ўтамиз, президент ўтган ҳафта сирдарёлик фаоллар қаршисидаги чиқишида ҳам “Ташаббусли бюджет” ҳақида гапирган эди.

“Тасаввур қилинглар, ҳар бир берган пулимизни очиқ бюджет бўлиб одамларнинг ўзи тасдиқласа қандай яхши бўларди. Ўн карра кўп адолат бўларди”, – деганди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидлаш керакки, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси орқали жойларда одамлар уюшган ҳолда ўз ҳудудидаги муаммоларни ҳал этиш учун овоз йиғиб, пул ажратилишига эришмоқда. Яъни солиқ тўловчилар ўзлари тўлаган солиқлардан йиғилган пуллар қаерга ишлатилишини ҳал қилишда иштирок этяпти.

Ғолиб чиққан маҳаллалар ўз ғалабасини катта хурсандчилик, карнай-сурнай ва мушаклар билан нишонлаши одат тусига кириб боряпти.

Top