16:42 / 20.10.2022
19559

“Дўконимда 50 минг долларлик мол бор эди” — Андижондаги ёниб кетган “Жаҳон бозори”дан репортаж

Катта ёнғин бозордаги 56 та дўконни қамраб олган. Уларнинг аксариятидаги товар-буюмлар куйиб, яроқсиз ҳолга келган. Вайронкор ёнғин сабаби номаълум, электр токидаги қисқа туташув деган тахмин бор. Kun.uz мухбири ёнғин оқибатларини тасвирга олди, дўкондорлар ва шаҳар ҳокими билан суҳбатлашди.

19 октябр куни соат 03:46да Андижон шаҳридаги “Жаҳон савдо комплекси” АЖга қарашли дўконларда ёнғин бўлаётгани тўғрисида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.

ФВБга кўра, воқеа жойига 10 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 03:56да етиб бориб, ёнғин соат 04:00да тўлиқ қуршаб олинган, соат 04:16да батамом ўчирилган.

Kun.uz мухбири ҳодиса жойига бориб, ёнғин келтирган талафотлар билан танишди. Мутасаддилар ва дўкон эгалари билан суҳбатлашди.

20 йилдан буён мана шу бозорда савдо қиладиган Муҳаббат Қўчқорованинг айтишича, унинг дўконида 50 минг доллар атрофида товарлари ёниб кетган.

“Пальто, шуба, кожа, плаш каби аёлларнинг сарпо молларини сотамиз. Ярим соат олдин юк қўйиб кетган эдик, шундан кейин тезда ёниб тугади деяпти. Ҳамма светларни ўчириб кетган бўлса, ёнғин қаердан чиққан? 100 та тадбиркорнинг жойи эди бу жой. Энди ҳар бирини уйида бола-чақаси бор... Янги ҳоким моддий ёрдам берамиз, дўконларингни жойида тиклаймиз деди. Турк молларини сотаман. 50 минг доллар атрофида товарим бор эди. 1-2 марта бузишади деганда кўнмаган эдик”, – дея таъкидлади у.

“Тахминан 40 минг долларлик товарим бор эди. Хитой товарларини сотардим. Ёлғиз аёлман, 14 йилдан бери уч фарзандни давлатимиздан моддий ёрдам олмасдан, ўзим эплаб келаётган эдим. Бунақа кунлар ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Шаҳар ҳокимимиз чиройли қилиб қуриб, моддий ёрдамларни қилиб берамиз, деб ваъда берди”, – дейди Дилфузахон Назарбекова.

Ёнғинга электр токидаги қисқа туташув сабаб бўлгани тахмин қилиняпти. Ҳозирда тегишли мутасаддилар ёнғин сабабларини ўрганмоқда.

Андижон шаҳар ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов бозорга келиб, дўкон эгалари билан суҳбатлашди. У келтирилган зарар аниқлангач, барчаси тўлиқ қоплаб берилишини таъкидлади.

“Шахсан дўкончиларни қабул қилдим. Ҳар бирининг рўйхатини шакллантирдик. Дўкони неча метр квадрат бўлса, худди шундай ҳажмдаги дўкон қилиб берамиз. Тергов ҳаракатлари тугагач, аниқланган зарар қопланиб берилади. Ҳозир айланма маблағ учун пул ажратиб берамиз”, – дейди ҳоким.

Ёнғин оқибатида фуқароларнинг тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар ўрганиш якуни бўйича эълон қилинади.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири.

Top