18:20 / 21.10.2022
16168

Назарбекдаги мактабда 41 йилдан бери спорт зали йўқ. Бюджетни тақсимловчилар уялиши керак эмасми?

Зангиота тумани Назарбек шаҳарчасининг Найман маҳалласида 7-сонли мактаб ва унинг филиали жойлашган. Бу икки таълим масканининг қурилганига анча бўлган, лекин ҳануз спорт зали ва меҳнат хонаси йўқ. Ҳудуд аҳолиси таҳририятимизга йўллаган мурожаатида фарзандлари шу муаммодан қийналаётганини, масъуллар эса бунга бефарқлигини айтмоқда.

Kun.uz жойига бориб ҳолатни ўрганди. Маълум бўлишича, 7-сонли мактаб 260 ўринли бўлиб, 1981 йилда қурилган, 2007 йилда реконструкция қилинган. Шу мактабнинг филиали эса 160 ўринга мўлжалланиб, 2009 йилда барпо этилган. Аммо орадан шунча вақт ўтганига қарамай, 420 нафар ўқувчини қийнаб келаётган масалалар ҳанузгача ечим топмаган.

7-сонли умумтаълим мактаби, Зангиота тумани, “Назарбек” ҚФЙ, “Найман” МФЙ, Фото: Kun.uz
 7-сонли умумтаълим мактабининг филиали, Зангиота тумани, “Назарбек” ҚФЙ, “Найман” МФЙ, Фото: Kun.uz

“7-мактабимизда ҳам, унинг филиалида ҳам болалар учун шароит яхши эмас. Ўқувчилар учун спорт зали ва меҳнат хонаси йўқ, улар шундай чанг-тўзонда ўйнашади. Мактаб атрофидаги панжаралар ҳам талабга жавоб бермайди. Панжаралар жуда эски, шуни замонавийсига алмаштириш керак. Мактаб олдидаги ариқни эса лотокка айлантириш керак”, – демоқда Найман маҳалла фуқароси Қодир Қорабоев.

Қодир Қорабоев, Найман маҳалла фуқароси, Фото: Kun.uz

Муаммолар юзасидан юқори ташкилотларга мурожаат қилингани ёки йўқлигини билиш мақсадида 7-сонли мактаб директори Дилшод Нуртаев билан боғландик. Унинг айтишича, булардан Зангиота тумани халқ таълими бўлими ҳамда Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси яхшигина хабардор.

“Инвестиция дастури бўйича мактабимизда спорт зали ва меҳнат хонасини қуриш 2023 йилга белгиланган. Айнан шу масалада жуда кўп мурожаатлар келиб тушган, бу ҳақда туман халқ таълими бўлими, Тошкент вилояти халқ таълими бошқармасига ҳам айтилган.

Спорт залнинг қурилишига ҳам катта маблағ кетади, ҳамма нарса режали дастур асосида бўлиб келяпти. Ҳатто, бу мурожаатлар туман йўл харитасида ҳам акс эттирилган. Асосан, катта маблағни ечиш учун вақт кераклигини айтишади, шунинг учун жараён йилма-йил чўзиляпти”, – деди мактаб раҳбари.

Ҳолат юзасидан Зангиота тумани ХТБ мудири билан ҳам суҳбатлашдик. Бўлим мудири Абдулла Раҳматуллаев иккита мактабнинг спорт майдончалари маҳаллий аҳоли ёрдамида ҳашар йўли билан барпо қилинганини, аммо спорт зали ҳануз йўқлигини айтди.

“Бу масала анчадан бери кўтарилиб келади. Ҳақиқатан спорт зали мавжуд эмас. Бизнинг туманда жами 7 та мактабда спорт зали йўқ, олдин 13 та эди. Ҳар йили битта-иккита қурилиб, шу даражагача келди, бу бир кунда бўладиган иш эмас. Битта спорт зални қуришга 2,5 млрд сўм керак бўлади. Шу сабаб режага киритилиши учун хат билан чиққанмиз, насиб қилса, бўлиб қолар энди. 2023 йилга киритишга ҳаракат қиляпмиз.

Биласизми, 10 тадан ортиқ панжаралари йўқ мактабларимиз ҳам бор. Яқинда шунинг таҳлилини қилдик, ҳокимиятда кенгаш йиғилиши бўлди, барча ҳисоботларни бердик. Олдимизга қўйилган вазифалар, муаммолар – ҳаммасини кўриб чиқдик. Бу масалани вилоят ҳокими ҳам кўтарган, мана энди туман миқёсида муҳокама қилиниб, режаларни белгилаб, киритяпмиз”, – деди Абдулла Раҳматуллаев.

Kun.uz мухбири 17 октябр куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Халқ таълими вазирлиги мутасаддиларидан Назарбекдаги мактаблар муаммолари ва вазирликнинг бу борадаги режалари ҳақида сўради.

15 октябр куни АОКАда ўтган матбуот анжумани, Иштирокчилар: Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирлиги вакиллари / Фото: АОКА

“Ҳар йили ҳокимликлар томонидан депутатлар билан келишган ҳолда ҳамма мактаблар ўрганилиб, инвестиция дастури тузилади. Шу йил ҳам 340 дан зиёд мактабларга спорт заллари қурилиши режалаштирилган, ҳозир қуришмоқда. Айнан 7-сонли мактаб ва унинг филиали бу дастурда бор ёки йўқлигидан бехабарман. Лекин албатта, уларга ҳам спорт зали қилиб берилади. Йилма-йил шу дастурга киритиб келиняпти”, – деди Халқ таълими вазирлиги Ички аудит бошқармаси бошлиғи Бурхон Аҳмедов.

Бурхон Аҳмедов, Халқ таълими вазирлиги Ички аудит бошқармаси бошлиғи / Фото: АОКА

Вазирлик ушбу мактаблар тўғрисида аниқ маълумотга эга эмаслиги, кейинроқ батафсил ахборот берилишини маълум қилди.

“Айтган мактабингиз бўйича қандай режа борлигини аниқлаштириб, яна ҳам батафсил маълумот берамиз. Шу ўринда бир маълумотни айтиб ўтмоқчиман, 2022 йилнинг ўзида 51 та мактабда янгидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда, 461 тасида реконструкция, 271 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда”, – дея қўшимча қилди Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова.

Лайло Рустамова, Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари / Фото: АОКА

Бир неча кунлар ўтяптики, мактаб ва ундаги етишмовчиликлар қачон бартараф этилишига оид маълумотлар тақдим этилмади. Вазирлик матбуот хизмати Кun.uz'нинг бу борадаги сўровини эътиборсиз қолдирди.

Афсуски, бу муаммо биринчи маротаба ёритилаётгани йўқ. Журналистлар одамларни қийнаётган масала бўйича аввал ҳам материал ҳам тайёрлашган, масъуллар эса мактаб тез орада реконструкция қилиниши ва шунда спорт зали ҳам қурилишини ваъда қилишган.

Қисқасини айтганда, ҳар қанча баландпарвоз гаплар гапирилмасин, кўплаб мактабларимизда элементар шароитлар ҳам йўқлиги аҳволимизни очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. Ҳаммаси бюджетда пул етишмаслигига бориб тақалади дейиш эса катта хато бўларди: кераксиз сарф-харажатларнинг боши ҳам, охири ҳам йўқ.

Дилшода Шомирзаева,
Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top