10:04 / 25.10.2022
10346

Бюджетни емираётган яширин иқтисодиёт ёки энг йирик солиқ тўловчи тармоқлардан хавотирли сигнал

2022-2026 йилги Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг 21-мақсадига кўра, иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш ҳисобига яқин беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 1,6 бараварга ортиши, 2030 йилга бориб эса бу даромадлар “даромади ўртадан юқори мамлакатлар” сафига кириш учун етарли базани яратиши кўзда тутилган.

Давлат бюджети даромадлар тузилмасида қўшилган қиймат ва акциз солиқлари ҳиссаси юқори бўлиб, қарийб 40 фоизни ташкил қилади. Шу сабабли йирик солиқ тўловчилар деб саналадиган фармацевтика, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тармоқларида яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва пировардида, бюджет даромадларини ошириш учун назоратни кучайтириш зарурати туғилади.

Мана шу масалалар 19 октябрда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Марказий кенгашининг биносида ўтказилган ЎзЛиДеП матбуот-клубининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинди.

Йиғилишда амалдорлар яширин иқтисодиётни тубдан қисқартириш, товарлар ноқонуний айланувининг олдини олиш, айниқса дори воситалари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари контрабандасини бартараф этиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шаффоф рақобатни таъминлаш бўйича ўз таклифларини бердилар.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг маслаҳатчиси Муҳаббат Иброҳимовага кўра, бугунги кунда Ўзбекистон фармацевтика бозорида дори воситаларининг ялпи айланмаси 1 миллиард 400 миллион долларни ташкил қилади. Аммо уларнинг ҳаммасини ҳам сифатли препаратлар деб бўлмайди. Шунингдек, бу суммани фармсаноат товар айланмасининг бор ҳажми деб ҳам айта олмаймиз.

“Кейинги 9 ой давомида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган минглаб мурожаатлар асосида, Ўзбекистонда 7000 номдаги бир неча минг дона Ўзбекистонда қайд этилмаган ва сифатсиз дори воситалари аниқланган”- деди у.

Шунингдек, Алкоголь-тамаки бозорини тартибга солиш ва шаробчиликни ривожлантириш агентлиги раҳбари Комилжон Абдураҳимовнинг сўзларига кўра,  тамаки бозорида кейинги 2 йилда контрабанда маҳсулотларининг улуши 4 фоиздан 15 фоизга етди. Агар ўтган йилда тамаки маҳсулотларидан 2 трлн. сўмдан зиёд акциз солиқлари йиғилгани ҳисобга олинса, тамаки маҳсулотлари айланмасидаги яширин иқтисодиётнинг улуши ўсиб бораётгани давлат бюджети учун ниҳоятда хатарли вазиятга айланади.

Ўзбекистон ҳудудига контрабанда кириб келишида асосий масъулият божхоначилар зиммасига тушмайдими? Давлат божхона қўмитаси бошқармаси бошлиғи Улуғбек Қосимов бу саволга шундай жавоб берди:

“Жамиятда ёки аҳолида контрабанда маҳсулоти божхона постлари орқали кириб келади, деган хато тушунча мавжуд. Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудига кириб келувчи ҳар бир фуқарога 10 “қути”гача тамаки маҳсулоти олиб киришга рухсат берилади. Бу омил ҳам бор. Аммо кейинги 2-3 йилда, чегара божхона постлари замонавий жиҳозлар билан таъминланганидан кейин, божхона постлари орқали маҳсулотларни ноқонуний олиб кириш кескин қисқарди”.

Бундай товарлар кириб келишининг сабабларидан бири сифатида амалдор чегараолди ҳудудларининг демаркацияси ва делимитацияси йўқлигини тилга олди, мамлакатга олиб кира олмасликнинг сабаби сифатида мамлакат ҳудудига кириб келувчи транспорт воситаларини сканерлаш имкониятига эга кўздан кечириш комплекслари ўрнатилганлигини келтирди.

ДСҚ яширин иқтисодиёт муаммоларини ўрганиш бўлимининг бошлиғи Акмал Анорқулов контрабанда ва контрафакт маҳсулотга қарши курашишда жамоавий назоратнинг аҳамиятини қайд этди. У ягона солиқ тизими орқали қайтариладиган кешбэк тизими аҳоли учун мотивация бўлгани ва бу услуб орқали фуқаролар яширин иқтисодиётга қарши курашишга катта ҳисса қўшганликларини таъкидлади.

У келтирган ахборотга кўра, йил бошидан буён 1,1 млн.дан ортиқ фуқаро бир қарашда арзимас кўринадиган 1 фоизли тизимда жами 421 млрд сўм кешбэк олди.

Тадбир якунида ЎзЛиДеП депутатлари вазирликлар ва идоралар вакиллари билан биргаликда, биринчи навбатда дори воситалари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари контрабандасига қарши курашишда яширин иқтисодиётни тубдан қисқартириш, товарлар ноқонуний айланмасига йўл қўймаслик, жамоавий назоратни ўрнатишга келишиб олдилар.

Top