15:52 / 31.10.2022
11925

Украина ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган ракета Молдова ҳудудига тушди

Фото: Readovka

Молдова Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат шимолидаги Наславча қишлоғига Россия ракетаси қулаган, қурбонлар йўқ. Наславча Украинанинг Винница вилоятидан Днестр дарёси орқали ажратилган.

Молдова шимолида украиналик ҳарбийлар томонидан уриб туширилган Россия ракетаси қулади, деб хабар берди Кишинёвдаги Ички ишлар вазирлиги. «Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилган ракета Украина билан чегарада жойлашган Молдова Республикасининг Наславча қишлоғининг шимолий қисмига қулаган. Ҳозирда қурбонлар йўқ, Наславчадаги бир нечта уйларда деразалар синиб кетган», деб маълум қилди Молдова маҳкамаси матбуот хизмати 31 октябр, душанба куни.

Ракета қулаган ҳудуд ўраб олинган, терговчилар воқеа жойида ишламоқда, дея хабар берилди қўшимча равишда. Вазирликнинг эслатишича, шу куни эрталаб Украинанинг Молдова билан чегарадош ҳудудларида ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинган. Молдова Ички ишлар вазирлиги Украина ҳукумати маълумотларига таяниб, руслар Украина ҳудудида, Наславчанская ГЭСдан 10 км узоқликда жойлашган Днестр гидроэлектр станциясига ҳужум қилганини билдирди. Сув тошқини хавфи йўқ, дея таъкидланади хабарда. 

Молдованинг Наславча аҳоли пункти тўғридан тўғри Винница вилоятининг ёнида жойлашган, чегара Днестр дарёси орқали ўтади. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top