13:25 / 01.11.2022
16032

«Биз инвестиция киритиш орқали Ўзбекистондан итоат кутмаймиз» – Германия ташқи ишлар вазири

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок бошқа давлатлар Ўзбекистонни ўз таъсир доирасининг бир бўлаги сифатида кўрмоқчи бўлса, немислар яхши ҳамкор сифатида кўрмоқчилигини билдирди. Шунингдек, у эркинлик ва ҳуқуқларнинг таъминланиши Ўзбекистонга кирган инвесторларнинг энг яхши ҳимояси бўлишини таъкидлади.

Фото: Kun.uz

1 ноябр куни Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва Германия Федератив Республикаси ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувдан сўнг вазирлар ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказди.

«Мен учун муҳими, биз ҳамкорликни тенг ҳуқуқли даражада биргаликда олиб боришимиз. Тенг ҳуқуқли деганда ишончли, шаффоф ва мажбуриятлар юкламайдиган кредитлар [ёки қарзлар] бериш орқали амалга ошириш тушунилади.

Бошқа давлатлар Ўзбекистонни [инвестициялар киритиш орқали] ўз таъсир доирасининг бир бўлаги сифатида кўрмоқчи бўлса, биз Ўзбекистонни яхши ҳамкор сифатида кўрмоқчимиз. Инвестициялар киритиш орқали биз итоатни кутаётганимиз йўқ, балки фақатгина ҳуқуқий хавфсизликни муҳим деб биламиз», дея Германия ташқи ишлар вазири сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Анналена Бербок Ўзбекистон охирги йилларда ижтимоий ҳуқуқ соҳасида муваффақиятларга эришгани, болалар ва катталар мажбурий меҳнатига қарши ишлар олиб борилганини эътироф этди. Шунингдек, энди қийин бўлса-да ислоҳотларнинг кейинги босқичи бошланиши кераклигини таъкидлади.

«Бу фуқароларингиз учун келажакка бўлган яхшироқ ишончни тақдим қилди. Ўзбекистон бу билан муҳим ислоҳотларни бошлади, кейинги қадам ҳуқуқий давлатчилик ва фуқаролар эркинликларини таъминлаш бўлади. Сиз бу йўлни қийин йўл деб биласиз, аммо бу давлатингизни янада катта ютуқларга етакловчи йўл ҳисобланади. Бу йўлда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига кўмак бериш асосий мақсад ҳисобланади. Биз бу борада ишончли ҳамкор бўлишга тайёрмиз.

Эркинлик ва ҳуқуқларнинг таъминланиши Ўзбекистонга кирган инвесторларнинг энг яхши ҳимояси бўлади. Яна хоҳлардимки, сиз билан [Владимир Норовни назарда тутмоқда - таҳр.] гаплашган гапларимиз фақат сўз бўлиб қолиб кетмасидан, амалда ҳам ишласа», – деди Германия ташқи ишлар вазири.

Top