12:36 / 04.11.2022
11499

UzAuto «UzSungwoo» заводи негизида қиймати 10 млн $га тенг замонавий металлни термик қайта ишлаш цехини ишга туширди

Фото: UzSungwoo

«UzSungwoo» заводида Марказий Осиёдаги ягона қайноқ штамплаш йўли билан тўлиқ автоматлаштирилган металлни қайта ишлаш цехини ташкиллаштириш Chevrolet Tracker ва Onix моделлари учун қиймати $19 млн.га тенг 20 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш имконини беради. Янги линияни ишга тушириш натижасида «UzSungwoo» йиллик ишлаб чиқариш ҳажми $95 млн.га етади.

Фото: UzSungwoo

Лойиҳа давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг самарали тизимини яратиш ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича қўйилган топшириқлар доирасида «Ўзавтосаноат» АЖ томонидан амалга оширилди. «Ўзавтосаноат»нинг «UzSungwoo» МЧЖ ҚКнинг ишлаб чиқариш қувватларида қиймати $10 млн.га тенг “Металлни иссиқлик билан қайта ишлаш” лойиҳасининг амалга оширилиши бугунги кунда янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича мавжуд қувватларни кенгайтириш борасидаги лойиҳалар қаторидан жой олди.

Энг янги технологиялар асосида лойиҳалаштирилган «UzSungwoo» металлни иссиқлик билан қайта ишлаш янги линияси Schuler, Prima Power, Benteler ва Aotto каби дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари компанияларининг металлни кесиш, қайноқ пресслаш ва лазерда кесиш ускуналари билан жиҳозланган. Корхонада янги линия ишга туширилиши натижасида қўшимча 120 та иш ўрни яратилиб, 2,4 млн. металл буюмни ишлаб чиқариш таъминланган.

Иқтисодиётни ривожлантириш бевосита ишлаб чиқаришнинг ўсишига боғлиқ. Ўзбекистонда навбатдаги ўзига хос юксак технологик ва илмий асосга эга ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш, шубҳасиз, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга ва экспортнинг барқарор ўсишига хизмат қилади. Бундан ташқари, илгари Ўзбекистонга импорт қилинган маҳсулотни ишлаб чиқариш имконияти бошқа соҳаларда ҳам импортни қисқартириш учун шароит яратади.  

Автомобилсозлик саноатининг кўп қирралилигини ҳисобга олиб, айтиш мумкинки, янги ишлаб чиқариш технологиялари юқори даражали мутахассисларга бўлган талабни оширади ва ёш авлодга кўплаб йўналишлар бўйича сифатли таълим олиш учун рағбат вазифасини ўтайди. Замонавий ишлаб чиқариш, шунингдек, олий тоифали муҳандислар сонининг ошиши, техника фанлари ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ бошқарув маданияти ривожланишига туртки беради.

Фото: UzSungwoo

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон автомобил саноатида мустаҳкам ўринга эга «UzSungwoo» корхонаси, мана, 10 йилдирки, юртимизда ишлаб чиқарилаётган автотранспорт воситалари, шунингдек, Россия, Мексика, Бразилия ва Кореядаги йирик автозаводлар учун 300 номдаги штапмланган ва пайвандланган бутловчи қисмларни етказиб беради.

Завод UzAuto структурасига киради ва 2012 йилда «UzSungwoo» ишга туширилган вақтдан буён 900 га яқин иш ўрнини яратиб, $60 млн. атрофидаги инвестицияни жалб қилган.

 Реклама

Top