14:09 / 09.11.2022
5585

Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти доирасида илгари сурган ўнлаб ташаббуслари рўёбга чиқмоқда

2022 йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити ўтказилади. Ўзбекистон – ташкилот доирасида оддий кузатувчи эмас, балки ўз қарашларини таклиф этувчи фаол иштирокчи бўлиб, кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 35 дан ортиқ аниқ ташаббусларни илгари сурган. Бугунги кунга қадар президент Шавкат Мирзиёевнинг 20 дан ортиқ ташаббуслари амалга оширилди, хусусан:

  • 2021 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда Ёш тадбиркорлар форуми ташкил этилди ва унинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди;
  • транспорт ва божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш бўйича лойиҳалар амалга оширилди: Ўзбекистон ва Туркия ўртасида «yePermit» пилот лойиҳаси синовдан ўтказилди, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида «рақамли ТИР» ва «яшил йўлак» пилот лойиҳалари ишга туширилди;
  • Ўзбекистоннинг «Universal Logistics Service» (Тошкент), «Akhtachi» (Андижон) ва «Termez Cargo Centre» (Сурхондарё) логистика марказлари ТДТнинг «Биродар портлар» жараёнига қўшилди;
  • 2021 йил июнь ойида ТДТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг 6-йиғилиши бўлиб ўтди. Қўқон 2022 йилда «Турк дунёсининг туристик пойтахти» деб эълон қилинди;
  • «Табаррук зиёрат» лойиҳаси ишга туширилиб, Туризм бўйича «йўл харитаси» қабул қилинди;
  • 2022 йил июль ойида Тошкент шаҳрида ТДТга аъзо давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг биринчи йиғилиши ва илк Туркий Агрофорум ташкил этилди;
  • 2022 йил июнь ойида Бухоро шаҳрида Ёш лидерларнинг IV форуми ташкил этилди. Форум давомида Бухоро «Турк дунёсининг биринчи ёшлар пойтахти» деб эълон қилинди;
  • Алишер Навоий номидаги «Турк дунёси бирлигини таъминлашга қўшган ҳиссаси учун» халқаро мукофоти таъсис этилди;
  • Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Хожиб, Алишер Навоий, Мусо Ал-Хоразмий каби алломаларнинг маданий меросига бағишланган халқаро илмий анжуманлар ўтказилди;
  • Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўйича ТДТ тузилмаси, Туркий халқлар меросини ўрганиш халқаро маркази, IT мутахассислар платформаси, Инжиниринг-технология маркази ва Туркий давлатларнинг савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот маркази ва бошқаларни яратишга доир концепциялар ишлаб чиқилмоқда.

Бу ва бошқа ташаббуслар ТДТ доирасида кўп қиррали ҳамкорликнинг янги форматларини йўлга қўйиш, унинг институционал ва амалий салоҳиятини мустаҳкамлаш имконини беради.

Top