21:07 / 11.11.2022
46736

Бухоролик 22 ёшли йигит хотини ва 5 ёшли ўғлини ўлдириб, ёқиб юборди

Ҳодиса оила Тошкентдан Бухорога қайтаётганида, Ғаллаорол тумани Кўкгумбаз маҳалласи, Заргар қишлоғида содир бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, фуқаролардан бири 102 рақами орқали М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Ғаллаорол туманидан ўтган қисмида, йўл ёқасидаги қирликда ёш аёл ва вояга етмаган боланинг куйган жасадларини кўргани ҳақида хабар берган.

Ҳодиса жойига зудлик билан Ғаллаорол тумани ИИБ тергов-тезкор гуруҳи ходимлари етиб боришган ва ҳолат юзасидан тезкор суриштирув ишларини бошлаб юборишган.

Дастлабки суриштирув давомида жасад Бухоро вилояти Шофиркон туманида «Искагоре» ҚФЙда яшовчи, 1993 туғилган аёлга тегишли экани аниқланган.

Суд-тиббий экспертизада аёл ва бола юқори нафас йўлларининг беркилиб қолишидан вафот этгани, қотил уларни бўғиб ўлдиргани аниқлаган.

Суриштирув давомида аёл билан бирга яшаб келган, Бухоро вилояти Ғиждувон тумани «Сармижол» ҚФЙда яшовчи, 2000 йилда туғилган йигит гумонланувчи сифатида қўлга олинади. Дастлабки тергов давомида йигит ўз жиноятини тан олади.

Маълум бўлишича, йигит аёл билан бундан 5 йил аввал танишган ва оила қурган. 2017 йилда фарзандли бўлишган. Йигитнинг зиммасига оила боқиш чеки тушгач эр-хотин ўртасида тез-тез жанжал содир бўлган.

Жорий йил кузда йигит хотинининг ҳомиладор бўлганидан хабар топиб, уни ва ўғлини Тошкентга чақириб олиб, Зангиота тумани Олимполвон маҳалласидаги ижара уйга жойлаштирган. Бир неча кун ўтиб улар Бухорога қайтишга қарор қилишган ва йўлда Ғаллаорол туманига тушиб қолишган.

Шу ерда эр-хотин ўртасида яна жанжал юзага келган. Йигит хотинига бир нечта шапалоқ туширган, аёл уни тош билан урган. Шундан сўнг йигит хотинини панага олиб ўтган ва уни бўғиб ўлдирган.

Бу орада ухлаб ётган бола уйғониб кетган ва жиноятга гувоҳ бўлган. Йигит уни олиб кетмоқчи бўлганида бола онаси билан қолишини айтган. Йигит жиноятига гувоҳ қолишини истамай, ўғлини ҳам бўғиб ўлдирган.

Қотил изни йўқотиш учун марҳумларнинг кийимларини уларнинг устига ташлаб ёқиб юборган. Бироз ўтиб кимгадир дуч келиб қолмаслик учун воқеа жойидан Бухоро томонга кетиб қолган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top