21:29 / 15.11.2022
38022

«Енгилмас» деган миф қарийб парчаланди: Россиянинг Қора денгиз флотидан нима қолди?

«Россиянинг Қора денгиз флоти қанчалик кичрайса, Қора денгиз шунчалик хавфсиз бўлади», — деди Украина президенти Володимир Зеленский 6 ноябр куни. Чиндан ҳам 8 ой давом этаётган кенг миқёсли уруш даврида Украина қуролли кучлари ўз президентининг бу формуласини ҳаётга татбиқ этиш учун кўп ишлар қилди.

Зеленскийнинг баёнотлари сўнгги вақтларда кузатилаётган Қора денгиздан туриб Украина шаҳарларига ракета зарбалари сони камайганига нисбатан реакция эди. Бунга РФ Қора денгиз флотининг Севастополдаги ҳарбий-денгиз базасига 29 октябр куни пилотсиз бошқарилувчи қурилмалар билан зарба берилгани сабаб бўлди, деб ёзади BBC.

Гарчи Кремл «минимал йўқотишлар»га дучор бўлганини таъкидлаган эса-да, зарбалар Россия Қора денгиз флоти флагмани «Адмирал Макаров» фрегати ва яна бир нечта кемаларга берилган.

Кўплаб украиналик ва хорижий экспертлар Россиянинг Қора денгиз флоти йўқ қилингани, у бундай зарбадан ўнгланмаслиги ҳақида шошилинч хулосалар ҳам беришди.

«Россия ҲДФ ўз ҳарбий денгиз флотига эга бўлмаган давлат томонидан таҳқирланди», — деб ёзди Британиянинг Navy Lookout таҳлилий нашри.

«Бу флот кемаларига Украина томонидан зарар етказилгани, у қарийб барча ҳарбий денгиз кучларидан айрилгани факти Россияда портларни ҳимоя қилиш, разведка, рақиб имкониятига аниқ баҳо бериш каби базавий имкониятлар йўқлигидан далолат беради», — деган NavalNews нашри мухбири, Туркия ҳарбий денгиз кучларининг истеъфодаги зобити Тайфун Ўзберк.

Лекин бошқа экспертлар хулоса чиқаришга шошилмасликка ҳам чақиришмоқда.

Уларнинг фикрича, Қора денгиз флоти бурчакка қисилган яраланган ҳайвондек, барибир ҳамон хавфли. Агар бокс термини билан айтадиган бўлсак, Украина рақиби нокдаун ҳолатига тушган, лекин бу нокаут эмас.

Украина почтаси РФ Қора денгиз флоти флагмани «Москва» крейсери йўқ қилинганига атаб марка чоп этди. Фото: zn.ua

Қақшаткич ҳужум хроникаси

Қора денгиз флоти мағлубиятларининг кетма-кетлиги Россиянинг Украинага бостириб киришининг дастлабки ҳафталариданоқ рўй бера бошлаганди. Унинг ягона ғалабаси сифатида 24 февралда Илонли (Змеиний) оролнинг эгалланишини кўрсатиш мумкин эди, бироқ июн ойи охирида бу ҳудуд ҳам ташлаб кетилди.

Энг оғриқли зарба эса апрел ойида рўй берган «Москва» флагманининг чўктирилиши бўлганди. Кемага украинлар иккита «Нептун» ракеталари билан ҳужум уюштиргани тахмин қилинади.

Бундан ташқари, баҳор ва ёзда Россиянинг Қора денгизда жойлаштирилган «Новочеркасск», «Цезарь Куников», «Василий Бех» ва «Всеволод Бобров» кемаларига ҳам ҳужум қилингани айтилди.

Натижада бу йил ўртасида Қора денгиз флотида қўмондон алмашишига олиб келди.

РФ Қора денгиз флоти қўмондони Виктор Соколов. У август ойида Игор Осипов ўрнини эгаллаган. Фото: rg.ru

9 ноябр ҳолатига Украина қуролли кучлари бош штаби Россиянинг 16 та кема ва катерлари йўқ қилинганини хабар бермоқда.

Лекин бу статистикада сўнгги «ўлжа» — Қора денгиз флотининг «Москва» ўрнига белгиланган янги флагмани «Адмирал Макаров» фрегати йўқ.

BBC маълумотларига кўра, фрегат айнан 29 октябр куни украин пилотсиз қурилмалари билан Севастопол кўрфазига ҳужум қилинган чоғда жиддий талафот кўрган. Айнан шу фрегатдан туриб «Калибр» ракеталари билан Украина шаҳарларига мунтазам зарбалар берилаётган эди.

РФ Қора денгиз флотининг Севастополдаги базасига ҳужум қилингач, денгиз ҳавзасидан туриб ракета учиришлар камайди.

«Қора денгизга «Калибр» ракеталарини олиб юрувчи кемалардан бирортаси жанговар навбатчиликка чиқмаётгани ҳақида хабарлар келиб турибди. Бу ватан ҳимоячиларимиз томонидан эришилган жуда катта натижа», — дея таъкидлаган 6 ноябр куни Володимир Зеленский.

Лекин Украина ўзини денгиздан ҳужум қилишдан халос қила олди, дейиш мумкинми?

Украина ҳарбий денгиз кучлари штаб бошлиғи собиқ ўринбосари Ондрий Риженконинг айтишича, сўнгги кунларда Қора денгиздан туриб ракета учиришлар сони кескин камайгани мураккаб об-ҳаво шароитлари билан боғлиқ. «Калибр» ташувчи кемалар Россия флотида ҳамон бор, хусусан сувости кемаларида.

РФ Қора денгиз флотининг янги флагмани «Адмирал Макаров» фрегатига пилотсиз қурилма зарбаси билан шикаст етказилган. Фото: goodfon.ru

Қора денгиз флотида нималар қолди ўзи?

Риженконинг айтишича, яқинда ўзининг доимий жойлашув ўрни — Новороссийскдан Севастополдаги базага 06363 лойиҳасидаги қанотли ракеталар учира оладиган иккита сувости кемаси келган (Қора денгиз флотида бундай субмариналардан олтита бор). Бу ҳали ҳаммаси эмас.

«Уларда назарий жиҳатдан «Калибр» ракеталари учира оладиган 11 та кема бор, — дея қайд этади Риженко, — лекин айни дамда сув усти кемаларидан фақат учтаси бунга тайёр».

Гап «Адмирал Эссен» фрегати ва «Буян-М» типидаги иккита корвет ҳақида бормоқда.

Фрегат 125 метрли кема бўлиб, 8 та қанотли ракета учириш қурилмаси, зенит-ракета комплекси, торпедали қуролланиш ва артиллерия қурилмасига эга. У шунингдек, ўз бортида ҳарбий вертолёт ҳам таший олади.

«Адмирал Эссен» — Қора денгиз флотидаги нисбатан янги кема. У 2014 йил ноябрида сувга туширилган.

«Адмирал Эссен» фрегати РФ Қора денгиз флоти таркибининг энг янги кемаси. Фото: kchf.ru

«Буян-М» лойиҳасидаги кемалар, масалан, «Вишний Волочёк» ва «Орехово-Зуево» ракетали корветлари 74 метр узунликка эга, улар ҳам бортида 8 та «Калибр» таший олади, артиллерия қурилмалари ва зенит-ракета комплексларига эга.

Риженкога кўра, булар чинакам хавф туғдирувчи ягона сув усти кемаларидир.

«Бошқа кемалар зарба бера оладиган аҳволда эмас, — дейди у. — «Адмирал Макаров» зарба еган, гарчи тўлиқ вайрон бўлмаган эса-да, таъмирталаб. Яна бир фрегат «Адмирал Григорьевич» Ўрта Ер денгизида жойлашган.

«Буян-М» типидаги бошқа корветлар ҳам жанговар ҳолатда эмас. Бири зарбага дучор бўлган, иккинчиси Ўрта Ер денгизида.

Яна тўртта патрул кемалари бор. Масалан, «Василий Биков». Бу 90 метрли кема артиллерия, ракета қуроли ва вертолёт майдончасига эга.

Конструкция жиҳатидан уларга ҳам «Калибр» учирувчи қурилмалар ўрнатилиши мумкин, дейди эксперт. Бироқ шу пайтгача бу нарса амалиётда синаб кўрилмаган.

«Бу ғалати. Чунки «Калибр»ларсиз бу кема йирик буксир кемага айланади», — дея таажжубини яширмайди Рижов.

Хуллас, РФнинг Қора денгиз флотида айни дамда қанотли ракеталар учириши мумкин бўлган учта сув усти ва учта сувости кемаси мавжуд.

Сув усти кемалари жами бўлиб 24 та ракета учира олиши мумкин, субмариналар эса 12 та. Яъни умумий ҳисобда Украинага Қора денгиз томондан 36 та «Калибр» учиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, «Калибр»лар эмас, советларнинг эски ракеталарини учириши мумкин бўлган яна 8 та кема бор. Яна зенит-ракета комплексларига эга қайиқларга қарши десант кемалари ҳам бор.

«Шу сабабли Қора денгиз флотининг жанговар қобилияти критик даражада тушиб кетди, дейиш ярамайди, мен қобилият 70 фоизга тушди, деган ахборотни эшитдим. Йўқ, менимча, бунча пасаймаган, — дейди Риженко. — Ҳа, жанговар қобилият сусайди, лекин Қора денгиз флотига диққат-эътибор қаратмаслик даражасида эмас».

«Новороссийск» сувости кемаси ҳам Украина ҳудудига қанотли ракета учира олади. Фото: kchf.ru

Қора денгиз флотидан келадиган хавф қанчалик катта?

Флот флагманларининг сафдан чиқарилиши ҳарбий денгизчиларнинг маънавий-руҳий ҳолатига салбий таъсир ўтказди, дейди эксперт. Бироқ Қора денгиз флоти ҳамон хавфли. Хусусан, Одесса областига десант тушириш хавфини тўлиқ инкор этмаслик керак.

Айни пайтда Россия армиясини Украинанинг кемаларга қарши соҳил ракета комплексларининг самарали иши тийиб турибди.

Россияликлар уларни Х-59 каби ракеталар билан нейтраллаштиришга уринмоқда. Айнан советлар даврида ишлаб чиқарилган, бомбардимончи учоқлардан учириладиган мана шу ракеталар билан Россия қўшинлари Украинанинг Қора денгиз соҳилига ҳужум қилмоқда.

Россиянинг десант операциялари учун яна бир муҳим тўсиқ — урушнинг айни босқичида улардан фойдаланишнинг мақсадга номувофиқлиги.

Десант қуруқликдаги қўшинлар билан қўллаб турилсагина муваффақиятли чиқади, Россия эса сўнгги ойларда Миколайив ва Одессани ишғол этиш у ёқда турсин, Херсонда ҳам чекинмоқда.

Бундай операциянинг муваффақияти учун яна бир муҳим шарт — ҳаводаги ҳукмронлик. Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими кучайтирилгач, руслар ҳаводаги устунликни ҳам йўқотди.

«Улар десант тушириши мумкин, лекин фронтдаги вазият ҳамда Украинада кемаларга қарши тизимлар борлиги учун оператив шарт-шароитлар бунга изн бермайди», — дея мухтасар қилади фикрини Риженко.

«Ғалла йўлаги» — бошқа гап. Бу — Босфор бўғозидан Украина портларигача Қора денгизнинг ғарбий ва шимолий-ғарбий қисмидан ўтувчи хавфсиз йўналиш. У июл ойининг охирида очилди ва 22 ноябргача ишлаши керак эди. Қора денгиз флоти кемаларига пилотсиз қурилмалар билан зарба берилгач, Кремл ўзининг бу «йўлак»да иштирокини тўхтатишини эълон қилди. Орадан икки-уч кун ўтиб Москва ўз позициясини ўзгартирди.

«Россияда «ғалла йўлаги»ни нишонга олиш учун жуда кўп имконият бор. Улар буни ракеталар, торпедалар, миналар ва авиация ёрдамида амалга ошира олади. Дарвоқе, улар «йўлакни назорат қилиш» учун авиациясини мунтазам жўнатиб турибди, — дейди Риженко.

Россияни ушбу коридорга зарба беришдан тўхтатиб турган бош омил Туркиянинг позицияси бўлиб турибди. Анқара хавфсизлик ғояси ва «ғалла ташаббуси» амал муддатини яна бир йилга чўзишни ҳар қанақасига қўллаб келмоқда. Экспертнинг фикрича, Россия ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан бу масалада Туркияга қарши тура олмайди.

Яширинишга уриниш

Украинанинг Қора денгиздаги ҳаракатлари, жумладан ракета зарбалари, Россия флотини Одесса соҳилларидан узоқроққа кетишга ва Севастопол қўлтиғига «яшириниш»га мажбур қилди.

«Стратегия ХХІ» глобалистика маркази хавфсизлик дастурлари раҳбари, собиқ денгиз зобити Павел Лакийчук вазиятни Иккинчи жаҳон урушида немисларнинг оғир линкорлари билан бўлган вазиятга ўхшатади.

Қимматбаҳо ва ўлчамлари катта бўлган кемаларни йўқотишдан қўрқиб, немислар уларни жангларга сафарбар қилмасдан, портларда ушлаб туришган.

«Бу кемаларнинг йўқотилишидан кўрилган зарар улардан келадиган фойдадан катта бўлган, — дейди эксперт. — Қора денгиз флоти билан ҳам шу нарса бўлмоқда: ишлатса бўладиган куч бор, лекин улар бу кучни яширишга мажбур».

Риженконинг сўзларига кўра, айни дамда Россия кемалари Севастопол қўлтиғидан чиқмасликка ҳаракат қилишмоқда, уларнинг жанговар позициялари эса гўшанинг сузувчи тўсиқ деворларидан узоқда эмас.

Павел Лакийчукка кўра, Россия флоти ҳарбий денгиз базасидан умуман чиқа олмайди ва у ердан туриб зарбалар ҳам беролмайди.

Экспертларга кўра, Россия Қора денгиз флоти кемаларидан бир қисмини Севастополдан чиқаради. Фото: fotokto.ru

«Бу улар учун ўта хавфли, — дейди истеъфодаги биринчи ранг капитани. — Агар муваффақиятсиз ракета учириши очиқ денгизда рўй берса, ракета шунчаки сувга тушади. Бироқ Севастопол қўлтиғидан муваффақиятсиз учирилган «Калибр» турар жой бинолари устига ёки Қора денгиз флоти штабига қулаши ҳам мумкин».

Яқинда Россия томонидан аннексия қилинган Қримдаги Севастопол ҳарбий-денгиз базасига пилотсиз учар қурилмалар билан ҳужум қилиниши базанинг ўзини ҳам тўлиқ ҳимояланган деб бўлмаслигини кўрсатди.

Бироқ, Россия кемалари қаерда яшириниши мумкин? Аниқ кўриниб турган вариант — Новороссийск портида.

Бу шаҳар Россиянинг Кранодар ўлкасида жойлашган, Одессадан 700 км, Севастополдан 400 км нарида бўлиб, ҳарбий-денгиз инфратузилмасига эга.

Экспертлар Россия Қора денгиз флоти кемаларини украинларнинг зарбасидан асраш учун айнан шу ерга жойлаштиради, дейишмоқда.

«Бундай вариант борлиги аниқ, Новороссийскка десант кемаларининг айримлари элтиб қўйилиб ундан аллақачон фойдаланилган. Сувости кемалари анчадан буён ўша ерда, у ерда сувости кемаларининг 4-бригадаси штаби жойлашган», — дейди Риженко.

Павел Лакийчук бу фикрга қисман қўшилиб, Новороссийскдаги база Қора денгиз флотининг барча кемаларини сиғдира олмаслигини айтди.

«Бундай имкониятни инобатдан соқит қилмайман. Лекин бутун Қора денгиз флотини Новороссийскка жойлаштириб бўлмайди. У ердаги ҳарбий бандаргоҳ Севастополдагидан анча кичик», — деган эксперт.

Севастопол қўлтиғидаги катерга 29 октябр кунги денгиз пилотсиз қурилмаси ҳужумининг скриншоти. Андрий Цаплиенко

Кема ўрнига пилотсиз қурилмалар

Navy Lookout фикрига кўра, Украинанинг пилотсиз сув усти ва учар қурилмаларининг Россия ҳарбий денгиз базасига муваффақиятли зарбаси Россия кемаларига ўз бандаргоҳларида ҳам хавфсизлик кафолатланмаганини кўрсатиб берди. Бу янада қимматбаҳо сувости кемаларига ҳам тааллуқли. Аллақачон Балаклавадаги сувости кемалари учун совет даврида қурилган ерости панагоҳлари қайта тикланаётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

Бу муваффақият фонида Украина президенти Володимир Зеленский денгиз пилотсиз қурилмалари флоти учун маблағ тўпланаётганини эълон қилди.

«Бу қандай иш беришини ҳаммамиз кўрдик», — деган у Севастопол қўлтиғида рўй берган воқеаларга шама қилиб.

Россия ҳукумати ҳам «сувусти ва сувости дронлари армияси» тузилаётганини эълон қилди ва буни тезроқ амалга оширмоқчи.

Севастополнинг оккупацион қўшинлари раҳбари Михаил Развожаев бу масала Россия президенти Владимир Путин билан келишилганини айтиб ўтган.

«Ўртоқ Зеленский дронлар армияси тўплаётганини таъкидлаб ўтди. Биз бундай армияни янада тезроқ барпо этиш учун барча имкониятларимизни ишга солишимиз керак», — деган Развожаев 7 ноябр куни.

Пилотсиз қурилмаларни ишлаб чиқаришни Севастополдаги Серго Оржоникидзе номидаги заводда бошламоқчи бўлишди. Андрей Риженкога кўра, Украинада пилотсиз қурилмалар флотилиясини яратиш учун 2-3 ой керак, шунда ҳам аппаратлар четдан харид қилинса ёки уларни хорижлик ҳамкорлар тақдим этса.

Унинг сўзларига кўра, дронлар яратиш ва ишлаб чиқариш учун Украинада малакали инженерлар ҳам, технологик имкониятлар ҳам бор, фақат вақт йўқ холос.

«Бунинг учун вақт керак. Бизда техник тажрибалар учун вақт йўқ, — дейди эксперт. — Мен қисқа муддатли истиқболда шунчаки тайёр аппаратларни сотиб олардим, ўрта муддатли истиқболда ўзимиз ишлаб чиқаришимиз ҳақида бош қотирардим».

Ҳозирча ғарблик экспертлар томонидан «флотсиз мамлакат» деб аталаётган Украина душманининг ҳарбий-денгиз кучларини топқирлик ва жасурлик эвазига енгмоқда, Россия флотининг «енгилмас» эканлиги тўғрисидаги мифларни ҳам парчаламоқда. 

Top