17:18 / 16.11.2022
15694

Жиззахда уч киши, Хоразмда икки киши ис газидан заҳарланиб вафот этди

Вафот этганлардан уч нафари вояга етмаган болалар бўлган.

Фото: Getty Images

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, икки кунда Жиззах ва Хоразм вилоятларида 5 киши ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Жумладан, 2022 йил 13 ноябр куни соат 19:30 ларда Хоразм вилояти Урганч шаҳри, 4-даҳа 25-уй 21-хонадонда ижара асосида яшовчи, 2001 йилда туғилган фуқаро Д.С. ва 2007 йилда туғилган Р.Б. хонадонида ўрнатилган қўлбола усулда тайёрланган иситиш қозонидан ажралиб чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этган.

2022 йил 13 ноябр куни ҳолат юзасидан Урганч шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

2022 йил 15 ноябр куни соат 8:30 ларда Жиззах вилояти Зарбдор тумани, Янгикент маҳалласида яшовчи, 1959 йилда туғилган фуқаро А.А. набиралари, 2008 йилда туғилган О.А. ва 2010 йилда туғилган Ч.Т. яшаш хонадонида қўлбола усулда тайёрланган иситиш мосламадан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Зарбдор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, 2022 йил 6 ноябр куни Жиззахда 34 ёшли она ва унинг 10 ва 15 ёшли икки фарзанди ис газидан вафот этганди.

Ўзбекистонда совуқ мавсум бошланганда ис гази билан заҳарланиш ҳолатлари содир бўлади. Аксарият ҳолларда ис гази билан заҳарланиш иситиш печлари мўрисининг яхши тозаланмаслиги ёки иситиш печларини ўрнатишда эътиборсизлик қилиш ортидан келиб чиқади.

Top