18:31 / 16.11.2022
15971

«Ўзбекистонда бизнесингиз муваффақиятли бўлиши учун барча чораларни кўрамиз» — Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

16 ноябр куни «Кўксарой» қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, «Suez», «Calik Holding», «Cengiz Enerji», «Halyk Bank», «VEON Group», «TBC Bank», Абу-Даби тараққиёт фонди, «ACWA Power», «Zeppelin International AG», «EDF», «AME International», «CNH Industrial», «Youngone Corporation», «Procter & Gamble», «Mitsui», «Sojitz Generation DMCC», «KIA Motors», «General Electric», «John Deere», «Silverleafe», «Knauf», «White&Case» каби етакчи компания ва банклар раҳбарлари, шунингдек, халқаро молиявий институтлар – Жаҳон банки, Халқаро молиявий корпорация, Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки вакиллари иштирок этди.

Президент ўз чиқишида бугунги кунда жаҳонда жиддий глобал ўзгаришлар юз бераётгани, дунё ҳамжамияти пандемиядан халос бўлишга улгурмай, янги қийинчилик ва синовларга дуч келаётганини, турли зиддият ва қарама-қаршиликлар тобора кучайиб бораётгани, бундай оғир ва мураккаб шароитда ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган яқин ҳамкорликнинг аҳамияти ҳар томонлама ортиб бораётганини таъкидлаган.

Ўзбекистон раҳбарининг қайд этишича, сўнгги 5 йилда мамлакат иқтисодиётига кириб келган хорижий инвестициялар ҳажми 10 баробар ошиб, қарийб 40 миллиард долларни ташкил этди.

«Биз 10 йил давомида ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги кўрсаткичдан икки баробар оширишни мақсад қилганмиз. Бунга эришиш учун бизда хоҳиш-ирода ҳам, имконият ҳам етарли», дея қайд этди у.

Бу мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон сармоялар ҳажмини келгуси 5 йилда 120 миллиард долларга етказиш, жумладан, камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этишни ҳисоб-китоб қилган.

«Ушбу инвестицияларни, энг аввало, саноат соҳаларини модернизация ва трансформация қилиш, ишлаб чиқариш, коммунал ва транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантиришга йўналтириш учун аниқ лойиҳа ва дастурларимиз бор. Шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш каби давлат тасарруфидаги анъанавий соҳаларга ҳам хусусий инвестицияларни жалб этиш кун тартибимизда туради», деган президент.

«Биз хорижий инвесторларни ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва биргаликда амалга оширишга чақирамиз. Сизларни ишонтириб айтаманки, Янги Ўзбекистонда инвесторлар ўзини эркин ҳис этиши, эртанги кунга катта ишонч билан қараб барқарор ишлаши учун барча имкониятларни яратиб берамиз. Айнан шунинг учун бизга яқин дўст, хайрихоҳ бўлган энг ишончли инвесторлар иштирокида янги Кенгашни ташкил этмоқдамиз. Сизлар билан узоқ муддатли, ўзаро манфаатли инвестицион ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишимизга аминман», дейди давлат раҳбари.

Президент Ўзбекистон томони Кенгаш доирасида ривожлантирмоқчи бўлган бир қатор соҳаларга қисқача тўхталиб ўтган.

«Биз қонун устуворлигини Янги Ўзбекистон тараққиётининг бош тамойилларидан бири этиб белгиладик. Кейинги йилларда юртимизда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида мисли кўрилмаган чоралар ҳаётга жорий этилди. Бундан буён фуқаро ва тадбиркорларга мулк ҳуқуқини сўзсиз таъминлаш ва ҳимоя қилиш шаффоф ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими томонидан кафолатланади», деган президент.

Давлат раҳбари Ўзбекистонда илғор хорижий амалиёт ва тажрибани жорий этиш мақсадида Хорижий инвесторлар кенгаши ҳузурида доимий фаолият юритадиган Инвесторларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитасини ташкил қилишни таклиф этган.

«Биз банк-молия соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ниятидамиз. Гап мазкур соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, хорижий банкларни Ўзбекистонга фаол жалб этиш, самарали фонд бозорини шакллантириш ҳақида бормоқда», деган президент ва Ўзбекистон хорижий сармоядорларнинг банк-молия соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслари учун очиқ эканини таъкидлаган.

«Иқтисодиётда давлат улушини камайтириш ва хусусийлаштиришни янада чуқурлаштириш асосий мақсадларимиздан бири бўлиб қолади», дея қайд этган Шавкат Мирзиёев.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда 1 минг 200 та давлат корхонаси хусусийлаштирилгани эслатиб ўтилган. Келгуси йилнинг ўзида яна мингга яқин корхона ва кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, давлат-хусусий шериклик механизмини иқтисодиётнинг барча тармоқларига фаол татбиқ этилмоқда. Қисқа муддатда мазкур йўналишда сезиларли натижаларга эришилган. Биргина энергетика соҳасида Ўзбекистон, ушбу механизмлардан фойдаланган ҳолда, 8 миллиард доллардан ортиқ маблағни жалб этган. Президент Кенгаш аъзоларини хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик дастурларида фаол иштирок этишга таклиф қилган.

«Ўзбекистоннинг бой табиий ресурсларини ўзлаштиришда катта имкониятлар мавжуд. Хабарингиз бор, мамлакатимиз олтин захиралари бўйича дунёда 2-ўринни, мис бўйича – 7-ўрин, вольфрам бўйича – 8-ўрин, кумуш бўйича – 9-ўрин, уран бўйича – 12-ўринни эгаллайди.

Фойдали қазилма конларини ўзлаштириш соҳасига йирик инвестицияларни жалб этиш мақсадида геологик маълумотларни очиқ эълон қилдик. 10 дан ортиқ турдаги стратегик фойдали қазилмаларни ўзлаштириш учун солиқ ставкаларини пасайтирдик, ер солиғини бекор қилдик, махсус техникаларни божхона тўловларидан озод этдик», деган президент.

Ўзбекистон хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича аниқ лойиҳаларни тайёрлагани таъкидланган.

«Биргина мисол. Ўзбекистонда йилига 150 минг тонна мис қазиб олинади ва унинг атиги 70 минг тоннаси қайта ишланади. Яқин йилларда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 500 минг тоннага етказамиз. Шу муносабат билан мис кластерини барпо этишга киришдик. Унинг ҳудудида мис фольгаси, электродвигателлар, қуёш панеллари, кабель-ўтказгич маҳсулотлари ва бошқа юқори қўшилган қийматли товарларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошира бошладик. Бундан ташқари, электромобилларни ишлаб чиқариш тармоғига асос солиш ниятидамиз», деган президент ва инвесторларни ушбу йўналишларда амалий ҳамкорлик қилишга даъват этган.

Ўзбекистонда рақамлаштириш соҳасига инвестицияларни жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳамда Ўзбекистон «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш жараёнида фаол қатнашаётгани қайд этилган.

«Хорижий инвесторлар билан ишлашни қуйидаги тартибда ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайман. 

Қайд этилган ҳар бир устувор йўналишни амалга ошириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида Сармоядорларни қўллаб-қувватлаш ишчи гуруҳи ташкил этилади. Ушбу ишчи гуруҳ Хорижий инвесторлар кенгаши ҳузурида фаолият юритади ҳамда чет эллик сармоядорларни комплекс ва тизимли равишда қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади. Хусусан, инвесторни аэропортда кутиб олишдан тортиб, бизнес учун зарур рухсатнома ва лицензиялар беришгача бўлган барча хизматларни «ягона ойна» тамойили асосида кўрсатади», деган Ўзбекистон раҳбари.

Мажлисда сўзга чиққан Кенгаш аъзолари кейинги йилларда Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурининг юксак муваффақиятларини, улар натижасида бизнес билан шуғулланиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратилганини қайд этдилар. Инвесторларнинг фаолиятига ҳар томонлама кўмак кўрсатилаётгани учун давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик, бундан буён ҳам ўзаро манфаатли шериклик қилишга тайёрлик билдирилди.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон президенти хорижий инвесторлар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, бугунги мажлисда билдирилган таклифлар асосида аниқ муддат ва ижрочиларни кўрсатган ҳолда «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Янги ишчи гуруҳнинг фаолиятини Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов мувофиқлаштириб боради. У бошқа барча масалалардан озод қилиниб, бор эътиборини фақат инвесторлар билан ишлашга қаратади.

Бош вазир ўринбосарлари Ж.Хўжаев, Ж.Қўчқоров, Ж.Мирзамаҳмудов ўз йўналишлари бўйича келиб тушадиган мурожаатларни ижобий ҳал этишни таъминлайди.

«Ишчи гуруҳи Кенгаш котибияти билан бирга, хорижий инвесторлар таклифлари асосида, аниқ лойиҳалар, уларни амалга ошириш учун қонунчиликни такомиллаштириш, муддатлар ва масъул ижрочилар белгиланган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиши лозим», деган президент.

«Ўзбекистонда бизнесингиз муваффақиятли бўлиши, мамлакатимизда ўзингизни ишончли, эркин ва қулай ҳис этишингиз учун барча чораларни кўрамиз», дея инвесторларга юзланган Шавкат Мирзиёев.

Top