10:57 / 22.11.2022
12062

Тошкентда ўзини ички ишлар ходимлари деб таништириб, босқинчилик содир этган шахслар ушланди

Ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, босқинчилик содир этган шахсларга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Фото: Тергов департаменти

2022 йил 17 ноябрь куни соат 19:00 ларда, икки номаълум шахс олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, ўзга мол-мулкини босқинчилик йўли билан талон-торож қилиш мақсадида, Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Чўлпон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Кичик ҳалқа йўли ёқасида бўла туриб, 26 ёшли Ж.Қ.нинг олдига келиб, унга ўзларини ИИБ ходими деб таништирган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар уни ноқонуний валюта айирбошлашда айблаб, Юнусобод тумани ИИО ФМБга олиб боришини айтиб, номаълум шахслар бири бошқарувидаги “Нексия-3” машинасига ўтказиб, Яшнобод тумани Чўлпон маҳалласи ҳудудига олиб борган.

Хабарда айтилишича, бу шахслар Ж.Қ.ни пичоқ билан қўрқитиб, юз ва бош қисмларига уриб тан жароҳат етказган ҳамда 1 100 000 сўм пулини тортиб олиб, ҳодиса бўлган жойидан яширинган.

Олиб борилган тергов-тезкор ишлар натижасида, мазкур жиноятни муқаддам судланган 30 ёшли А.Ё. ва 35 ёшли Н.У. содир этгани аниқланган.

Ҳодиса содир бўлган жой ҳамда Н.У. бошқарувида бўлган “Нексия-3” русумли автомашина кўздан кечирилганда автомашина юкхонасидан 1 дона ошхона пичоғи ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодекси 164-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, босқинчилик содир этган шахсларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади маълумотда.

Top