21:23 / 25.11.2022
12556

Киев ва Москва махфий музокара ўтказган: унда аммиак ва асирлар муҳокама қилинган 

17 ноябрь куни Россия ва Украина делегациялари Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) махфий музокара ўтказди, унда Толятти-Одесса аммиак қувурини ишга тушириш масаласи муҳокама қилинди. 

Фото: Reuters

Урушдан олдин Россия аммиак экспортининг ярмидан кўпи аммиак қувури орқали ўтган, 24 февралдан бери у ишламаяпти. 

Музокара гуруҳи таркиби номаълум, томонлар ҳатто музокара фактини ҳам яширмоқда ва тафсилотларни очиқлашга тайёр эмас.

Reuters манбалари музокарада қандайдир келишувга эришилгани ҳақида маълумотга эга эмас. Бироқ икки давлат вакилларининг ўзаро учрашуви факти ижобий ҳолат, деб қайд этади агентлик. 

Музокаралар жараёни ҳақидаги аввалги хабарларда келишув йўқлиги маълум қилинди. Украина томони қувурни ишга тушириш учун асирларни  «ҳамма учун ҳамма» формуласи бўйича алмаштириш зарурлигини таъкидлаган. Россия томони дастлаб бундай позицияга кескин қарши эди. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков бу талабни «номақбул» деб атаган. «Одамлар ва аммиак бир хил нарсами?!» деган у сентябр ойида. 

Ҳозир, эҳтимол, томонларнинг позициялари юмшаган бўлиши мумкин: Украина асирларни катта миқдорда алмашишни талаб қилмоқда ва Кремл бундай таклифни кўриб чиқишга тайёр. 

Буни Владимир Путиннинг яқинда Россиянинг энг йирик ўғит ишлаб чиқарувчи «Уралхим» компанияси эгаси Дмитрий Мазепин билан учрашуви ҳам тасдиқлайди. Санкция остидаги миллиардер президентга Ғарб санкцияларининг жиддийлигидан шикоят қилган. Айнан шу сабабли, минглаб тонна ўғитлар Европа портларида қолиб кетган. 

Шунингдек, Мазепин машҳур аммиак қувурига алоҳида эътибор қаратган. Тадбиркор сўзларига кўра, қувур ишга тушишга тайёр, бироқ «Украина томони бизнинг қўлимиздан келмайдиган бир қатор сиёсий масалаларни илгари сурмоқда», деган. 

Толятти-Одесса аммиак қувури 1970 йилларда қурилган. Унинг максимал қуввати йилига 2,5 миллион тонна аммиакни ташкил қилади. Бу 2021 йилдаги Россия аммиак экспортининг тахминан 57 фоизини ташкил этади, қолган 1,9 миллион тонна Болтиқбўйи портларидан жўнатилган. Россия аммиакининг асосий харидорлари Марокаш, Туркия, шунингдек, Жануби-Шарқий Осиё ва Африкадаги ўғит ишлаб чиқарувчи заводлар ҳисобланади. Россиянинг дунё аммиак бозоридаги улуши тахминан 20 фоизга, ўғит бозорида эса ундан юқорироққа баҳоланмоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top