15:45 / 14.12.2022
46620

Дўрмондаги махсус қўриқланувчи уйлардан бирида ўғрилик содир этилди. Уй Танзила Норбоевага тегишли бўлиши мумкин

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги махсус қўриқланувчи уйлардан биридан 12 500 доллар пул ўғирланди. Kun.uz манбаларига кўра, уй Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоевага тегишли бўлиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Kun.uz ихтиёрига Мирзо Улуғбек туман судининг ўғрилик жиноятида гумон қилинаётган фуқарога қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ажрими нусхаси келиб тушди.

Ундан кўринишича, 2022 йил 2 декабр куни соат 23:45да Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида судя М.Кукиев, Мирзо Улуғбек тумани прокурори ёрдамчиси Ф.Юнусов ва гумонланувчи Д.Т. ҳамда унинг адвокати иштирокида Жиноят кодексининг 169-моддаси 3 қисми “в” банди (кўп миқдордаги ўғрилик) билан жиноят иши кўриб чиқилган.

Ажримда ёзилишича, гумонланувчи Д.Т. М.У. билан биргаликда Мирзо Улуғбек туманида жойлашган, махсус қўриқловга олинган Дўрмон комплекси 22-уйда махсус энагалик вазифасини бажариб келиб, 2 ноябрдан 6 ноябргача навбатчилик вақтларида уйнинг меҳмонхонасида жойлашган жавоннинг пастки қисмида бўлган чинни идиш ичида уй бекаси К.Н. томонидан солиб қўйилган 12 минг 500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини яширин равишда талон-торож қилганликда гумон қилинмоқда.

Д.Т. бу жиноят ишига гумонланувчи сифатида 26 ноябр куни жалб этилган. Прокурор ўз илтимосномасида унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзида эҳтиёт чорасини сўраган, суд илтимосни қаноатлантирган.

Бу жиноят иши ҳақида бугун, 14 декабрда инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ҳам ўз Facebook саҳифасида пост қолдирди. Унинг ёзишича, бу ишдаги жабрланувчи – Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг қизи. Kun.uz'нинг воқеадан хабардор манбаси ҳам буни тасдиқлади.

Биз бу маълумотга расмий муносабат сўраб, Сенат матбуот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлагановга боғландик. У воқеа шахсий маълумотлар билан боғлиқлигини инобатга олиб, изоҳ бера олмаслигини билдирди.

Top