18:10 / 07.01.2023
13041

АҚШ ташқи сиёсатининг Марказий Осиёдаги асосий йўналишлари маълум қилинди

АҚШ Марказий Осиё мамлакатлари учун ишончли шерик бўлишга интилади ва уларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди.

Фото: Reuters

АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс брифинг чоғида Америка ташқи сиёсатининг Марказий Осиёдаги 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари ҳақида гапирди.

У Америка Марказий Осиё мамлакатлари учун ишончли шерик бўлишга интилаётганини ва Марказий Осиё давлатларининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади.

«АҚШ C5+1 дипломатик платформасини 7 йилдан кўпроқ вақт олдин ишга туширган, бу форматдаги ҳамкорлик минтақа ва ундан ташқарида янада самарали ва барқарор ечимларга олиб келади», деди Прайс.

ТИВ вакили Марказий Осиё ҳозирда ўзининг энг кучли ҳолатда эканини, ҳукуматлар минтақавий ва глобал муаммоларни биргаликда ҳал қилаётганини ва бу платформа ҳар қачонгидан ҳам долзарблигини таъкидлади.

«Иқтисодий соҳада АҚШ минтақага катта сармоя киритишда ва ўз ҳамкорлари билан ишлашда давом этмоқда. Марказий Осиё давлатларининг салоҳиятини ошириш, янги савдо йўлларини кенгайтириш ва минтақада хусусий секторни мустаҳкамлаш учун 25 миллион доллар ажратилгани бунга яққол мисол бўла олади», деди Прайс.

Шунингдек, шериклар билан бизнес ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, касбий алмашинув, инглиз тилини ўрганиш ва ўргатиш, соғлиқни сақлаш, ядро қуролини тарқатмаслик ва хавфсизликни таъминлаш, давлат салоҳиятини ошириш каби соҳаларида кўплаб минтақавий ва икки томонлама дастурлар, мустақил фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари, минтақавий савдо ва энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик қилинаётгани таъкидланди.

«Марказий Осиё ҳукуматлари ва халқлари билан ҳамкорлик, шунингдек, уларнинг бир-бири билан ўзаро ҳамкорлиги Марказий Осиёнинг гуллаб-яшнаши ва барқарорлигига кўмаклашувчи тамал тоши ҳисобланади ва бу ҳақиқатан ҳам Қўшма Штатларнинг минтақага нисбатан ташқи сиёсати ёндашувининг асосидир», деди Прайс.

Top