17:59 / 18.01.2023
7140

ФВВ аҳолини сумалаклар ва томдан тушиши мумкин бўлган муз бўлакларидан эҳтиёт бўлишга чақирди

Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилмоқда.

Фото: KUN.UZ

Кунлар илиб, қорлар эрий бошлаши ортидан ўзбекистонликлар яна бир синов билан рўбарў келмоқда. Баланд иморатлар, кўп қаватли уйлар пештоқида аномал совуқ вақтида шаклланган, ҳаёт учун хавфли бўлган сумалаклар, муз бўлаклари томдан кўчиб тушиши эҳтимоли бор. Шу боис Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни эҳтиёт чораларини кўришга чақирди:

  • қорлар эриши ва томлардан сумалаклар тушиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун эҳтиёт бўлиш ва иложи бўлса, бинолардан узоқроқ юриш;
  • бинодан чиқаётганда, томларда қор массалари, сумалаклар ва музлар тўпланиши, уларнинг тушиши мумкин бўлган жойларни четлаб ўтишга эътибор бериш;
  • қор массалари, сумалак ва музлар бўлиши мумкин бўлган томлари баланд уйларга яқинлашмаслик ва болаларнинг бундай жойларда ўйнаши ва бўлишига йўл қўймаслик;
  • агарда хавфли жойда панжараси, огоҳлантирувчи белгилари мавжуд бўлса, улардан ўтишга уринмаслик, хавфли жойни бошқа йўл билан айланиб ўтиш;
  • қулоқчин таққан ҳолда кўчада юрмаслик (йўқса, томдан тушаётган қор массалари шовқинини эшитмаслик мумкин);
  • пиёдалар йўлакчаси бўйлаб ҳаракатланаётганда, юқори қаватларда шубҳали шовқин эшитилса, тўхтамаслик, бошни кўтариб, у ерда нима бўлганини ўйлаб кўриш (қор массалари ёки сумалак ва музлар тушаётган бўлиши мумкин. Бундай вақтда қочиб кетиб бўлмайди, имкон қадар тезроқ бино деворига ёпишиш керак, бу хавфсиз бўлишга хизмат қилади);
  • автотранспорт воситаларини томи баланд бинолар ёки тепасида қор массалари, сумалак ва музлар бўлган иншоотлар яқинига қўймаслик;
  • агар одам томдан тушган қор массалари, сумалак ва музлар туфайли жароҳатланса, дарҳол тез ёрдам чақириш.
Top