15:21 / 20.01.2023
40129

«Қатар Саудияни илҳомлантирди». ЖЧда 35та ўйинда ишлаган ўзбекистонлик мутахассис билан интервью

Қатардаги 2022 йилги жаҳон чемпионати тарихдаги энг яхши турнирлардан бири сифатида ёдда қолди. Мусобақада бевосита қатнашган ва 35та ўйинда ишлаган ўзбекистонлик мутахассис, ФИФА ташкилий қўмитаси аъзоси Алишер Никимбаев билан қишда ўтказилган мундиал ва таъқиқлар, ЖЧ-2026 формати, Ўзбекистон миллий жамоаси ва омадли Катанец, ўзгараётган ОЧЛ ҳақида суҳбатлашдик.

— Ҳам мутахассис, ҳам мухлис сифатида фикрингиз. ЖЧ-2022 тарихдаги энг яхшисими?

— Икки томондан қараш мумкин: ташкилий ишлар ва футбол сифати. Бу жаҳон чемпионати бир шаҳарда бўлгани қулайлик туғдирди. Мухлислар ва журналистлар кунига 2-3 ўйинни кўришга улгуришди. Бир кунги баҳсларга 400-500 минглаб туристлар келди. Масалан, Россияда ўтган турнирда мухлислар шаҳарларга бўлиниб кетганди.

Мундиал учун Доҳада метро қурилди. Бир стадиондан ташқари қолган 7таси олдида бекатлар бор эди. Мухлислар метродан чиқиб, тўғри стадионга кириб кетишаверди. Хуллас, мусобақа бир шаҳарда бўлгани учун футбол атмосфераси сезилиб турди.

Футбол сифати томонлама жавоб бера олмайман, чунки ташкилий ишларда қатнашиб ўйинларни тўлиқ кўра олмадим. 35та ўйинда ишладим. Финални 30 дақиқа кўра олдим, холос. Ўйиндан кейинги тақдирлаш маросимига тайёргарлик кўраётгандик. Финалдаги вазифам — ғолиб жамоа кубок кўтараётганда майдонда ўйинчилар ва бош мураббийдан бошқа шахсларнинг майдонга тушишига йўл қўймаслик эди. 

— Иш жараёнида эсда қоларли воқеалар бўлдими?

— Албатта. Канада билан бўлди. Улар иккинчи ўйинидан олдин майдонни кўргани келишди ва жамоа тўпланиб, майсага қилич суқиб дуолар ўқишди. Биринчи ўйинда ҳеч ким эътибор бермаган экан. Қилични аэропорт ва меҳмонхонадан чиқишда қандай ўтказишган, ҳайронман. Эътиқод ўз йўлига, лекин майдонга вакуум вентиляцияси ўрнатилган ва қилич сенсорларни ишдан чиқариши мумкин эди. Кейин ФИФАга айтдик ва сўнгги турда бунга рухсат берилмади.

Камерун — Швейцария баҳсига оз қолганида европаликлар ҳужумчиси Брел Эмболонинг аккредитацияси йўқлиги маълум бўлди. Тезкорлик билан уни тайёрладик. Осон бўлмади, чунки ЖЧда акрредитация — паспортга тенг ҳужжат.

Яна кўплаб воқеаларни жонли кўрдим. Франция-Марокаш ўйинидан сўнг Ҳакими ва Мбаппе полда гаплашиб ўтиришганди, Неймар ногирон йигит билан самимий суҳбатлашди. Ўша лаҳзаларни суратга туширишни хоҳладим, аммо бизга рухсат йўқ.

— Қатар айрим таъқиқлар бузилишига кўз юмдими? Масалан, хорватиялик модель, Германия футболчиларининг оғиз ёпиши...

— Умуман олганда, майда қоидабузарликларга кўз юмилди. Лекин жиддий таъқиқлар, жумладан, алькогол ичимликлар савдосига қарши охиригача қаттиқ назорат бўлди.

Германияга келсак, уларнинг норозилиги ФИФАга қаратилган эди. Бу масала алоҳида кўтарилгани йўқ, жазо қўлланмади. Ёмон натижадан сўнг Германиянинг ўзида бу ҳаракатни танқид қилишди. Чунки футболчилар чалғиб, ўйинга эътиборларини жамлай олишмади.

— АҚШ, Англия ва Эрон бир гуруҳда эди. Қандайдир сиёсий интригалар бўлмадими?

— Бўлди. Эроннинг ўзи билан. Яъни, мамлакат ичида ва четда яшайдиган мухлислар иккига бўлиниб қолишди. Шу сабаб 1-турда футболчилар мадҳияни куйлашмаганда, буни ёқлаганлар ҳам ва қарши чиққанлар ҳам бўлди. Эрон АҚШ ёки Англия эмас, ўз ички муаммоларига чалғиди.

— Қишда ЖЧ ўтказилиши ўзини оқладими? Яна шундай бўлиши мумкинми?

— Оқлади. Бензема каби юлдузлар жароҳат сабаб турнирни ўтказиб юборганини инобатга олмаса, кўп ўйинчилар мавсум ўртасида ўтказилгани учун яхши формада етиб келишди. Қиш дейиш ҳам нисбий. Чунки ҳаво жуда яхши эди. Масалан, 2010 йил ЖАРда -3 градусда футбол кўрганмиз. Қатар анча илиқ эди.

Яна қишда ўтказилиши мумкин. Саудия Арабистони Миср ва Греция билан 2030 ёки 2034 йилги мундиал мезбонлигига даъвогар. Улар Қатарни кўриб, янада илҳомланди. Ислом олами маркази Саудия ёнига қадимги цивилизациялар маркази Миср ва Грецияни олган ҳолда, 3 қитъадан жуда кўп овоз олиши кутилмоқда. Дунёда 200тача мамлакат бўлса, уларнинг камида ярми овоз беради дегани. Осиё ва Африкада 50тадан кўп давлатлар бор.

Саудия жуда яхши стратегия билан кетмоқда. «Ньюкасл»ни сотиб олиш, Роналдуни «Ан Наср»га олиб келиш — шу кабилар бежиз эмас. 

— Қатар футбол федерацияда ишлаганингиз учун мезбонларга мухлислик қилдингизми? Ёмон иштирок ҳақида фикрингиз?

— Ҳа, мухлислик қилдик. Салбий натижага нотўғри тайёргарлик сабаб бўлди. Миллий жамоа футболчилари барвақт тўплаб олиниб, асосан Европада ўртоқлик ўйинлари ўтказилди. Жамоа мухлислар босимига кўникмади. Фикримча, Қатар турнирдан олдин ўз майдонида 2-3та ўртоқлик баҳси ўтказиши керак эди. Жамоанинг салоҳияти бундан яхшироқ, шубҳасиз.

— Кейинги ЖЧдан 48та жамоа қатнашади. Бунга муносабатингиз қандай? Ўзбекистоннинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?

— Бошидан қарши бўлганман. Сифат бузилади. Лекин бу лойиҳа сиёсий кучга эга. Катта эҳтимол ўзгармайди. Чунки овоз бераётган ўртамиёна жамоалар федерациялари ҳам мундиалга боришни хоҳлайди.

Ўзбекистоннинг имкониятига келсак, 8,5та ўрин бўлгач, ҳатто Тожикистон ва Қирғизистон миллий жамоалари мундиалга чиқишни мақсад қилишмоқда. Вьетнам, Сурия, Ливан, Ироқ, Уммон кабилар бор. Осон бўлмайди.

Ҳозир жамоамизга баҳо бериш қийин, чунки Ўзбекистон Сречко Катанец бошқарувида фақат 2021 йил ёзида — Осиё Кубоги саралаши доирасида расмий ўйинлар ўтказди. Лекин Таиланд, Шри-Ланка ва Мальдив билан баҳслардан келиб чиқиб, нимадир дейиш қийин.

Катанецнинг омади бор экан — қитъа чемпионати ярим йилга кечиктирилди. Шу билан 2024 йил январигача расмий ўйинлар йўқ. Унда яна бир йил бор, аммо муаммолар ҳам бўлади. Чунки декабрда ОЧЛ баҳслари бўлади. Асосий жамоалар қатнашишини ҳисобга олсак, Сречко футболчиларни барвақт йиға олмаслиги мумкин. Эҳтимол, ўйинчилар чарчоқ билан турнирга боришади. Осиё Кубоги — мураббий учун биринчи имтиҳон.

— ОЧЛ формати ўзгармоқда. Энг юқори лигада 24 жамоа қатнашади, дейишмоқда.

— Ҳа, лекин жамоалар сони кам. Мана, Тожикистоннинг «Истиқлол»ига имконият берилганда, яхши қатнашди. Янги форматда улар кучлилар билан ўйнаш ва ривожланиш имкониятини йўқотиши мумкин. Барча ҳудудларни ўйлаш керак. АПЛда 10та жамоа қилиб, «МЮ» ва «Ливерпуль» йилда 4 марта ўйнасин, дейишмайди-ку. ОЧЛда ҳам худди ЕЧЛ каби 32та жамоа қатнашса, нормал бўлади.

Масалан, Ўзбекистон клублари натижага кўра рейтингда 5-ўринда бўлса ҳам, 24талик юқори лигадан фақат бир ўрин ажратилмоқда. Бу бизга зиён.

Хитой клублари пандемия сабаб ёмон қатнашгани учун, 4 йиллик эмас, сўнгги 8 йилдаги натижалар ҳисобга олинмоқда. Натижада рейтингда 2-ўринда пастга тушиб кетдик, чунки 7-8 йил аввал Хитой клублари ОЧЛда чемпионликкача борган. 2024 йилдан бизга 1+1 ўрин берилмоқда. Иккинчи жамоамиз ОФК Кубогида ўйнайди. Тўғри, турнир даражаси ошади, энди Саудия, Қатар ва Эрон клублари ҳам бу мусобақада иштирок этади. Аммо жами 2та ўрин биз учун жуда кам.

— Осиёда Саудия, Эрон клублари билан ўртадаги даража катталашиб кетаётгандек. Клубларимиздаги менежерлар билан гаплашсак, «ОЧЛда гуруҳдан чиқсак ҳам, катта гап» дейишади.

— Бунга қўшилмайман. Европада ҳам пулдор клублар кўп, лекин «Аякс» ва Португалия клублари академиясига таяниб, гуруҳдан чиқяпти-ку, яримфиналларгача боряпти. Футболни севадиган халқмиз, иқтидорлар кўп, шунчаки тўғри бошқарув керак. Пул баҳона бўлолмайди.

Бобур Акмалов суҳбатлашди

Top