20:27 / 01.02.2023
40151

Президент Андижонда тажриба тариқасида қурилган йиғма уйлардан бирини кириб кўрди

Андижонда аҳоли зич жойлашган, уй-жойга талаб катта. Мамадалиевлар уйида ҳам беш оила яшаётганди. Шу сабаб хонадон ҳовлисида тажриба тариқасида йиғма уйлар қурилган. Маълум қилинишича, бундай уйлар камхарж, иссиқ-совуқ ва ёнғинга чидамли, қуриш ҳам осон. Шавкат Мирзиёев бундай уйларни кўпайтириш кераклигини айтди.

Хонадон эгалари / Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон туманидаги Садда таги маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуши билан танишди.

Бу маҳаллада 3 600 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Оилалар ердан унумли фойдаланади. Кейинги йилларда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида паррандачилик, узумчилик, иссиқхоналар ташкил этилмоқда. Шунингдек, маҳалла ҳудудида тўқимачилик корхонаси, озиқ-овқат дўконлари ва устахоналар бор.

Ўтган йили маҳалла биноси янгидан қурилиб, кўчалар таъмирланди, ишкомлар барпо этилди. Маҳаллада ишсизлик кам, ўтган йили бирорта ҳам жиноят бўлмаган.

Давлат раҳбари шу ерлик Диёр Мамадалиев хонадонида меҳмон бўлди.

Маълумки, Андижон вилоятида аҳоли зич жойлашган. Уй-жойга талаб катта. Жумладан, Мамадалиевлар уйида ҳам беш оила яшаётганди. Шу боис хонадон ҳовлисида тажриба тариқасида йиғма уйлар қурилди. Улар камхарж, иссиқ-совуқ ва ёнғинга чидамли, қуриш ҳам осон.

Президент мезбонларни янги уйлар билан муборакбод этди. Бинонинг лойиҳаси, қурилиш материалларига эътибор қаратди.

“Уй инсоннинг энг асосий эҳтиёжларидан бири. Ҳам давлат, ҳам тадбиркорлар томонидан кўплаб турар жойлар қурилаётгани халқимиз манфаатини таъминлаяпти. Танлов имкониятини кенгайтириш учун, эҳтиёжмандлар учун бундай арзон уйлар ҳам керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бундай уйларни кўпайтириш, улар учун зарур қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Top