01:18 / 10.02.2023
32461

«Ҳатайспор» Туркия Суперлигасидаги иштирокини тўхтатди. «Газиантеп» ҳам турнирни тарк этмоқчи

Фото: Ҳатайспор

«Ҳатайспор» Туркия Суперлигаси жорий мавсумидаги иштирокини давом эттирмайдиган бўлди.

Ҳатайдаги кучли зилзила сабабли жамоанинг бир қатор футболчилари ва ходимлари вайроналар остида қолган. Жамоа ўйинчиларидан Бурак Оксюз, Бертуг Йилдирим, Карим Алижи ва мураббийлар штабидаги Акрам Экшиоғлу ҳамда Усмон Оташ қутқариб олинган. Ганалик хавбек Кристиан Атсу ва спорт директори Танер Савут эса ҳамон харобалар остида қолмоқда.

Туркия футбол федерацияси президенти Мехмет Буюкекши бу борада баёнот билан чиқди.

«Ҳатайспор» президенти билан учрашувда Кристиан Атсу ҳақида сўрадим. У вайроналар остида қора танли футболчи қутқариб олинганини, аммо бу Атсу ёки йўқлигини билмаслигини айтди. Ҳалигача аниқ маълумот йўқ. Умид қиламанки, Кристиан қутқарилган одамлар орасида.

«Ҳатайспор» бугун федерацияга хат йўллади. Унда клуб мавсумдаги ўйинларини давом эттирмаслигини маълум қилган. «Газиантеп» клуби ҳам турнирни тарк этмоқчи. Агар бу рўй берса, мусобақани 17 жамоа иштирокида давом эттиришга тўғри келади», - дейди Туркия футбол федерацияси раҳбари.

Маълумот учун, «Ҳатайспор» 23 очко билан Туркия Суперлигасида 14-ўринда, «Газиантеп» эса 25 очко билан 10-ўринни эгаллаб турибди. 

Эслатиб ўтамиз, Туркиядаги вайронкор зилзила туфайли ҳалок бўлганлар сони 9 февраль ҳолатига кўра 17 134 нафар, жароҳатланганлар 70 минг кишини ташкил этмоқда. Мамлакатда барча спорт турнирлари тўхтатилган.

Мавзу
Туркияда вайронкор зилзила
6 феврал тонгида Туркия жануби-шарқида рўй берган 7,8 балли зилзила минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетди.
Барчаси
Top