23:05 / 14.02.2023
8615

Тошкентда ҳавонинг ифлосланиши инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмаслиги айтилди 

Табиат ресурслари вазирлиги аҳолини саросимага тушмасликка чақирди. 

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида ҳавонинг майда чанг зарралари билан ифлосланиши «ўрта» ва «яхши» даражада. Бу инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмайди, деди Табиат ресурслари вазирлиги бошқарма бошлиғи Азиз Калимбетов. Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри ҳавосининг инсон саломатлигига салбий таъсири ҳақида хабарлар тарқалган эди. 

«Гидрометеорология хизмати агентлиги Тошкент шаҳридаги ҳаво сифатини 15 та нуқтага ўрнатилган мосламалар орқали ўлчаб боради. Кузатув натижаларига кўра, Тошкент шаҳрида ҳавонинг майда чанг зарралари (РМ 2,5) билан ифлосланиши даражаси «ўрта» ва «яхши» даражадаги тоифага киради. Бу эса, инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмайди», деди Калимбетов. 

Мулозим сўзларига кўра, Табиат ресурслари вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, бир нечта нуқталарида атмосфера ҳавосидан таҳлил учун намуналар олинган. Атмосфера ҳавосидаги зарарли моддалар миқдори меъёр даражасидан ортиқ ҳолатлар аниқланмаган. Тошкент шаҳри аҳолисининг ортиқча саросимага тушишига жиддий сабаблар йўқ. 

«Тошкент шаҳри ва хусусан, республиканинг атмосфера ҳавосининг умумий ҳолати бўйича Табиат ресурслари вазирлиги, Ўзгидромет хизмати агентлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан доимий назорат ўрнатилган. Аҳолининг ортиқча саросимага тушишига жиддий сабаблар йўқ. Шунингдек, аҳолини соғлом турмуш тарзига риоя этган ҳолда ҳаёт кечиришга чақирамиз», деди у. 

Top