17:31 / 15.02.2023
14777

Бухоро вилоятида 6 кун ичида 1,7 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди

Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 18 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.

Фото: Энергетика вазирлиги

Жорий йилнинг 9-14-феврал кунларида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Бухоро вилоятида ўтказилган назорат тадбирларида 66 та ҳолатда 3,6 млн кВт⋅соат миқдоридаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Келтирилган зарар миқдори 1,7 млрд сўмга баҳоланмоқда – ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 18 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.

Хусусан, Ғиждувон туманида жойлашган «Мирзаён замини сардори» фермер хўжалиги электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиши натижасида 428 млн сўм зарар келтирган.

Бухоро шаҳар, «Ҳавзи Нав» МФЙ, «Беруний» кўчаси, 52-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Н.Й. га тегишли майнинг қурилмаларини электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиши орқали етказилган зарар миқдори 321 млн сўмни ташкил этган.

Яна бир ҳолатда Шофиркон туманида фуқаро У.И. га тегишли қум таркибидан рангли металл ажратиш ускунаси электр тармоғига ноқонуний равишда, ўзбошимчалик билан уланиши натижасида 134 млн сўм қайта ҳисоб-китоб амалга оширилган.

«Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган истеъмолчиларнинг электр қурилмалари тармоқдан ажратилиб, ҳолат бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилмоқда. Ҳудудларда назорат тадбирлари давом эттирилмоқда», дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Top