20:45 / 17.02.2023
16218

Бухорода янги корхоналар ишга туширилиб, саноатда галдаги вазифалар белгиланди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида саноатни ривожлантириш ва энергия таъминотини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Йиғилиш аввалида 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Улар - Ғиждувон туманидаги «Ғиждувон ипак тола», Бухоро шаҳридаги «Лайхтер Камалак Текстайлен», Жондор туманидаги «Аржумандбону чорваси», Ғиждувон туманидаги «Усмон Шер Шамшод», Ромитан туманидаги «ВБМ Ромитекс» корхоналари ва Бухоро шаҳридаги тўрт юлдузли меҳмонхонадир.

Ипакчилик, тўқимачилик, паррандачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва туризм тармоқларига ихтисослашган бу мажмуаларда 3 минг 500 та янги иш ўрни очилмоқда. Умуман, буларнинг натижасида вилоят ишлаб чиқаришига 850 миллиард сўм қўшилади.

Давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни расман ишга туширди. Видеоалоқа орқали уларнинг раҳбарлари билан мулоқот қилди.

Йиғилишда Бухорода энергия таъминотини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда Бухорода йиллик электр истеъмоли 4,3 миллиард киловатт соатни ташкил этиб, тақчиллик 150 миллион киловатт соат бўлиши кутилмоқда. Шу боис қўшимча қувватларни яратиш ва самарадорликни ошириш зарурлиги таъкидланди.

Бухоронинг иқлими иссиқ. Бундан фойдаланиб, 740 та корхонада 22 Мегаваттли, ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уйлар устида 11 Мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш мумкинлиги айтилди.

Электр тармоқларини янгилаш орқали 50 миллион киловатт соат электр йўқотишларини камайтириш, 45 та йирик саноат корхонасида энергия сарфи юқори бўлган ускуналарни алмаштириш имконияти кўрсатиб ўтилди. Хусусан, «Аму-Бухоро» насос станциясида частотали бошқариш воситаларини янгилаш ҳисобига бу йил 60 миллион, келгуси йил 100 миллион киловатт соат энергияни иқтисод қилиш мумкин.

Йиғилишда туманлардаги янги захираларни ишга солиб, саноатни ривожлантириш кераклиги қайд этилди.

Сўнгги беш йилда Бухорода 31 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 3 мингдан зиёд корхона ишга тушган. Ишлаб чиқариш 4,3 бараварга кўпайган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 27 триллион сўм бўлган. Саноат экспорти 200 миллион долларга етган.

Жорий йилда Бухорода 880 миллион долларлик 703 та корхонани ишга тушириб, 15 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу лойиҳаларга 220 миллион доллар кредит ва инфратузилмасига 100 миллиард сўм ажратилмоқда.

Президент ҳар бир туман ҳокимига қўшимча захира топиб, яна камида 50 миллион доллар инвестиция олиб келиб, янги лойиҳаларни кўпайтириш бўйича топшириқлар берди.

Top