19:06 / 23.02.2023
12242

«Улар чегарага келиб, тўхтайди деб ўйлагандим». Украиналик чегарачи босқин кунини қандай эслайди?

Украиналик чегарачилардан бири журналистлар билан суҳбатда Россия босқинининг илк кунидаги воқеалар ривожини хотирлади.

Фото: Медуза

2022 йил 24 феврал куни Москва вақти билан соат 5:30 атрофида Россия телеканаллари эфирида РФ президенти Владимир Путин чиқиш қилиб, «махсус ҳарбий амалиёт» бошлангани ҳақида эълон қилади. Аммо бу баёнотдан олдинроқ Россия армияси қисмлари Украинага бостириб киришни бошлаб юборганди. Украиналик чегарачи Ондрий Лернатович Россия қўшинлари билан биринчи бўлиб тўқнашганлардан бўлганди. У Украинадаги «Бабель» нашрига Луҳанск областининг Россия билан чегара ҳудудидаги хизмати ва Россия босқинининг илк кунлари ҳақида ҳикоя қилиб берди. 

Босқиндан бир йил олдин

2021 йили 33 ёшда бўлган Ондрий Лернатович Луҳанск областидаги Меловое посёлкасида чегара хизмати бўлимига раҳбарлик қиларди, Украина ва Россия ўртасидаги чегара ушбу қишлоқ кўчаларидан биридан ўтади. Унинг сўзларига кўра, у бу жой хизмат ўташ энг қийин нуқталардан бири эканини тушунган, аммо шунга рози бўлган.

2021 йили Лернатович амалда ўз хизмат хонасида яшаган. «Диванда ухлардим. Эрталаб соат олти яримда вазият ҳақида раҳбариятга ҳисобот берардим. Бир неча кунгача ухламасликка тўғри келган вақтлар ҳам бўлган», — дея ҳикоя қилади чегарачи.

Лернатович жавобгар бўлган ҳудуд Россия билан чегаранинг юз километрлик қисмини қамраб оларди, маҳаллий аҳоли бу ҳудудни «зеленка» деб атайди — бу ҳудуд чегара устунлари ўрнатилган дашт ва ўрмонзорлардан иборат бўлиб, «Меловое» назорат-ўтказиш пункти Украинанинг Меловое ва Россиянинг Чертково посёлкаларини ажратиб турувчи Халқлар дўстлиги кўчасида жойлашган. 2014 йилга қадар бу посёлкалар битта аҳоли яшаш манзили саналарди.

Босқиндан бир ҳафта олдин

2022 йил февралида, Лернатовичнинг ҳикоя қилишича, маҳаллий аҳоли украин чегарачиларига доимий равишда россияликларнинг ҳарбий манёврлари ҳақида маълумот етказиб турган. Ўшанда Чертково посёлкасида россиялик чегарачилар сони икки баробар ошиб кетади. Лернатовичнинг айтишича, улар зирҳли нимчаларда ва каскаларда, одатдагидан бошқачароқ қуроллар кўтариб юра бошлаган.

«Халқлар дўстлиги [кўчаси]га русларнинг [кунига] учта эмас, еттита наряди чиқа бошлади. Авваллари биз россиялик барча чегарачиларни юзидан танирдик. Энди эса мен бирор кишини танимадим», — дея эслайди Лернатович.

22 феврал куни Чертковони полиция, прокуратура ва Россиянинг бошқа давлат тузилмалари тарк этади. Шундан кейин Лернатович ва бошқа украин чегарачилари зирҳли нимчасини ечишмайди.

Босқиндан бир кун олдин

23 феврал куни россиялик чегарачилар украиналикларни Россияга жуда имиллаб ўтказа бошлайди. Кечга келиб назорат-ўтказиш пунктида ўнлаб машиналардан иборат навбат юзага келади. Соат 22:00 дан кейин чегарачилар одамларни умуман ўтказмай қўйишади. Ўшанда ортга қайтарилганларга россияликлар яна бир ҳафта давомида украинларни чегарадан ўтказмаслигини айтишади.

Ярим тунда Лернатович украин божхоначилари нарсаларини йиғиштиришга тушганини пайқаб қолади.

«Бу нимаси? Бу қанақа вазият?» — дея сўрайман улардан. Улар эса: «Ҳа, ҳаммаси жойида». Мен эса, улар ҳужжатларни, компьютерларни олиб кетаётганини кўриб турардим.

Босқин туни

Маҳаллий вақт билан соат 01:30 да Меловоеда чегарага Россия техникалари колоннаси яқинлашаётганини эшитишади.

«Шундай шовқин-сурон кўтарилдики, мен Лисичанскдаги командирга сим қоқдим. Унга бу ердаги овозни қўйиб бердим ва у улар келаётганини эшитди. Мен вазият мураккаб эканини тушуниб турардим, аммо уруш бўлиши ҳақида ўйламасдим. Улар шунчаки чегарага келишади ва тўхташади, бу [Володимир] Зеленскийга босим қилиш ва бизни провокация қилиш учун деб ўйлардим», — дея хотирлайди Лернатович.

Соат 03:35 (Москва вақти бўйича 4:35) Лернатовичга чегарада яна бир қишлоқ Зориновка қишлоғидаги чегарачи қўнғироқ қилади. Бу ерга россияликларнинг диверсия гуруҳи кириб келганди.

Лернатович дарҳол Зориновкага йўл олади, у ерда унга ўша куни олти нафар чегарачи навбатчиликка чиққанини айтишади. Улар тепловизорда Россия томондан тиш-тирноғигача қуролланган саккиз киши кириб келаётганини кўришади. Наряд бошлиғи Денис Ткач чекинишга буйруқ беради. Россияликлар ўт очишади, Денис Ткач воқеа жойида жон беради.

Соат 4:05 да (Москва вақти билан 5:05) Лернатовичга Меловоедан қўнғироқ бўлади – россияликлар «Град» баравар ўт очиш реактив тизимидан чегара бўлими ва полиция маҳкамасини ўққа тутишганди.

«Мен раҳбариятга хабар бердим, бизга зудлик билан Меловоени ташлаб, Беловодскка кўчиш ҳақида буйруқ бўлди», — дея ҳикоя қилади Лернатович. Унинг изоҳ беришича, чегарачиларда ҳужум рўй берган тақдирда қандай ҳимояланиш бўйича режа бўлган, унга кўра Беловодск мудофаа ташкил қилинадиган илк позиция бўлиши кўзда тутилган.

Улар тезлик билан Меловоени тарк этишади. Бир соат ичида Россия техникалари колоннаси посёлкага киради.

Тахминан эрталабки соат 5 ларда чегарачилар Беловодскдаги чегара хизмати бўлимига тўпланади. Бу ерга жами 150 нафарга яқин чегарачи келганди. Ўшанда Лернатович унинг бўлинмасидаги тўрт киши барибир Меловоеда қолганини пайқайди. «Мен дарҳол барчасини тушундим», — дейди Лернатович. Унинг айтишича, бу тўрт киши Меловоеда яшовчилар бўлган ва маҳаллий аҳолининг аксар вакиллари қатори тез-тез «Россия ва Украина — биродар халқлар» эканини айтиб юришган.

Лернатовичнинг ҳикоя қилишича, йиғилган чегарачиларда фақат тўппончалар, автоматлар, пулемётлар, 20 дона атрофида қўлда олиб юрилувчи танкка қарши гранатомётлар ва улар учун ўқ-дорилар бўлган. Шунга қарамай, улар Беловодскда мудофааланишга қарор қилишган.

Украина ва Россия чегарасидаги ўтказиш пункти. 2022 йил 24 февралида Меловое — Чертково пунктида олинган видеодан скриншот
Фото: «Меловое Чертково информация» Telegram-канали 
Россия техникаси Чертковода. 2022 йил 24 февралида Меловое — Чертково пунктида олинган видеодан скриншот
Фото: «Меловое Чертково информация» Telegram-канали
Россия ва Украина чегарасида бузиб ташланган тўсиқ. 24 феврал куни Меловое — Чертково пунктида олинган видеодан скриншот
Фото: «Меловое Чертково информация» Telegram-канали

Эрталабки соат етти атрофида Новопсковдаги чегарачилар Меловоедан Беловодскка олиб келувчи кўприкни портлатиб юборишган. Кейинги бир неча соатни Лернатович россияликлар ҳужум қилиб келишини кутиб ўтказган. Бу ҳужум рўй бермаган, кейин маълум бўлишича, кўприк портлатилганини кўрган россияликлар ортга қайтган ва қўшни Марковка посёлкасига киришган. Бу вақтга келиб украин чегарачилари Старобельскка чекиниш ҳақида буйруқ олган. Кейинроқ Лернатович ўшанда Марковкага 50 танкдан иборат колонна келганидан хабар топади.

Меловоедан Беловодскка олиб келувчи кўприк портлатилиши оқибатлари, 2023 йил 24 феврал
Фото: «Меловое Чертково информация» / Telegram 

Старобельскка кўчиб ўтиш жараёнида яна бир неча чегарачи улар билан юришдан бош тортади. Кимдир шунчаки яширинади, яна кимдир тўғридан тўғри улардан ажралиб, уйига қайтади. «Айримларни олиб кетиш учун ота ва оналари келишди. Буни қандай истасангиз, шундай тушунинг, аммо шундай бўлганди», — дейди у.

Старобельскда чегарачилар ҳарбий комиссариат биносида йиғилади. Бу ерга келиш тўғрисида фақат улар эмас, полициячилар, бошқа кучишлатар тузилмалар вакиллари ҳамда ҳарбийлар ҳам буйруқ олишганди. 25 феврал куни чегарачилар Днипрога олиб кетилади.

Кейинги бир неча ой мобайнида Лернатович Донецк областида жанг қилади. Краматорск, Святогорск, Лиманда бўлади. Июн ойида у зарба остида қолади ва контузияга учрайди. Ҳоспиталдан жавоб берилгач, Лернатовични Карпатортига ўтказишади, бу ерда у Украина ва Словакия чегарасининг етти километрлик қисмига масъул бўлган бўлинмада хизмат қила бошлайди.

24 феврал воқеаларини эслар экан, Лернатович ягона тўғри қарор бўлганини айтади, чунки чегарачиларда танкларга қарши туриш учун қуроллар бўлмаган. У афсусланадиган ягона нарса шуки, чегарачилар Россия колоннаси ҳаракатини секинлаштириш ва маҳаллий аҳолига эвакуация учун яна бир неча соат ютиб бериш учун Меловое марказидаги ўтказиш пунктидан олиб ўтувчи йўлни юк машиналари билан тўсиб қўйишмаган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top