21:53 / 25.02.2023
20761

“Сифатли ё сифатсиз ОТМни бозор аниқлаши керак, давлат эмас” — профессор Азамат Акбаров билан суҳбат

Битирувчилари етарлича иш тополмаган нодавлат ОТМлар ёпилиши ҳақидаги баёнот ва талабаларни одобига қараб тоифаларга ажратиш топшириғи олий таълимдаги муаммолар ечилмасдан, яна хаспўшланиши тўғрисидаги хавотирларни кучайтирди. Kun.uz мухбири бу борада таълим бўйича эксперт Азамат Акбаров билан суҳбатлашди.

“Silk Road Research Academy” ижрочи директори, профессор Азамат Акбаров битирувчиларнинг ишга кириш кўрсаткичи пастлиги аввало давлат олийгоҳларида бошланганини қайд этди.

“Аслида бундай қарорга келинишига сабаб бўлган муаммолар бугун ёки кеча чиққани йўқ, давлат университетларидаги бор муаммолар хусусий университетларга трансформация бўлиб ўтди, холос”, – дейди суҳбатдошимиз.

“2019 йилда бор-йўғи 2 дона хусусий университет бўлиб, қолгани давлат ОТМ ҳисобланган. Яъни ўша йилда ҳам бу муаммолар ҳар бир университетга тегишли бўлган. Давлат университетлари ишлаб чиқаришдан узилган, талабалар олган кўникмалари билан бозорда рақобатбардош кадрга айланмагани туфайли ишсизлар сони кўпайган. Бу ерда ҳал қилиниши керак бўлган масалаларни хусусий университетларга ташлаб, ишсизлар сони ва сифатсиз таълимга уларни айбдор деб топиш бу – худдики пора билан тушган шифокорни ишдан олиб, бутун тизимдаги порахўрликка шу шифокор сабабчи деб, айбни ўша ходимга ағдариш билан тенг. Бу – муаммога ечим эмас.

Буни тубдан ислоҳ қилиш керак, ҳолат фақат хусусий университетларда борми ёки бор муаммолар шу кунгача маълум таълимни назорат қиладиган органлар томонидан ёпилиб келяптими? Чунки ҳозир қарайдиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам ишсизлик – жиддий масала”, деди Азамат Акбаров.

Профессорнинг сўзларига кўра, агар ишсизлик юқорилиги учун университетларнинг лицензияси олинадиган бўлса, буни йиллар давомида бундай шартни бажармаган давлат олийгоҳларидан бошлаш керак.

“Худдики шу кунгача ҳамма талабалари ишга жойлашиб, Ўзбекистоннинг ЯИМга ёки мамлакатнинг иқтисодий ўсишига ҳисса қўшгандек… Яқинда хусусий университетлар пайдо бўлиб, таълим сифатини бузиб юборгандек бонг уришмоқда.

Хусусий университетлар бунақанги тазйиққа олиниши керак эмас, бунақанги босимга тушиши керак эмас. Дунёни илм билан тебратадиган олийгоҳлар – хусусий. Тўғри, буларнинг ичида таълимни сифатли берадигани ёки бермайдигани ҳам бор. Буни фақат бозор аниқлаб бериши керак, қайсидир орган эмас. Чунки талаблар таклифдан келиб чиқади, агарда хусусий университетларга талаб ошадиган бўлса, булар очилаверади.

Эшитишимча, ҳозирда талабалар давлат ОТМдан чиқиб, хусусийларига боришмоқда. Академик эркинлик, талабалар ўқиш даврида ҳам ишга бориши, университет томонидан қандайдир ёрдам берилиши – мана шуларни инобатга олган ҳолда қайси университет ёпилиши ёки очилишини ота-оналар ва иш берувчилар белгилаши керак. Чет элда шундай”, – дейди у.

Ўзи аслида ОТМлар талабаларни иш билан таъминлашга мажбурми?

“Келинг, буни юз йиллар олдин бошидан ўтказган ғарб давлатлари, масалан, Англия, Австралия ёки АҚШга қарасак. Бу давлатларда университетлар иш билан таъминлайдиган орган ҳисобланмайди. Лекин университетлардан ўқув жараёни даврида сифатли таълим, ишлаб чиқариш ҳудудлари билан интеграциялашган (work-integrated learning) ўқитиш тизимини ташкил этиш масъулияти қўйилади. Яъни бунда 3-4-курсда университетлар катта корхоналар билан келишган ҳолда битирувчиларнинг камида 60 фоизини қисқа муддатли ишга жойлаштиради ва ўша катта корхоналар университетларга катта лойиҳалар, миллион доллар турадиган грантлар ажратади.

2 йил олдинги Австралиядаги статистикага қарасак, 700 мингга яқин корхоналар ОТМларга лойиҳа грантларини топширган. Яъни бу – млрд долларлик пуллар, талабалар университетни битирмай туриб симуляциядан ўтишади дегани. Қайси соҳани белгилаган бўлса, ўша билан танишиб, соҳадаги барча янгиликларни ўқув жараёнига татбиқ этиб, ўргана бошлашади.

Университетнинг бозорга қандайдир кафолат бериб: “Мен сенга шундай кадр етиштириб бераман, албатта, олгин”, дейишининг ўзи бемаънилик. Бозор иқтисодиётига ўтилган бир даврда талабни иш берувчи қўяди, университет ёки талаба эмас”, – дейди Азамат Акбаров.

  • Интервьюни тўлиқ ҳолда видео шаклида томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Top