12:10 / 03.03.2023
23941

Санкциялар, Афғонистон ва Марказий Осиё иттифоқи — Энтони Блинкен билан суҳбат

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Тошкентга сафари давомида Kun.uz'га берган интервюсида Марказий Осиё ва АҚШ муносабатлари, Украинадаги урушнинг минтақага таъсири, Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва “Толибон” ҳақида гапириб ўтди.

— Жаноб котиб, суҳбатга розилик берганингиз учун раҳмат. Суҳбатимизни Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ муносабатларининг ҳозирги ҳолати ҳақидаги саволдан бошламоқчиман. Халқаро майдондаги воқеалар, хусусан Украинадаги уруш фонида АҚШнинг бу минтақадаги давлатларга нисбатан ташқи сиёсатида ўзгариш бўлдими?

— Аввало, бизнинг Марказий Осиёдаги ҳар бир мамлакат билан алоқаларимизнинг бошланиши улар мустақилликка эришган пайтга бориб тақалади. Бу алоқаларимиз АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қувватлаб-қувватлашига асосланган. Лекин ўйлайманки, охирги йилларда ўзаро муносабатларимиз бир қатор соҳаларда чуқурлашиб, мустаҳкамланиб боряпти. Биз каттароқ иқтисодий имкониятларни яратишга, муштарак муаммоларга биргаликда ечим излашга интиляпмиз. Иқлим ўзгаришидан тортиб энергиягача бўлган соҳаларда, халқларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасида, қолаверса, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида чуқурроқ интеграцияни йўлга қўйиш борасида ҳамкорлик қиляпмиз.

Бу ҳамкорлигимиз биз C5+1 деб атайдиган платформа доирасида амалга ошмоқда. Кеча бу гуруҳнинг Қозоғистонда бўлиб ўтган учрашувида иштирок этдим. АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари кучайиб боряпти. Биз муштарак муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, Марказий Осиёга кўпроқ инвестиция олиб келишда яхши ҳамкор бўлишга умид қиламиз. Қолаверса, ҳамкорларимизга ўз фуқароларининг салоҳиятларини рўёбга чиқаришда кўмаклашамиз. Умуман, бу йўналишларнинг барчасида биргаликда иш олиб боряпмиз.

— Марказий Осиё давлатлари Россия билан узоқ йиллик алоқаларга эга, у минтақанинг асосий савдо ҳамкори ҳисобланади. Минтақа мамлакатларининг янги инвестиция ва даромад манбаларини шакллантириш учун вақт керак. Бу ҳақда сиз ҳам Қозоғистонга сафарингиз давомида тўхталиб ўтдингиз ва Россиянинг санкциялар натижасида иқтисодий зарар кўрган ҳамкор давлатлари компенсация олишини айтдингиз. Шу ҳақда батафсилроқ маълумот бера оласизми?

Аввало, Россиянинг Украинага ҳужуми оқибатларидан Марказий Осиё давлатлари ва минтақа аҳолиси аксарият бошқаларга қараганда кўпроқ зарар кўрди. Бу энг аввало президент Путин энергия ва озиқ-овқат маҳсулотларини Россиянинг Украинадаги тажовузкорлигига қарши чиққан мамлакатларга қарши қурол қилиб ишлатганида кўринади. Бу ҳамма жойда, жумладан айрим давлатларнинг энергетик жиҳатдан бой бўлишига қарамай, Марказий Осиёда ҳам нарх-навонинг ошишига олиб келди. Биз нархларни пасайтириш ва одамлар бундан зарар кўрмасликлари учун жаҳон бозорларида етарлича энергия сотилиши йўлида кўп ишларни амалга оширдик.

Иккинчидан, озиқ-овқат масаласи. Путин уни ҳам қурол сифатида ишлатди. Украина – дунёга дон етказиб берувчи асосий мамлакатлардан бири. Улар Одесса портини қўлга олиб, у ердан дон экспортини тўхтатиб қўйишди. БМТ ва Туркиянинг дон йўлагини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари натижасида ғалла экспорти қайта йўлга қўйилди. Бу ўз навбатида ҳамма учун нархларни пасайтирди.

Дунё бўйлаб ўнлаб давлатлар кўрсатган агрессияси сабаб Россияга санкциялар жорий этяпти. Биз шунчаки кунларнинг бирида “о, Россияга санкциялар киритсак қандай яхши бўларди-а?” деган йўсинда бу қарорга келганимиз йўқ. Гап шундаки, улар бошқа бир давлатга бостириб кириб, унинг ҳудудий яхлитлиги, мустақиллиги ва суверенитетига хавф солишди. Дунё давлатларининг бунга қарши туриши муҳим эди. Ўйлайманки, суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик принципларини ҳимоя қилиш қанчалик муҳим эканини, биз шунинг учун ҳам санкциялар киритаётганимизни Марказий Осиё халқлари ҳам жуда яхши тушунади. Агрессияси учун санкциялар воситасида товон тўлаётган Россия агрессияни тўхтатиши, ўз фикрини ўзгартириши ва ўзи бошлаган урушни тугатишидан умид қилямиз.

Қолаверса, Россия билан эндиликда санкциялар билан тақиқланган йўналишлардаги бизнес алоқаларига эга компаниялар ёки мамлакатлар учун иккинчи ёки учинчи даражали оқибатлар борлиги ҳам ҳақиқат. Бу борада биз қатор мамлакатлар, хусусан Марказий Осиё давлатлари билан яқиндан иш олиб боряпмиз, уларга нима талаб этилиши ва нима талаб этилмаслигини тушунишларига ёрдам беряпмиз. Сиз айтганингиздек, айрим ҳолатларда узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган бизнес алоқаларини тўхтатиш учун вақт керак бўлади. Биз бундай компанияларга вақт беряпмиз. Қолаверса, санкцияларга қарамай, бизнесни давом эттириши учун лицензиялар беришимиз мумкин бўлган айрим ҳолатлар ҳам бор.

— Марказий Осиё давлатларининг ташқи иштирокчиларсиз, алоҳида иқтисодий иттифоқ тузиши эҳтимолини АҚШ қандай кўради?

— Ўйлайманки, бу мамлакатларнинг ўзлари қабул қиладиган суверен қарорлар орқали бўлади. Бизнинг ишончимиз комил, Марказий Осиё мамлакатлари қанча чуқур интеграцияга киришса, одамлар учун шунча фойда. Мисол учун, бу бешта кичикроқ бозор ўрнига битта катта бозорни яратган бўлар эди. Натижада бу дунёнинг турли жойларидан яна ҳам кўпроқ инвестиция жалб қилиш мумкин бўлади. Марказий Осиё ичидаги ўзаро алоқалар, савдо ва инвестиция оқимини осонлаштириш иқтисодий ўсишни ҳам рағбатлантиради, бундан ҳамма мамлакатлар аҳолиси наф кўради. Буни қандай амалга ошириш бўйича қарорларни шу мамлакатларнинг ўзлари қабул қилишади, четдан туриб бошқалар эмас.

— АҚШ Афғонистонни тарк этди, лекин у ерда хавфсизлик борасидаги муаммолар сақланиб қоляпти. Афғонистоннинг ҳозирги ҳукумати билан қандайдир алоқалар ўрнатиш режангиз борми? Бу мамлакат борасида Ўзбекистоннинг позицияси ҳақида қандай фикрдасиз?

— Албатта, “Толибон” билан алоқаларимиз бор. Афғонистонда “Толибон” томонидан тўнтариш қилинганидан бери улар билан алоқада бўлиб турибмиз. Худди шундай, бошқа мамлакатлар ҳам. Лекин ўша пайтда “Толибон” мамлакатни қандай бошқариши ва бошқа давлатлар билан муносабатларга киришиши борасида муайян ваъдаларни берганди.

Дунё мамлакатлари “Толибон”дан нима кутаётганини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик кенгашида аниқ билдирган: инсон ҳуқуқлари, айниқса аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фақат “Толибон” эмас, ҳаммани ўз ичига олган инклюзив ҳукумат тузиш, инсонларнинг Афғонистонга эркин келиш ва кетиш ҳуқуқини таъминлаш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш шулар жумласидан. Лекин афсуски, биз ўшандан бери “Толибон” тескари йўналишда ҳаракатланиб, ўз ваъдаларининг ҳеч бирини бажармаётганини кўряпмиз.

Биз Афғонистонга энг кўп инсонпарварлик ёрдами юборган давлатмиз, чунки биз одамлар азият чекишини хоҳламаймиз, лекин амалда шундай бўляпти. Биз озиқ-овқат, дори-дармон ва асосий воситалар афғонларга етиб бориши учун жиддий чоралар кўряпмиз. “Толибон” инсонпарварлик ёрдамини етказишда аёлларнинг иштирокини тақиқлаб қўйиб, ишимизни қийинлаштирди. Умуман, айтиб ўтилган йўналишларнинг ҳар бирида вазият яхшиланиб эмас, ёмонлашиб боряпти.

Агар “Толибон” бошқа мамлакатлар, хусусан АҚШ билан нормал алоқаларни йўлга қўйишни истаса, нима қилиши кераклигини, дунё улардан нима кутаётганини билади. Ўйлайнманки, Ўзбекистон ва бошқа мусулмон мамлакатлари бу масалада муҳим ўринга эга, чунки уларнинг улар овози “Толибон” учун бизнинг овозимиздан кўра маънолироқ ва салмоқлироқ бўлиши мумкин.

Шундай экан, биз Ўзбекистон каби мамлакатларнинг “Толибон” билан мулоқотга киришиб, бошқа мамлакатлар билан нормал алоқа ўрнатиш учун нима қилишлари кераклигини уларга тушунтираётганини қадрлаймиз ва олқишлаймиз.

— Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида таълим, гуманитар ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорликни кенгайтариш бўйича қандай режалар бор? Яқин орада Ўзбекистон фуқаролари учун виза режими осонлаштирилишини кутсак бўладими?

— Биз халқларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланишини хоҳлаймиз ва бу борада иш олиб боряпмиз. Масалан, таълим соҳасида аллақачон жуда яхши лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Бу ердалигимда ёш ўзбеклар инглиз тилини ўрганаётган дарсхоналарда бўлдим, улар бу ерда ўқиётганига эндигина 3-4 ой бўлган бўлса ҳам, тил кўникмаларидан ҳайратга тушдим.

Биз ҳукумат билан 15 минг нафар инглиз тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш устида ишлаяпмиз. 10 мингдан ортиқ мактабларга инглиз тили дарсликларини етказиб берамиз. Бунинг аҳамияти фақат янги битта тилни ўрганишдангина иборат эмас. Ҳозирги даврда инглиз тили халқаро тилга айланган. Бизнес юритиш, интернетдаги маълумотлардан фойдаланиш, маданият ва соҳалари кабиларда инглиз тилини билиш муҳим. Қолаверса, бизнинг алмашинув дастурларимиз ўзбек ва инглиз тилларида гапирувчилар учун жуда фойдали.

Таълимдаги дастурларимиз бу ердаги болаларга барча имкониятлардан фойдаланиш, иқтисодий имкониятларни ишга солиш, ишга жойлашиш ва глобал бозорларда рақобат қилиш учун керакли кўникмаларни беради. Биз бошқа соҳаларда ҳам бу каби имкониятларни кенгайтириш чораларини кўрамиз.

— Очиқлик, сўз эркинлиги ва диний эркинлик борасида Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳукумати қилган ўзгаришларни қандай баҳолаган бўлардингиз?

— Ўзбекистон президент Мирзиёев таърифлаётганидек Янги Ўзбекистонни қуриш томон муҳим қадамларни ташлади. Бу ўзгаришлар барча фуқаролар учун каттароқ иқтисодий имкониятларни яратади. Инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, қонун устуворлиги каби йўналишларда жиддий қадамлар ташланганини кўрдик. Лекин президентнинг ўзи ҳам таъкидлаганидек, ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Бундай дунёқарашнинг борлиги жуда муҳим. Қолаверса, бу дунёқарашни амалиётга татбиқ этиш масаласи.

Бугун президент билан суҳбатимизда оммавий ахборот воситалари эркинлиги учун кўпроқ шароитлар яратиш, бошқа давлатлардан келаётган дезинформацияга қарши курашиш, фуқаролик жамиятини кучайтириш, диний эркинлик бўйича эришилган ютуқларни яна ҳам мустаҳкамлаш ҳақида фикр алмашдик. Пахтачиликда мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам берилгани айниқса тарихий ютуқ бўлди. Ўйлайманки, Ўзбекистонда келажакка зийрак назар ва ўз белгилаган йўли бор. Биз бу йўлида Ўзбекистонга яхши ҳамкор бўламиз, деган умиддамиз.

Дониёр Тухсинов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Муҳиддин Нидо.

Top