16:58 / 06.03.2023
18439
Реклама

Бозорлардан замонавий чакана савдога: Makro мижозлар қалбига янги йўлни топмоқда

Фото: Makro

The Mag журналида Makro супермаркетларининг бошқарувчи директори Дмитрий Бованинг “Бозорлардан замонавий чакана савдога: Makro мижозлар қалбига янги йўл топмоқда” интервьюси чоп этилди. Унда янги топ-менежер тармоқ қандай ривожланиши, баъзи дўконлар нега ёпилгани, қачон ўзбекистонлик харидорлар бозорлардан супермаркетларга ўтишлари, шунингдек ким фреш ва ультрафреш маҳсулотлари етказиб берувчисига айланиши ҳақида гапириб берди. KUN.UZ суҳбатнинг энг қизиқарли парчаларини нашр этади.

Оммавий ахборот воситаларида бир нечта дўконларнинг ёпилгани ҳақида ёзишди. Нима учун?

Бу перспектива сари қўйилган қадам. Makro жуда тез кенгайди, лекин кўп ҳажмга таяниб хатога йўл қўйди. Аслида, компания саккиз турдаги дўкон форматига эга эди. Бундай юкни самарали бошқаришнинг деярли иложи йўқ, айниқса бозорни ривожлантириш босқичида. Агар сиз бир вақтнинг ўзида саккизта форматга, турли аудиторияларга, манзилларга ва ассортимент матрицаларига эътибор қаратсангиз, тенденцияларни кузатиб бориш қийинлашади. Сиз ўзингиз ишонадиган ва кенгайтира оладиган моделни ишлаб чиқа олмайсиз.

Ҳозирда биз янги жамоа йиғяпмиз ва кўпи билан икки форматга эътибор қаратишни режалаштирмоқдамиз. Барча ёпганларимиз потенциал қизиқиш доирасидан ташқарига чиққан эди. Режада – ташриф буюрувчиларнинг асосий эҳтиёжларига эътибор қаратишдир. Бу биринчи навбатда фреш ва ультрафреш: сабзавотлар, мевалар, гўшт, балиқ, сут – амал қилиш муддати 5-10 кунгача бўлган барча маҳсулотлардир. Биз тахминан олти ой давомида шундай ишлаймиз, компанияни барқарорлаштирамиз, унинг кучли томонларини аниқлаймиз ва бутун мамлакат бўйлаб кенгайишни бошлаймиз.

Фреш ва ультрафреш маҳсулотларни етказиб берувчилар маҳаллий бўладими?

Ҳа, асосан маҳаллий. Баъзилари қўшни давлатлардан. Аргентинадан оқ ангус ҳозирча бўлмайди.

Сиз ўз харидорингизни ўрганиб чиқдингизми? Унинг қандайдир портрети борми?

Компаниянинг форматлари ва географияси бўйича фокусдан чиққанлиги сабабли бизнинг ассортиментимиз ҳам ювилиб кетган ва бу аудиторияга ҳам таъсир қилган. Эътибор баққоллик, ичимликларга ўтди, шунинг учун бизга 35 ёшгача бўлган одамлар кела бошладилар, улар ҳозир тахминан 75% ни ташкил қилади.

Қоидага кўра, ташриф буюрувчилар дўконга фреш ва ультрафреш харид қилиш учун келишади. Бундан ташқари, бу ерда ва ҳозир аниқ афзалликларга эга бўлган ҳамма нарсани бир саватда сотиб олиш мақсадга мувофиқдир. Яъни одамлар вақтини тежайди, чегирмаларга эга бўлиб, ишончли сифатга эга маҳсулотларни харид қилишади. Бунда анъаналар билан қизиқарли боғланиш ҳам мавжуд: аслида, сиз бирон бир сотувчига ишонганингизда содиқ харидорга айланасиз ва узоқ вақт давомида ўз истагингизни ўзгартирмайсиз.

Сизнингча, Ўзбекистон харидорлари қачон бозорлардан супермаркетларга ўтишади?

Ҳозир Ўзбекистонда замонавий дўконларнинг улуши 6 фоизга яқин. Яъни замонавий чакана савдода юз сўмдан атиги олти сўм сарфланади. Масалан: Озарбойжон ва Туркия бозорларида замонавий чакана савдонинг улуши мос равишда 15% ва 30% ни ташкил қилади. Улар бир йилдан кўпроқ вақт давом этган эволюциядан ўтишди. Катта эҳтимол билан биз бу даражага 5-6 йил ичида эришамиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда барча замонавий чакана савдо 600-700 дўконни ташкил этади. 33 миллион аҳолига эга мамлакат учун бу жуда кам. Ўйлайманки, 2027 йилга бориб замонавий дўконлар 12-14 фоизни ташкил қилади.

Ўзбекистонда қачондир гипермаркетлар пайдо бўладими?

Пайдо бўлади. Айтганча, Makro 15 000 дона ассортиментга эга йирик супермаркетларни очишга уринган. Аммо бу ердаги истеъмолчилар ҳали бундай форматларга тайёр эмаслар. Cash and Carry дўконлари биринчи бўлиб пайдо бўлиши керак. Кичик чакана бозор ўсиб бориши билан одамлар у ерга келиб, кичик улгуржи харидларни амалга оширадилар. Бу Ўзбекистон учун муқаррар бозорнинг умумий ривожланиши.

Бу жараённи қандайдир тарзда тезлаштириш мумкинми?

Бунда бир нечта омиллар муҳим аҳамиятга эга. Биринчиси, ўртача иш ҳақининг ўсиши. Иккинчиси - давлатнинг регулятор сиёсати. Бозорлар ва кичик дўконлар бошқа қонунлар билан назорат қилиниши керак. Учинчи омил - янги ишлаб чиқарувчиларнинг келиши. Бозор ўсиб борса, маҳаллий ишлаб чиқаришни очадиган ва дистрибюторлар орқали ишламайдиган компаниялар кўпаяди. Воситачилар қанча кам бўлса, товарлар тезроқ етиб боради. Етказиб бериш сифати ва ассортименти, шунингдек, тармоқ ва ишлаб чиқарувчи ўртасидаги занжирнинг шаффофлиги яхшиланади. Иккала шерик ҳам кўпроқ маржага эга бўлади. Бу шуни англатадики, рекламага кўпроқ сармоя киритиш, янги меҳмонларни жалб қилиш, уларга қизиқарли реклама таклифларини киритиш ва ушбу меҳмонларнинг тармоқдаги конверсиясини ошириши мумкин.

Геосиёсий ўзгаришларни ҳисобга олсак, Ўзбекистонга кўпроқ янги етказиб берувчилар келишини кутиш мумкинми?

Албатта, ҳа. Россияни тарк этган ва Украина ҳудудида ишлай олмаган кўплаб ишлаб чиқарувчилар таъминот занжирларини қайта тиклашмоқда. Улар 200 миллионга яқин истеъмолчиларни йўқотишган ва янги бозорларни қидиришмоқда. Ўзбекистон ҳозир ана шундай бозорлардан бири. Бу ерда ҳар йили бойиб бораётган 35 миллион истеъмолчи бор. Иқтисодиётнинг реал секторлари бу ерга келади, одамлар иш билан таъминланади, маблағ жамғарилади, юқори сифатли хизматлар ва маҳсулотларни истеъмол қилина бошлайди. Аслида Ўзбекистон бозори – мовий уммон. Бу маркетинг тушунчаси. Қизил денгиз бор - бу юқори рақобатга эга бўлган тажовузкор шароитлар, у ерда сиз барқарор истеъмолчилар сони учун курашасиз ва тубдан ўсиб бўлмайди. Ўзбекистонда эса замонавий чакана савдода рақобат деярли йўқ. Истеъмолчилар маълум товарларга, маълум бир хизматга нисбатан етишмовчиликни ҳис қиладилар. Бир йил ичида икки ёки ҳатто уч баравар ўсиш мумкин. Бу жуда катта ва қизиқарли бозор ва бошқа мамлакатлардан келган ўйинчилар буни албатта кутишмоқда.

Маkrо’ни қандай ўзгартиришни режалаштиряпсиз?

Биринчидан, ичкаридан ўзгартирамиз. Уч ҳафта олдин бизда Кузатув кенгаши пайдо бўлди. Бу компаниянинг ривожланишини кўришга имкон берувчи орган. Кенгаш таркибига бир нечта мутахассислар киради. Мен сизга уларнинг иккитаси ҳақида айтиб бермоқчиман. Бу X5 Retail Group (Россиядаги «Пятёрочка», «Перекрёсток» ва «Карусель» тармоқларини бошқаради) кузатув кенгаши раисининг ўринбосари Пётр Демченков ва X5 Retail Group асосчиси бўлган Виталий Подолский. Улар нафақат Россия чакана бозорида катта тажрибага эгадирлар. Бу инсонлар бизга компаниянинг ривожланишини, бозордаги йўлини аниқлашга ёрдам беради.

Бугунги кунда Ўзбекистон бозори технология, дўкон формати, таъминот тузилмаси бўйича 2000-йиллардаги Россия ва Украина бозоридир. Бу ҳали ишлаб чиқарувчилар эмас, балки дистрибюторлар бозоридир. Кузатув кенгашимиз аъзолари бу йўлни босиб ўтишган. Муайян натижаларга эришишимиз учун қанча вақт ва қайси жамоага эҳтиёж борлигини тушунишади. Улар компанияларни бошқаришда катта тажрибага эгадирлар. Ўша X5 Retail Group ҳали йилни ёпмай туриб, аллақачон 30 миллиард доллардан ошган натижага эришишган. Бу Ўзбекистондаги бутун чакана савдо тармоғидан икки баробар кўпдир. Энди биз учун асосий нарса йўл танлашдир. Самурай каби. Бунда мустақил директорлар ёрдам беришади. Бу одамлар бозорни шакллантиришган, ўйин қоидаларини тушунадилар, Cash and Carry формати бозорда пайдо бўлиши учун қанча вақт кетишини биладилар, агар инсонлар ўз вақтларини пул билан қадрлай бошласа, дисконт концепциясини жорий қилиш мантиқийми ёки йўқми деган саволларга жавобларни биладилар. Керакли маҳсулотни ҳозир ва шу ернинг ўзида харид қилиш дискаунтерга тушишдан муҳимроқ бўладими? Улар буни кўришган, яратишган, шунинг учун уларнинг Кузатув кенгашимизда бўлишлари бебаҳо фойда келтиради.

Реклама

Top