15:51 / 08.03.2023
13115

Тошкентдан Москвага учган самолёт аэропортда 4 соат қолиб кетганига изоҳ берилди

«Внуково» халқаро аэропортига қўнган самолётда 210 йўловчи тўрт соат қолиб кетган.

Фото: Видеодан кадр

Uzbekistan Airways Москвадаги «Внуково» халқаро аэропортида Тошкентдан Москвага учиб борган самолёт бортида жанжал келиб чиққани юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, 7 март куни HY-601 Тошкент—Москва йўналишидаги авиақатнови ҳаво кемаси «Домодедово» аэропортининг об-ҳаво шароити (учиш-қўниш йўлагининг ҳолати хавфсиз қўнишни амалга ошириш учун зарур талабларга жавоб бермагани) сабабли «Внуково» халқаро аэропортига мажбурий қўнишни амалга оширган.  

HY-601 авиақатнови ҳаво кемаси сардори йўловчиларга йўналиш «Внуково» муқобил аэропортига ўзгаргани ҳақида маълумот берган. Об-ҳаво яхшилангани ва ҳаво кемаси «Домодедово» халқаро аэропортига учиб кетишга тайёр бўлганидан сўнг, экипаж парвозга тайёрлигини эълон қилган.

«Афсуски, ҳаво кемаси бортида аёл ўзини ёмон ҳис қилаётгани маълум бўлди, экипаж шифокорларни чақиришга мажбур бўлди, бу эса учиб кетиш вақти кечикишига таъсир қилди. Шу пайтда «Домодедово» халқаро аэропортидаги об-ҳаво яна кескин ёмонлашди ва бу кейинги кечикишга олиб келди», дейилади муносабатда.

Кейинчалик ҳаво кемасидаги барча 210 йўловчини «Внуково» халқаро аэропортига тушириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Uzbekistan Airways авиакомпания учун парвозлар хавфсизлиги юқори ўринда туришини эслатиб, келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилар ва уларни кутиб олувчилардан узр сўраган.

Top