11:42 / 10.03.2023
15847

Дунёнинг топ университетларини бошқараётган аёллар -  Ўзбекистонда ҳам аёл ректорлар борми?

Кўпчилик биладиган дунёнинг энг нуфузли университетларининг тўртдан бирида аёллар ректорлик қилмоқда. Ўзбекистонда олий таълим муассасаларини бошқараётган аёл ректорлар бор, лекин улар бармоқ билан санарли.

The (Тimes Higher Education) рейтингига кирган топ 200 та университетнинг қарийб тўртдан бир қисмида (48 тасида) аёллар раҳбарлик қилмоқда. Сўнгги йилларда дунёнинг энг яхши университетларига аёлларнинг раҳбарликка келиш ҳолатлари анча кўпайди. Бу кўрсаткич ўтган йилгидан 12 фоиз, 5 йил аввалгидан эса 41 фоизга юқорилаган. 5 йил олдин топ университетларнинг атиги 34 тасида аёллар ректорлик қилган.

АҚШ ва Германия топ университетларда раҳбар аёллар сони ошиши бўйича етакчи ўринларда. Германияда 5 та топ университетни аёллар бошқаряпти.

THE халқаро рейтинги маълумотларига кўра АҚШдаги нуфузли 58 та университетнинг 16 тасида аёллар раҳбарлик қилмоқда. Ўтган йили аёл раҳбарлар 13 нафар бўлган. Хусусан, Оксфорд университети, Массачусетс технологиялар университети, Пенсилвания университети, Бритиш Колумбия университетларини аёллар бошқаради.

Шунингдек Шарқий Осиё ва Ўрта Шарқда ҳам бу борада сезиларли ўзгаришлар бўлган. Гарчи олий таълим бошқарувида хотин-қизлар ролини оширишда сезиларли ўзгаришларга эришилган бўлса-да, ҳали тенгсизлик ҳам етарлича. Нуфузли университетлар жойлашган 27 та давлатда аёл ректорлар фаолият юритаётган бўлса, шундай ОТМ бор 12 та давлатдаги нуфузли ОТМлар раҳбарлари эркакларга ишониб топширилган.

Таълим бошқарувидаги аёллар қандай муаммоларга дуч келади?

Аёлларнинг таълим соҳасидаги улуши муаммосига халқаро миқёсда эътибор қаратилиши керак. 2018 йилда АҚШда ассистент профессорларнинг 53 фоизини, доцентларнинг 46 фоизини ташкил қилган. Бироқ улар тўлақонли профессорларнинг (full профессор) атиги 34 фоизини ташкил қилишган.

Маълум муддат Оксфорд университети проректори бўлган Луиза Ричардсоннинг қайд этишича, юқори мартабали аёлларга нисбатан медиа зўравонлиги юқори. Булар университетлар раҳбариятининг реал муаммосидир. Ижтимоий тармоқлар орқали қўрқитиш, безорилик, тажовуз, ўлим тилаш, ташқи кўриниш устидан кулиш ва аёлларга мос бўлмаган турли ҳақоратлар аёл раҳбарлар фаолиятига халақит беради.

«Токи биз хотин-қизлар қўрқувига сабаб бўладиган тролларни таг-томири билан йўқотмас эканмиз университетлар ва бошқа жамият институтларида аёл лидерлар камлигича қолаверади», дейди Ричардсон хоним.

Дарҳақиқат, ўтган ой Шотландия бош вазирлигидан кетган Никола Стержен ижтимоий ҳаётнинг шафқатсизлиги ҳақида тўхталиб, ижтимоий тармоқларда даҳшатли зўравонликларга дуч келганини гапирган. Шу йилнинг январида Янги Зеландия бош вазирлигидан кетган Жасинда Ардерннинг истеъфосидан сўнг ҳам кўпчилик унинг ижтимоий тармоқларда тез-тез ва ҳаддан ортиқ зўравонликларга учраганини тилга олди.

Аёллар бошқаруви борасидаги тўсиқлар ва хатарли муҳитга қарамай ҳам ижобий натижалар етарлича. Оксфордни ҳозир ҳам аёл ректор – Ирен Трейси бошқаряпти. Оксфордга нуфуз жиҳатдан тенг Буюк Британиянинг Кембриж университети бошқаруви ҳам июл ойидан бошлаб Дебора Прентис исмли аёл бошқарувчига ўтади.

Шунингдек, Клаудин Гей шу йил вазифасига киришиши билан Ҳарвард университетини бошқарадиган биринчи қора танли аёлга айланади.

Ўзбекистонда ҳам аёл ректорлар борми?

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотга кўра, Ўзбекистондаги 10 та давлат ва нодавлат ОТМни аёл ректорлар бошқаради. Жами давлат ва нодавлат ОТМ сони эса ҳозир 210 тага етган.

Аёл раҳбарлар бошқараётган ОТМлар:

  • Гулчеҳра Рихсиева 2020 йилдан буён Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори;
  • Атаниязова Орал 2020 йилдан буён Қорақалпоғистон тиббиёт институти ректори;
  • Чидем Жанбай Туркйилмаз 2021 йилдан буён Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ректори;
  • Дилноза Ходжаева 2021 йилдан буён Қўқон давлат педагогика институти ректори;
  • Гулнора Нурмуханова 2022 йилдан Turan international university ректори;
  • Зевар Юсупова 2023 йилдан Тошкент гуманитар фанлар университети ректори;
  • Динора Ишманова “Millat Umidi University” (Cambridge international) университети ректори;
  • Наргиз Раҳмонқулова Ренессанс таълим университети ректори;
  • Матлуба Амонова Бухоро инновацион тиббиёт институти ректори;
  • Мунира Аминова Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ректори вазифасини вақтинча бажарувчи.

Аёллар бошқараётган олий таълим муассасалари рейтинги қандай?

Аёллар раҳбарлик қилаётган 10 та ОТМдан 4 таси давлат олий таълим муассасалари ҳисобланади. Уларнинг рейтинги эса Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (ташкилот тугатилган) томонидан эълон қилиб келинган.

2022 йилги рейтингга кўра, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги ОТМ бўйича Гулчеҳра Рихсиева ректорлик қилаётган Тошкент давлат шарқшунослик институти саккизинчи ўринни эгаллаган. Қўқон давлат педагогика институти эса анча қуйи, 31-ўринни банд қилган.

Техника, технология, қурилиш, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги рейтингда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти қуйида, 18-ўринда қайд этилган.

Тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари рейтингида Қорақалпоғистон тиббиёт институти ҳам қуйи ўринни эгаллаган.

Top