11:06 / 22.03.2023
45876

Афғонистон ва Покистонда зилзила оқибатида қурбонлар ва вайронагарчиликлар қайд этилди

Зилзила ўчоғи жойлашган Афғонистоннинг ўзида уйлар вайрон бўлган.

Фото: Asia-Plus

21 март куни соат 21:47 да Ўзбекистон ва бошқа бир қатор давлатлар ҳудудида кучли зилзила содир бўлди. Ерости силкинишлари магнитудаси 6,5 дан 7,7 гача бўлган. Ер силкиниши сезилган барча мамлакатларда одамлар шошилинч равишда уйларини тарк этишди.

Кучли силкинишлар Покистон, Ҳиндистон ва Марказий Осиёнинг бошқа қатор давлатларида ҳам сезилган.

Зилзила Покистон пойтахти Исломобод, шунингдек, Лаҳор, Равалпинди, Кветта, Пешовар ва мамлакатнинг бошқа бир қанча шаҳарларида сезилди, дея хабар бермоқда «Анадолу».

Афғонистон билан чегарадош Сват минтақасида икки киши ҳалок бўлгани, 150 дан ортиқ киши жароҳат олгани хабар қилинган. Тўлиқ ва қисман вайрон бўлган бинолар мавжуд. Ҳалок бўлганлардан бири, 13 ёшли қиз уйидаги девор қулаган, деб хабар бермоқда Reuters.

Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Қуйи Дир туманида уй томининг қулаши оқибатида бир аёл ҳалок бўлди, 7 киши жароҳат олди. 

Исломободдаги айрим биноларда катта ёриқлар пайдо бўлган.

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф тегишли тузилмаларга юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларга тайёр туриш бўйича кўрсатма берди. Ҳозиргача жами 9 кишининг ўлими ҳақида хабар берилган. 

АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотларига кўра, зилзила эпицентри Афғонистон шимоли-шарқидаги Бадахшон вилоятининг Журм туманида бўлган. Унинг ўчоғи 187,6 км чуқурликда жойлашган. Афғонистон матбуотига кўра, силкинишлар кучи 6,8 баллни ташкил қилган. 

Афғонистонда зилзила Тахар, Бадахшон, Қундуз ва Панжшер вилоятларида ҳам кучли сезилган.

Афғонистон шимоли-шарқидаги Тахар вилоятида, дастлабки маълумотларга кўра, зилзила оқибатида камида 20 та турар жой биноси вайрон бўлган, деб хабар берди Aamaj News. 

«Манбаларнинг Aamaj ахборот агентлигига маълум қилишича, кучли зилзила натижасида Тахар вилоятининг Варсаж ва Калафғон туманларида 20 та турар жой биноси вайрон бўлган. Тахардаги зилзила қурбонлари ҳақида ҳозирча маълумот йўқ», дейилади хабарда. 

Аввалроқ агентлик Панжшер вилоятида кучли зилзила натижасида Дареҳ туманидаги Абдулла Ҳел қишлоғидаги учта турар жой биносига жиддий зарар етганини хабар қилган эди. 

«Ушбу ҳодиса оқибатида уч киши, жумладан, бир бола ва бир аёл тан жароҳати олди», — дейилади хабарда. 

Афғонистон табиий офатларни бошқариш вазирлиги вакили Шафиуллоҳ Раҳимийнинг айтишича, шарқдаги Лағман вилоятида икки киши ҳалок бўлган. 

Кобулда одамлар ваҳима ичида кўчаларга югургани айтилмоқда.

21 март, Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда рўй берган зилзила Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳам сезилди.

Республика сейсмопрогностик мониторинг маркази хабарига кўра, зилзила магнитудаси 6,6 бўлган. Зилзила эпицентри Тошкентдан 561 км жануби-шарқда.
Ўзбекистон ҳудудида сезилиш кучи: Сурхондарё вилоятида 5-6 балл; Тошкент шаҳри, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Андижон, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё, Навоий ва Бухоро вилоятларида 5 балл; Хоразм вилоятида 4-5 балл; Қорақалпоғистон Республикасида 4 балл.

Ер қимирлаши вертикал характерга эга бўлди. Тошкент шаҳрида ер қимирлаши давомли бўлди, қатор жойларда кўп қаватли уйда яшовчилар ва савдо марказларидаги одамлар кўчага чиқиб олишди.

Бундан ташқари, Қозоғистон жанубида зилзила кучи уч баллни ташкил этди, деб хабар берди Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сейсмологик экспериментал-услубий экспедицияси.

«Зилзила кучи ҳақидаги маълумот (МSК-64 шкаласи бўйича): Чимкент, Тараз, Олмаота, Туркистон вилояти – 3 балл», — дейилади хабарда. 

Қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълумот йўқ 

Маълумот учун, 2023 йил 6 февралида Туркия жануби-шарқи ва Сурия шимоли-ғарбида сўнгги ўн йилликлардаги энг вайронкор зилзила содир бўлди. Қурбонларнинг аниқ сони ҳозирга қадар маълум эмас, аммо Туркияда бу рақам 50 мингдан ошган.

Top