12:18 / 11.05.2023
24287

Паст Дарғомда маҳалла раисларини ўз ташаббусига овоз йиғишга мажбурлаган мансабдор лавозимдан озод этилди

Самарқанд вилоятида маҳалла раисларига «Менинг йўлим» ташаббусида овоз бериш бўйича ноқонуний топшириқ берган Паст Дарғом туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи лавозимидан четлатилди.

Фото: t.me/xushnudbek

Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи Тоҳир Қосимов ишдан олинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигидаги манбага асосланиб UzA хабар бермоқда.

Унинг ишдан кетиши маҳалла раисларига «Менинг йўлим»га овоз бериш бўйича ноқонуний топшириқ берган билан боғлиқ.

Самарқанд вилоят ҳокимлигида бугун ўтказилган йиғилишда Тоҳир Қосимов ишдан олингани айтилган. Шунингдек, йиғилишда барча раҳбарлар қатъий огоҳлантирилиб, президентнинг 2023 йил 10 апрелдаги қарори мазмун-моҳияти яна бир бора тушунтирилган.

Фото: t.me/xushnudbek

Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқларда Паст Дарғом тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи Тоҳир Қосимов «Менинг йўлим»га овоз беришда маҳалла раисларига босим ўтказгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Тарқалган скриншотларда кўриш мумкинки, телеграмдаги гуруҳдаги ёзишмаларда маҳалла раислари ўзларининг ташаббусига эмас, Тоҳир Қосимов танлаган лойиҳаларга мажбуран овоз йиғиши талаб этилган, бу талабни бажармаган маҳалла раисларининг «паттаси олиниши» билан таҳдид қилинган.

Шунингдек, 8 май куни журналист Фарҳод Норбўтаев ўз Telegram-каналида туман ҳокимлиги вакиллари маҳалла раисларини «Менинг йўлим» ташаббуси бўйича овози йиғиш ҳолати ҳақида ёзган.

«Ўз йўли қолиб, МФЙ раисларини мажбурий меҳнатга ундаган, дағдаға ва пўписа билан бошқа ҳудудга овоз беришга мажбурлаган бу валломатни ким раҳбар қилиб қўйган?! Отаси тенги одамларни ҳақоратлаш, халқ сайлаган маҳалла оқсоқолига «адашиб келиб қолган»га чиқариб, «эшик қаердалигини кўрсатиб юбориш»дан ҳам тап тортмаслик демократик тизим тамойилларининг қайси мезонига тўғри келади?» - дея саволлар қўйган у.

Ҳозирча Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот бермади.

Маълумот учун, 2023 йил 10 апрелдаги Президент қарорига биноан «Ташаббусли бюджет» доирасида бирор лойиҳага овоз беришга мажбурлаш мажбурий меҳнат сифатида баҳоланадиган бўлганди.

Top