17:46 / 20.05.2023
21146

Сурхондарёда даволаш муассасасида беморга куч ишлатган ИИБ ходимига жиноят иши қўзғатилди

ИИБ ходими даволаш муассасасига олиб борилган маст фуқарога у қўл-оёғи боғлиқ ҳолда ётганида куч ишлатган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Музработ тумани ИИБ ходими тиббий даволаш муассасасига олиб борилган беморга жисмоний куч ишлатгани тасвирланган видео тарқалди.

Видеода ИИБ ходими қўл-оёғи боғланган ҳолда юзтубан тарзда ётқизиб қўйилган беморга куч ишлатиб бўғгани, сўнг уни оғзини латта билан боғлаб ёпмоқчи бўлгани тасвирланган.

Вилоят прокуратурасининг хабар беришича, ИИБ ходимининг беморга куч ишлатгани тасвирланган видеолавҳа юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари якунланган.

Терговга қадар текширув натижасига кўра, 2023 йил 19 май куни Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Музработ тумани прокуратураси томонидан олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатларининг бориши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Аввалроқ, вилоят ИИБ ахборот хизмати видеолавҳа тасвирланган ҳолат юзасидан муносабат билдирганди.

Унга кўра, фуқаро маст ҳолда Музработ тумани Шаффоф маҳалласидаги хонадоннинг эшигини тепиб жанжал қилган. Шундан сўнг хонадон бекаси туман ИИБ навбатчилик қисмига мурожаат қилган. Тунги хизматга жалб қилинган ходим борганида фуқаро унинг қонуний талабларини бажармаган.

Шундан сўнг ИИБ ходими фуқарони мастлик ҳолатидаги шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб бориб жойлаштирган.

«Тиббиёт бирлашмасида ҳам даволанаётган беморларнинг тинчлигини бузиб, қонуний талабларга бўйсунмасдан, қўпол сўзлар билан ҳақоратлашда давом этган У.П.ни тинчлантириш мақсадида ИИБ ходими қатъий ҳаракат қилган. Ходимнинг ҳаракатлари юзасидан ҳозирда Сурхондарё вилоят ИИБ масъуллари томонидан хизмат текшируви ўтказилаётганлигини маълум қиламиз», дейилган эди вилоят ИИБ муносабатида.

 

Top