17:36 / 01.06.2023
24946

Чилонзорда кўп қаватли уйда ёриқлар пайдо бўлди. Аҳоли бошқа жойга кўчириляпти

Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани «Наққошлик» МФЙ, Наққошлик кўчаси 3а-уйда авариявий ҳолат юзага келди. 

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарига кўра, мазкур манзилдаги кўп қаватли уйда ёриқлар пайдо бўлган. Ҳолат туман ҳокими бошчилигидаги масъуллар ва ФВВнинг Тошкент шаҳар ва туман бўлими мутахассислари томонидан ўрганилгани айтилади.

«Ҳолат инсонлар саломатлиги ва ҳаёти хавфсизлигига таъсир қилишининг олдини олиш мақсадида фуқароларни бошқа манзилларга кўчиришга қарор қилинган», дейилади хабарда.

Ҳозирда ушбу хонадонларда яшовчи 104 нафар фуқародан 41 нафари, яъни 15 та оила бошқа манзилларда истиқомат қилувчи яқинларининг хонадонларига кўчиб ўтмоқда. 17 та хонадонда яшовчи 63 нафар фуқаро эса вақтинча турар жой билан таъминланди.

Айни пайтда мутасаддилар томонидан ушбу уй аҳолисини турар жой билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Чилонзор тумани «Наққошлик» МФЙ, Наққошлик кўчаси 3а-уй 1968 йилда қурилган бўлиб, унда жами 32 та хонадон мавжуд.

Top