10:47 / 14.06.2023
11169

ДХХ Хоразмда 1,3 млрд сўм талаб қилган йўл қурилиш ташкилоти бўлим бошлиғини қўлга олди

“Хоразм йўл қурилиш” МЧЖда бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи шахс 8500 квадрат метр ерга ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмасдан, асфальт ётқизиб бериш эвазига 48 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Видеодан кадр

ДХХ Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди.

“Хоразм йўл қурилиш” МЧЖда бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи шахс Хива туманидаги оилавий корхонага тегишли 8500 квадрат метр ер майдонига ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмасдан, асфальт ётқизиб бериш эвазига корхона раҳбаридан 1 млрд 306 млн сўм талаб қилиб, шундан 48 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Шунингдек, Давлат кадастрлари палатасининг Хива туман филиали ходими ўзининг қайнотаси номида бўлган 4000 квадрат метр ер майдони 2021 йилда харидорга нотариал тартибда сотилганлигини била туриб, гўёки ушбу ер майдонида унинг ҳам улуши бўлганлигини рўкач қилиш орқали, ерни сотиб олган фуқародан ўз улуши сифатида 60 минг АҚШ доллар талаб қилади. Ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пулни таниши орқали олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

Top