07:48 / 04.07.2023
7428

Ҳатай аҳолисига Ўзбекистон фуқаролари маблағи ҳисобидан сотиб олинган модулли уйлар топширилди

Туркиянинг Ҳатай провинциясида Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, ушбу мамлакатда меҳнат қилаётган фуқаролар ҳисобидан сотиб олинган ва жиҳозланган 57 та модулли уйларни провинция аҳолисига топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Instagram / izzettinyilmaztr

Тадбир давомида ўзбекистонлик дипломатлар жорий йил 6 февраль куни «аср фалокатини» бошидан кечирган турк халқига яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирди. Фожианинг биринчи кунидан бошлаб ўзбек халқи турк биродарларига ёрдам қўлини чўзишгани, Қурбон ҳайити арафасида мустаҳкам уй-жой қуришдан олдин ушбу масаланинг энг яхши ечими бўлган контейнерларни топшириш ўзаро қон-қариндошлик ришталарини яна бир карра тасдиқлагани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳатай провинциясини тиклаш, жумладан, яқин дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг яна бир ёрқин тимсолига айланадиган янги уй-жойлар ҳамда бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш борасидаги ташаббусига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон дипломатлари Овакент туманида яшаётган этник ўзбекларнинг саволларига батафсил жавоб берди. 

Top