16:30 / 07.07.2023
10125

“Миллий манфаатлардан келиб чиқиб келишилган” — энергетика вазири очиқланмаётган тарифлар ҳақида

Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон Россияга газ учун қанча тўлашини очиқлай олмаслиги, лекин нархни белгилашда миллий манфаатлардан келиб чиқилганини айтди. У, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича тендерсиз тузилаётган битимлардаги очиқланмаётган тарифларни “энг рақобатбардош, энг афзал, миллий манфаатлардан келиб чиққан ва қўшни давлатлар орасидаги энг арзон тарифлар” деб атади.

Тошкентда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги давом этмоқда. Ҳафталикнинг 7 июл кунги дастурида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳам иштирок этди. Kun.uz мухбири тадбир доирасида вазирга айрим саволлар билан мурожаат қилди.

Ўтган ойда “Газпром” билан имзоланган шартномага асосан, Ўзбекистон 1 октябрдан бошлаб Россиядан кунига 9 млн кубометр ҳажмда табиий газ импорт қила бошлайди. Мухбир энергетика вазиридан бу келишув бўйича газ қанча нархда сотиб олинаётгани ҳақида сўради.

“Нарх изоҳини бердик, миллий манфаатларимиз ва бозор конюнктурасидан келиб чиққан ҳолда нарх келишилди. Нархни ошкор қилолмаймиз, чунки бу – икки томонлама шартнома. Буни тушунтирганмиз. Умуман, шу йўналишдаги шартномаларни қарасангиз, бирор шартномада [нарх] очиқланмайди, лекин шуни айтишим мумкинки, миллий манфаатларни инобатга олган ҳолда рақобатбардош нархга келишилди”, – деди Мирзамаҳмудов.

Энергетика вазирлигининг 19 июндаги расмий ахборотида, “Газпром” билан келишувни тузишда, табиий газ нархи минтақадаги бозор нархлари асосида, шунингдек, республикадаги амалдаги нархлар ҳамда уларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, келишилган.

Жўрабек Мирзамаҳмудов бу баёнотда таъкидлаб ўтилган “республикадаги нархларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш” масаласига ҳам муносабат билдирди.

“Нарх бўйича ислоҳот қилмас эканмиз, эътибор берсангиз, генерация ва тақсимот линиялари, етказиб бериш бўйича ишлаяпмиз, лекин истеъмол жиҳатдан, энергия самарадорлиги жиҳатдан нархларни мувофиқлаштирмас эканмиз, биринчи ўринда, инвесторлар келмайди. Инвесторлар нега келади? Уларга тариф керак. Иккинчидан, истеъмол самарадорлигини оширишимиз керак. Шунинг учун албатта бу бўйича ишлаяпмиз, таклиф киритяпмиз”, – деди у.

Бозор нархлари асосидаги тарифларга ўтиш шу йил рўй беришими мумкинми, деган мазмундаги саволга Мирзамаҳмудов: “Муҳокама кетяпти. Бизга қанча тез бўлса, шунча яхши, албатта”, дея жавоб берди.

Энергетика вазирлиги раҳбари сўнгги вақтларда қайта тикланувчи энергия манбаларини яратиш бўйича лойиҳалар Хитой компанияларига тендерсиз берилаётгани, бу кейинчалик муайян сиёсий оқибатлар яратиши мумкинлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

“[Фақат] Хитой билан дейиш нотўғри. Сабаби, тўғридан тўғри музокаралар [нафақат] Хитой компаниялари, [балки, Саудия Арабистонининг] ACWA Power, [Франциянинг] Total Eren, [БААнинг] Masdar компаниялари билан ҳам кетяпти. Бу ерда [лойиҳаларни] иккига бўлишимиз керак. Тўғридан тўғри музокаралар ва тендер. Охирги тендерни кўрдингиз, қанча вақт кетди. Қачон лойиҳа ишга тушади? Тарифни кўрдингиз, 3,5 цент нарх билан Masdar компанияси тендерда ғолиб чиқди. Мана шуни айтмоқчиманки, биз [Хитой компаниялари билан] келишган нархлар бундан анча паст.

Тўғридан тўғри музокаралар бўлгани учун лойиҳани амалга ошириш муддатини аниқ бир муддатга қисқартиришга эришдик. Февралда музокаралар бошлаган бўлсак, март ойида дастлабки келишувга эришдик. Май ойида президент қарори чиқди, ҳозир майдонда қурилиш ишлари бошланди. Бухоро ва Қашқадарёда Хитой компанияси 200 MWдан 400 MWгача қувватни жорий йил якунига қадар ишга тушириш мажбуриятини олди. Ёки ACWA Power'ни айтсак, 100 MW қувватни йил якунига қадар Тошкент вилояти Қибрай туманида ишга туширади”, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Ҳукумат аъзоси тўғридан тўғри музокаралар орқали келишилган тарифларни очиқлай олмаслиги, лекин бу тарифлар охирги тендерлардаги нархдан арзон эканини билдирди.

“Тендердаги нархлардан арзон бўлади. Тўғри тушунишингизни хоҳлардим, тарифни очиқлай олмаймиз. Сабаби бошқа музокаралар ҳам кетяпти. Шартноманинг икки тарафи бор: инвестор ва биз. Биз иккинчи томон билан ошкора қилмасликка келишганмиз. Шу бўйича нарх ва айрим жиҳатларни очиқлашга йўл қўйилмайди. Сабаби улар бошқа давлатларда ҳам ишлайди, бошқа жойларга ҳам инвестиция киритади.

Шуни айтиш мумкинки, биз келишаётган нархлар – энг рақобатбардош, энг афзал, миллий манфаатлардан келиб чиққан ва қўшни давлатлар орасида ҳам энг арзон тарифлардир”, – деди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Top